Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:39

Андижонда кўмир олиш ур-йиқитга айланмоқда


Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида кўмирга навбат
Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида кўмирга навбат

Озодликка мурожаат қилган андижонликларга кўра¸ айрим туманларда кўмир олиш учун ур-тўполон авжга чиқмоқда, ҳатто милиция ходимлари ҳам навбатни тартибга келтира олмаяпти. Баъзи туманлардаги тармоқларда эса якка тартибдаги харидорларга кўмир сотилмаяпти.

Озодлик гаплашган андижонликларнинг айтишича, айни кунларда вилоят туманларининг кўмир сотадиган тармоқларига Ангрен ва Қозоғистон кўмири келтирила бошланган.

Суҳбатдошларга кўра¸ Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати бирдан совиб¸ қор ёғаётгани учун кўмирга харидорлар ҳам кўпайган ва кўмир устида талаш бошланган.

Асакадаги омборда кўмирга навбат
Асакадаги омборда кўмирга навбат

Озодликка Телеграм ижтимоий тармоғи орқали боғланган асакаликлардан бири кўмир учун навбат кутаëтганлар орасида чиққан тўполонни милиция ходимлари ҳам тартибга сола олмаганини ëзади.

“Ун заводи олдида жойлашган кўмир складида бир неча кундан буён ур-тўполон. “Асакадон”ни мелисалари ҳам эплай олмаяпти. Участковой эса қочиб кетган. Ҳар куни 100-150 одам кўмир олиш учун келади. Ким уддабуронлик қилса, бир-икки сўм устига пул берса¸ ўша кўмир олаяпти. Қолганлар эса жанжал қилаяпти”, деб ëзди асакалик манба.

Унинг билдиришича¸ Асакадаги омборхонада икки хил кўмир сотилмоқда.

“Ангреннинг кўмири бор, тоннаси 140 минг сўмдан. Кейин Қозоғистон кўмири бор, унинг тоннаси 240 минг сўм, лекин омборчи 250 минг сўмдан сотаяпти. Одамлар, асосан, қозоқ кўмирини олаяпти, чунки Ангрен кўмири қум бўлиб қолган, яхши ёнмайди. Қозоқ кўмирининг йиригини кечқурун ҳамма кетгандан сўнг тоннасини 400 минг сўмдан сотишаяпти. Экскаватор юклаб бергани учун ҳар чўмичидан яна 10 минг сўмдан олаяпти. Энг қизиғи шундаки, экскаваторнинг бир чўмичини бир тонна деб ҳисоблашяпти, кўмир тарозида тортилмаяпти”, дейди манба.

Қўрғонтепа туманидаги кўмир омбори
Қўрғонтепа туманидаги кўмир омбори

Вилоятнинг Қўрғонтепа туманидаги омбордан кўмир сотиб ола олмаган Абдувосит якка тартибда борган харидорга кўмир сотилмаëтганини айтади.

“Бизнинг туманда кўмир олиш учун қоғозбозлик қилиш керак экан. Маҳалладан справка олиб келмасангиз¸ Ангрен кўмирини сотмаяпти. Уларнинг айтишларича, кўмир олиш учун кўмирхонага маҳалла посбонлари келиб туриши керак экан, улар эса келмаяпти. Бир ўзимиз борсак бермаяпти. “Ўн киши бўлиб келинглар, ўн тоннани бирданига оласизлар, кейин ўзларинг бўлиб оласизлар”, деяпти. Об-ҳаво ҳар куни совиб борсяпти, биз эса кўмир ололмай сарсонмиз”, дейди Абдувосит.

Қўрғонтепа туманидаги кўмир омбори
Қўрғонтепа туманидаги кўмир омбори

​2012 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси аҳолини давлат томонидан белгиланган арзон нархда кўмир билан таъминлашга оид дастур қабул қилган эди.

Бу дастурда мамлакат аҳолисини қиш пайтида Ангренда қазиб олинган кўмир билан таъминлаш назарда тутилган эди.

Андижоннинг Марҳамат тумани Шукурмерган қишлоқ фуқаролик йиғини ҳудудида яшовчи пенсионер Шариф ака ҳозирга қадар давлат ваъда қилган арзон кўмир ола олмаганини айтади:

- Мана бизга ҳам ҳар йили арзон кўмир билан таъминлаймиз деб, ваъда беришади. Лекин кўмирдан дарак йўқ. Куни-кеча эса маҳалламиз кўчабошиси қозоқ кўмири бор, тоннаси 300 минг сўмдан, хоҳловчилар айтсин, деб телефон қилди. Лекин биз пенсионерларнинг у кўмирни сотиб олишга кучимиз етмайди. У ёқ¸ бу ёқдан ўтин топиб, қишни ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз, дейди Шариф ака.

Олтинкўл туманида яшовчи ўқитувчи-пенсионер Омадбек ака, ўз ҳудудида маҳалладан берилган маълумотнома билан Ангрен кўмирини эркин сотиб олиш имкони борлигини айтади:

- Бизда Ахтачи деган жойда кўмир склади бор. Ўша ердан кеча укам ўзига ва икки ўғлининг хўжалигига тўрт тонна олиб келди. Тоннасини 146 минг сўмдан олибди. Маҳалладан справка олиб борган эди. Бу йил ўтган йилларга нисбатан таъминот анча яхши, деди Омадбек ака.

Озодлик мухбири аҳолини кўмир билан таъминлаш билан боғлиқ шикоятларга муносабат олиш мақсадида вилоят ҳокимлиги билан боғланди. Ўзини таништирмаган ҳокимлик мулозими Озодлик радиоси деган сўзни эшитиши билан гўшакни илиб қўйди.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бир йилда 3 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олади, бу миқдорнинг 85 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланади.

XS
SM
MD
LG