Қашқадарё вилоят, Косон туманидаги 6-мактабнинг 11-синф ўқувчиси 4 декабрь куни ўз жонига қасд қилгани тўғрисида Озодликка хабар қилган ўқитувчиларнинг айтишича, қизнинг сумкасидан дори ва видолашув мактуби топилган.
Қизнинг онаси ва ўқитувчиларнинг иддао қилишича, мактабга чақиртирилган “Тез ёрдам” врачларини директор ичкарига киритмаган. Онаси қизини Қарши шаҳридаги касалхонага олиб бориб, ошқозонини ювдирган.
Синф раҳбари ўқувчи қизнинг дори ичганини инкор қилмоқда.
Озодлик ноябрь ойида эълон қилган учта мақоласида, Косон тумани 6-мактаб ўқувчиси Н.Б. 15 ёшида фарзанд кўрганлиги, бу ҳолатни мактаб раҳбарияти яшириб келгани, бола бошқа шахсга ноқонуний бериб юборилгани, туман ИИБ балоғат ёшига етмаган шахс билан жинсий алоқа қилганликда асосий айбдорлар қолиб, бошқа одамга айбни юклагани ҳақида ёзган эди.
Косон туманидаги 6-мактабнинг 11- синф ўқувчиси Н.Б. 4 декабрь куни ўз жонига қасд қилганини, шу мактабнинг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бири айтди:
Директор дўхтирларга бу ёлғон чақирув бўлган деб қайтариб юборди.
“Ўқувчи қизнинг мазаси қочиб қолганини ҳамшира қиз уни директор хонасига етаклаб олиб кетаётганида кўриб қолдим. Ўқитувчилар тез ёрдам чақирибди, директор дўхтирларга бу ёлғон чақирув бўлган деб қайтариб юборди. Ўқитувчилар қизнинг сумкасини очиб кўришганда унда дорилар ва видолашув хати чиқибди. Қиз жонига қасд қилиб дори ичган экан. Кейин онаси келиб уни духтурга ўзи олиб кетди”
Озодликка ўқитувчилар расмга олиб юборган, Президент ва Республика Хотин қизлар қўмитасига ёзилган Н.Б.нинг видолашув хатида жумладан бундай дейилган:
Дунёни юқоридагиларга совға қилиб кетмоқчиман.
“Мен ёш бошимда бир эмас, бир неча маротаба алданиш тақдиримда бор экан деб яшаб келдим. Аммо туман раҳбарлари ўз мансаби йўлида такрор-такрор туҳматлар, бўҳтонлар қилиб ўз жонимга қасд қилишимга мажбур қилишди. Шу сабабдан мени деб айбсиз айбдорлар жазоланиб, айб қилганлар бир четда томошабин бўлиб қолмоқда. Туман ИИБ терговчиси Нодир Муродов бошчилигида ёлғон маълумотлар остида директоримиз О.Давронова билан менга туҳмат-бўҳтон уюштириб, тазйиқ ҳолатларга келтириб ташлади. Директор О.Давронова каби мансаби учун ёлғонлар остида.... дунёни юқоридагиларга совға қилиб кетмоқчиман”
Видолашув хатини Н.Б. “бу шикоятни ўқиётганингизда мен бўлмайман” деб тугатган.
Қизнинг онаси Назокат Равшанованинг Озодликка айтишича, у мактабга етиб келганида қизини топа олмаган:
Давронованинг хонасида қизим ранглари оқариб, оғзининг бир томони қийшайиб қолибди.
- Мактабга борсам директор Озода Давронова қизимни менга кўрсатишмади, поликлиникага олиб кетишган деди. Кейин мен маҳалла комитетига бориб, участкавойни ҳам чақиртирдим. Кейин яна мактабга келдим. Давронованинг хонасида қизим ранглари оқариб, оғзининг бир томони қийшайиб қолибди. Ҳушсиздек бўлиб менга ёпишди. Ҳамшира ҳам, директор ҳам, синф раҳбари ҳам, туман халқ таълими бўлими мудири Сойиб Даведов ҳам ўша ерда эди”.
Назокат Равшанованинг айтишича, қизига тиббий ёрдам кўрсатилмагани учун унинг ўзи касалхонага олиб кетган:
- Участкавойни машинасида қизимни поликлиникага олиб келдим. Участкавой туширдию, қайтиб кетди. Поликлиникага кирсам, бугун уларнинг байрами эканми, фаррошдан бошқа ҳеч ким йўқ. Кейин қизимни олиб, Қаршидаги касалхонага олиб кетдим. У ерда қизимни ошқозонини ювишди, укол қилди. Бир-икки соатдан кейин қизим сал ўзига келди ва қайтиб уйга келдик.
Н.Б.ни машинасида поликлиникага олиб борган участка нозири ёрдамчиси Шуҳрат Маманазаров ўқувчи қиз ҳақида сўрашимиз билан алоқани узиб қўйди.
Н.Б. ўз жонига қасд қилишига нима сабаб бўлганини Озодликка айтар экан, йиғлаб бундай деди:
Директор менга қўлларини мушт қилиб, нимага дори ичасан, мени ишдан кетказмоқчимисан деб бақирди.
- Терговчи Нодир Муродов фақат мени сўрайди. Кундаликларимни, дафтарларимни синф раҳбарим олиб чиқиб кетади. Фақат сени орқангдан юраманми, деб менга бақиради. Ҳаётдан тўйиб кетдим. Аямнинг дориларини мактабга олиб келиб ичдим. Дарсда ярим соатдан кейин бошимни кўтаролмай қолдим. Кейин ҳамширани чақиришди. Бир вақт қарасам директорнинг хонасида ётган эканман, қандай олиб келишганини билмайман. Директор менга қўлларини мушт қилиб, нимага дори ичасан, мени ишдан кетказмоқчимисан деб бақирди. Ётганимда халқ таълими мудири келди. У кимгадир ҳоким бова деб телефон қилди, ҳеч қаерга чиқарманглар, овози чиқмасин деган овозлар қулоғимга чалинди. Хатни эса кеча уйда ҳамма ухлаб қолганидан кейин ёзган эдим. Нодир Муродов ҳадеб менга туҳмат қилаверади, тинчлик бермайди, жонимдан тўйиб кетдим.
Бу оилага оид Озодлик хабаридан кейин Дарё.уз сайти мухбири суриштирув ўтказиб, ички ишлар бўлими терговчиси Нодир Муродов билан суҳбатлашган ва терговчи қиз билан учта шахс жинсий алоқа қилганлиги ва А.Ж. боланинг биологик отаси эканлигини айтган эди.
Аммо Н.Б. уни фақат бир киши, яъни қўшниси Б.Б. зўрлагани, лекин унинг поччаси ҳокимликда ишлагани учун расмийлар бу ишни бировга тўнкаб, асоссиз равишда жиноят ишини ёпганлигини даъво қилиб келади.
Н.Б. фикрича, терговчи уни асоссиз равишда уч шахс билан жинсий алоқа қилган деб матбуотга маълумот бериб, шаъну-қадрини яксон қилган.
Озодлик ИИБ терговчиси Нодир Муродов билан боғлана олмади.
Косон туман ички ишлар бўлими навбатчиси ўз жонига қасд қилиш бўйича 4 декабр куни хабар тушмаганини айтди.
6-мактаб директори Озода Давронова Озодликнинг қўнғироқларига жавоб бермади.
Ўқувчи қиз синф раҳбари Моҳира Жонқувватова ўқувчи қизнинг дори ичганини инкор қилди ва терговчи томонидан унинг кундаликлари сўралганини тасдиқлади.
Ўқувчи қизнинг дори ичганини инкор қилган Моҳира Жонқувватова Косон туман халқ таълими бўлими мудири 4 декабрь куни шу воқеа муносабати билан мактабга чақиртирилганини айтди.
Аммо Косон туман халқ таълими бўлими мудири Сойиб Давидов Озодликнинг, “бугун 6-мактабда бир воқеа бўлган экан” деган саволини эшитиши биланоқ, мудир “нима воқеа экан” деб сўраш ўрнига бирданига “ҳеч қандай воқеа бўлмаган”, деди.
“Ўқитувчилар сизни мактабда, директор хонасида кўрганини айтишдику”, деган иккинчи саволга, Сойиб Давидов “мен бугун 6-мактабга борганим йўқ”, деб жавоб берди-да алоқани узиб қўйди.