Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:08

"Пешона теримизни сўраяпмиз, холос" – коронавирусга қарши курашган шифокорлар пулини ололмаяпти


Ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари ҳукумат қарорлари бажарилмаётганидан шикоят қилмоқда
Ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари ҳукумат қарорлари бажарилмаётганидан шикоят қилмоқда

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Озодликка келаётган шикоятларга кўра, коронавирусга қарши курашаётган кўплаб тиббиёт ходимларига ҳукумат ваъда қилган иш ҳақи ва рағбатлантириш пуллари берилмаяпти.

Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги Ковид маркази врач – ҳамшираларининг айтишларича, уларга август-октябрь ойлари учун "бир сўм ҳам иш ҳақи тўланмаган".

Наманган вилояти Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “тез ёрдам” бўлими ходимлари ҳам президент қарорида кўрсатилган иш ҳақи берилмаганидан шикоят қилишмоқда.

Шунингдек, Қарши шаҳри КТМП поликлиникаси, Жиззах шаҳри Ковид маркази, Фарғона шаҳри 2-сонли провизор шифохонаси, Андижон вилояти Избоскан тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳам коронавирусга чалинганларни даволашда қатнашган, аммо рағбат пулларини ололмаётир.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бу ҳолатларга муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси Моҳигул Полвонованинг айтишича, уларнинг икки ойлик маош ва рағбат пуллари берилмаган.

Уч ойдан буён маошсиз ишлаб жуда қийналиб кетдик.  

- 20 августдан 20 октябргача Ковид марказида 12 соатдан кунора ишладик. Бухгалтеримиз менинг ишлаган кунларимни компютердан кўрсатди, 17 миллион сўм иш ҳақим бор экан. Уч ойдан буён маошсиз ишлаб, жуда қийналиб кетдик. Норозилик билдириб, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлигигача мурожаат қилдик. Лекин пулдан дарак йўқ.

Касалхона санитаркаси Анор Ибрагимованинг айтишича, Ковид марказидаги уларнинг ҳар бир иш кунига 330 минг сўмдан маош ваъда қилинган эди:

Бола-чақамизни таваккал қилиб, касаллар билан ишладик.

- Тиббиёт бирлашмаси бухгалтери Тўраев Мухторнинг олдига бориб сўраганимизда бир ойлик маошларинг 10 миллион сўм бўлади, шуни 30 кунга бўлсак, 330 минг сўмдан тушади, деган эди. Бола-чақамизни таваккал қилиб, касаллар билан ишладик. Лекин ойлик йўқ. Яхшиям ўғлим чет элда ишлаяпти, бўлмаса оч қолардик.

Касалхона бош врачи Ёқуб Шоназаров Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Ҳукумат қарори бажарилмади, айтилган пул берилмади

Нишонлик ҳамкасбларининг муаммосидан фарқли ўлароқ, наманганлик “тез ёрдам” ходимлари ҳукумат қарорида кўрсатилган рағбат пулини ололмаганликларини айтишади.

Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “тез ёрдам” бўлимининг исми сир қолишини сўраган врачига кўра, ҳукуматнинг "тез ёрдам"чиларни рағбатлантириш ҳақидаги биронта ҳам қарорининг ижроси таъминланмаган:

Лекин афсус, минг афсус, ҳукуматимизнинг қарори ҳавода қоооп кетди.

“Аввал иш ҳақига 6 фоизлик қўшимча берилади, деган ҳукумат қарори чиқди, берилмади. Кейин ҳукуматимизнинг “Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида” 20 июлдаги қарорига мувофиқ врач ходимларга – 2,5 млн, ўрта тиббиёт ходимларига – 1,5 млн ҳайдовчиларга – 1,0 млн сўм рағбатлантириш тўланиши керак эди. Биз ҳам жуда хурсанд бўлган эдик, чунки ковид юқтирган одам билан энг аввало биз учрашамиз. Лекин афсус, минг афсус, ҳукуматимизнинг қарори ҳавода қоооп кетди. Бундан ҳам бир сўм берилмади. Фақат, ношукурлик бўлмасин, Қурбон ҳайитида Алишер Усмонов ажратган пулдан бўлиб берилди”.

Врачнинг айтишича, Чортоқ туманига 6 та тез ёрдам бригадаси кечаю кундуз хизмат кўрсатади. Аммо уларнинг бирортаси ҳам ҳукумат қарорида кўрсатилган рағбат пулини олмаган.

Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Баҳодир Содиқов Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Озодликка келган шикоятлар

Озодликнинг Телеграм каналига келган шикоятлардан маълум бўлишича, бундай ҳолат фақат Қашқадарё ва Наманганда эмас.

САМАРҚАНД - “Жорий йил 24 августдан 24 октябргача Самарқанд шаҳридаги Rовид беморларини тақсимлаш ва даволаш марказида ишлаганмиз, лекин маошимизни ололмаяпмиз. Шу масалада амалий ёрдам сўраймиз”.

ҚАРШИ - “Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри КТМП поликлиникаси ходимлари номидан мурожаат йўллаяпмиз. Карантин вақтидан буён ҳозиргача ковид беморлари билан бевосита контактда бўлиб, мобил гуруҳда ишлаб келамиз. 24 соат навбатчиликда турдик. Лекин бизга рағбат пули ҳам, 6 % лик устама ҳам тўланмаяпти. Иш давомида бир неча врач ва ҳамшира ковидга чалинди. Билишимизча, рағбат пулини кечаю кундуз ишлаганлар бир четда қолиб бош шифокорлар олган. Бу адолатсизлик эмасми? Биз садақа сўраётганимиз йўқ, ўз ишлаган ҳақимизни талаб қиляпмиз”.

ЖИЗЗАХ - “Жиззах шаҳри Ковид марказидан сентябрь ойи қўшимча пулимизни ололмаяпмиз. “Отангга бор, онангга бор” деб сарсон қилишяпти. Пешона теримизни сўраяпмиз, холос”

ФАРҒОНА - “Фарғона шаҳри 2-сонли провизор шифохонаси (ковид маркази) ходимларига ойлик ўз вақтида берилмаяпти. Сентябрь маошининг фақат ярми тушди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатга эътибор қаратишини сўраймиз”.

АНДИЖОН - “Андижон вилояти Избоскан тумани тиббиёт бирлашмасидан ёзмоқдамиз. ТТБ бошлиғи ковид беморларига қараган ходимларни рағбатлантиришда таниш-билишчилик қилаётгани ҳақида ёзгандик. Шундан кейин рағбатлантириш бўйича рўйхат зудлик билан ўзгартирилди, изларни босишга уринишди. Аммо ҳалигача ҳақдор бўлган ходимларга рағбат пули тўлаб берилмади”.

Озодлик тиббиёт ходимларининг бу иддаоларига муносабат олиш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳмати Фурқат Санаев билан боғланди. Санаев мажлисда эканлигини айтиб, кейинроқ боғланишимизни сўради. Аммо у Озодликнинг бошқа қўнғироқларига жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG