Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:44

IT-экспертлар: Kundalik.com 6 млн мактаб ўқувчисининг шахсий маълумотларини хавф остига қўяди


Халқ таълими вазирлиги Россия ширкати билан биргаликда йўлга қўйган Kundalik.com - электрон кундалик тизими Ўзбекистондаги 6 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчиларининг шахсий маълумотларини хавф остига қўйиши мумкин.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон IT соҳаси мутахассислари ҳамда мустақил экспертлар ижтимоий тармоқларда бу борада билдирилаётган хавотирларнинг асоссиз эмаслигини айтишди.

Ўзбекистон IT тизимидаги юқори мартабали мулозим эса лойиҳа ортида "катта бизнес" турганини иддао қилди.

Халқ таълими вазирлиги расмийлари эса электрон кундалик бўйича барча маълумотлар "Ўзбектелеком" серверларида сақланиши ва уларнинг учинчи қўлга ўтмаслигига кафолат бермоқда.

Ўзбекистондаги мавжуд 1200дан ортиқ мактабларда қоғоз кундаликлардан воз кечилиб, унинг электрон муқобили Kundalik.com жорий этилмоқда.

Тошкентдаги 55та мактабда бу тизим йил бошидан йўлга қўйилган. Қолган мактабларда эса янги йилдан электрон кундаликка ўтилади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ушбу тизим Россиянинг Дневник.ру ширкати билан ҳамкорликда йўлга қўйилаётганини маълум қилган.

Электрон кундлик тизимидан фойдаланувчилар йиллик обуна учун 9200 сўмдан тўлашлари керак бўлади.

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида йўлга қўйилган.

ХТВ расмийлари ушбу тизим орқали ота-оналар масофадан туриб фарзандларининг билим олиш даражасини назорат қилиб боришлари, ўқитувчилар эса, қоғоз журнални тўлдирадиган вақтини ўзи ва ўқувчи устида ишлашга сарфлаши мумкинлигини айтишмоқда.

Аммо айрим ота-оналар ва IT соҳаси мутахассислари Ўзбекистондаги 6 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчисининг шахсий маълумотлари чет эл хусусий ширкати қўлига ўтиб кетишидан хавотир билдиришмоқда.

"Нега Ўзбекистоннинг 6. 119. 440 нафар келажаги, ақлий-илмий ресурси ҳисобланган ўқувчиларининг шахсий маълумотларини хусусий фирма бошқарувига бериб қўйилди? Бутун 6. 119. 440 инсоннинг маълумотлари базасининг хавфсизлигига ким кафолат беради?, - деб ёзди Telegram канали фойдаланувчиларидан бири.

Халқ таълим вазирлигига саволлар

Қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги энг йирик онлайн таълим платформасига айланиб улгурган Kundalik.com борасида IT мутахассислари билдираётган хавотирларга блогер Нурбек Алимов ҳам қўшилади.

Kundalik.com"нинг асосий улуши Россиядаги ҳусусий ширкатга тегишлилигини таъкидларкан чет эл компаниясининг қўлида 6 млн ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг маълумотлар базаси йиғиладими? Нега Ўзбекистоннинг 6.119.440 нафар келажаги, ақлий-илмий ресурси ҳисобланган ўқувчиларининг ШАХСИЙ маълумотларини чет эл хусусий фирмасининг бошқарувига бериб қўйдингиз?

Маълумотлар мактаб ходимларига, таълим органларига, Кундалик компанияси ходимларига ва шахсий маълумотларсиз учинчи томонларга берилиши мумкин. Учинчи томонлар реклама берувчилардир. Улар Kundalik.com фойдаланувчиларига ўзларининг маҳсулотлари ва хизматлари ҳақида, бизнинг форматимизга мос келадиган формат, мавзу ва аудитория ёши бўйича маълумот беришлари мумкин. Яъни компаниянинг асосий улуши чет эллик компанияларга тегишли бўлган ҳолда бундай маълумотлар хавфсизлиги қандай таъминланиши мумкин?,

6.119.440 ўқувчи * 9200 сўм = 56 298 848 000 сўм (56 млрд сўм ёки 5 405 626 доллар). Бу ҳисоб китобда коррупция, откат деган нарсалар йўқми? Бу харажатларни калкуляция сметасини халқ кўрса, билса бўладими? Менимча йўқ, чунки бу хусусий бизнес.

Шаффофлик, очиқлик деган гаплар бор эди. Сервер Ўзтелекомники экан, нарҳи шунчалик қимматми? Дневник.ру тендерда қатнашганми? Ушбу саралашда яна қайси компаниялар қатнашган? Қандай сараланган?

Шунча даромад қилса бўлар экан нега шу ишни давлат амалга оширмади?

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги 26 ноябрь куни Телеграмдаги Alimoff каналида кўтарилган бу саволларга ҳозиргача жавоб бергани маълум эмас.

Россиянинг Дневник.ру ширкати матбуот хизмати ходими 25 ноябрь куни Озодлик саволларига жавоб бериш учун қўнғироқ қилишларини айтди, аммо ҳозиргача расмий жавоб келгани йўқ.

"Рақамли тоталитаризм"

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш агентлигида ишловчи, юқори мансабли IT мутахассиси Озодлик билан суҳбатда бу хавотирларнинг асоссиз эмаслигини тасдиқлади.

Айни пайтда у лойиҳа ортида "катта бизнес" турганини иддао қилди.

"Рақамли тоталитаризм" дейилади бу. Бунинг ортида катта бизнес турибди. Бундан манфаатдорлар бор. Айниқса, таниқли одамларнинг фарзандлари ҳақидаги маълумотлар ҳақида гап кетса. Потенциал истеъмолчилар ҳақидаги маълумот маркетингчилар учун жуда қийматли. Ахир, бу ерда 6 миллиондан ортиқ боланинг исми, фамилияси, ота-онаси, синфи, мактабининг манзили, мактабдан қачон чиқиши ва қаерга борши ҳақидаги маълумотлар жамланган. Уни қайси ўқитувчи орқали сўраш мумкин ва ҳоказо маълумотлар. Тизимдаги бу маълумотлар бир хусусий ширкатнинг қўлига ўтар экан, манипуляция қилиниши тайин", - дейди юқори мартабали мутахассис.

IT мутахассисга кўра, тизим ҳусусий ширкат қўлида экан, маълумотлар учинчи қўлга ўтиб кетмаслигига кафолат йўқ.

"Миллионлаб киши учун очиқ бўлган сервер ҳақида гап кетяпти бу ерда. Маълумотлар мактаб ходимлари, таълим органлари, Кундалик ширкати ходимлари учун очиқ. Бу тизим ҳусусий ширкат қўлида экан ва нияти пул қилиш экан, ундаги маълумотлар учинчи томонларга берилиши турган гап".

"Хавотирга ўрин йўқ"

Айни пайтда Халқ таълими вазирлиги ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг шахсий маълумотлари ҳамда мамлакатнинг ахборот хавфсизлиги борасида хавотирларга ўрин йўқлигини таъкидламоқда.

Вазирликнинг исми очиқланишини истамаган ходими Озодлик билан суҳбатда барча маълумотлар "Ўзбектелеком" серверларида сақланиши ва учинчи томонга берилмаслиги кафолатланишини айтди.

"Шунақа гап-сўзлар бўляпти, лекин хавотирли жойи йўқ. Электрон кундалик бўйича барча маълумотлар "Ўзбектелеком" серверларида сақланади ва бу маълумотларнинг учинчи қўлга ўтмаслигини таъминлайди. Яна шуни айтишим керакки, бу мажбурий эмас. Обуна бўлинг, деган мажбурий талаб йўқ. Агар ота-оналар хоҳлашмаса, боланинг баҳоларини мактабга борганда билиб туришлари мумкин. Бу улар учун қулайлик, лекин ундан фойдаланиш мажбурий эмас", - деди ХТВ матбуот хизмати ходими.

Электрон кундалик Ўзбекистон ҳали тўлиқ интернет билан қамраб олинмаган ва узлуксиз электр таъминоти билан таъминланмаган бир пайтда жорий этилмоқда.

Интернет етиб бормаган ҳудудлардаги мактабларда ўқувчилар қандай қилиб бу тизимдан фойдаланиши мумкин?

ХТВ матбуот хизмати ходимига кўра, Kundalik.com интернет бепул бўлган TAS-IX, маълумотлар алмашинув зонасида бўлади. "Бунинг учун уяли алоқа операторларига уланиш кифоя ва фойдаланилганда интернет-трафик учун пул кетмайди", - дея жавоб берди вазирлик вакили.

Ҳамманинг Интернети кўтармайди

Фарғонанинг Қува туманидаги 11-сон мактаб ўқитувчиси Шоазим Норқулов электрон кундликдан фойдаланиш учун ҳамманинг ҳам имконияти етарли эмаслигига эътибор қаратади.

Норқуловга кўра, ўқув йили бошида Телеграм каналида олиб борилган дарслар давомида ўз синфида камида учтадан битта бола унда қатнаша олмаганини эслайди.

- Оддий Телеграмда ўқитилганда ўттиз фоиз бола четда қолиб қолди. Ҳар бирини уйига боришга тўғри келди. Олдинига дарсларни видеомулоқот тарзида ҳам йўлга қўймоқчи бўлдик, лекин Zoomни ҳамманинг Интернети кўтармади. Электрон кундалик ҳам ҳудди шундай бўлади. Бизни қишлоқда Интернет тугул свет ҳам йўқ. Олдин шу муаммоларни ҳал қилишса бўларди, - дейди қувалик муаллим.

"Дневник.ру" бир йил аввал Қозоғистонда ҳам ТОО "Күнделік" шўбасини очган. Чекка ҳудудларда яшовчилар интернет тезлиги пастлиги боис бу тизимдан фойдалана олмаётганликлари ҳақда Озодлик радиоси Қозоқ хизмати хабар берганди.

"Дневник.ру" кимга тегишли?

"Дневник. ру" Россиядаги энг йирик онлайн таълим тармоғи бўлиб, унга 32 мингта мактабнинг 5 ярим миллиондан ортиқ ўқувчиси, 3 миллион ота-она ва 600 минг ўқитувчи уланган.

Санкт Петербург шаҳрида жойлашган "Дневник РУ" бош директори Габриел Леви.
Санкт Петербург шаҳрида жойлашган "Дневник РУ" бош директори Габриел Леви.

Ширкат Санкт Петербург шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг бош директори Габриел Леви ҳисобланади.

"Дневник.ру" 2011 йилда Кремлга яқин одамлар назорат қилувчи Prostor Capital жамғармасидан лойиҳа учун 2 миллион долларга яқин сармоя олгани маълум.

Ушбу онлайн платформа Россия мактабларида илк бор йўлга қўйила бошлаганида танқидчилар ширкатни ўқувчилар маълумотларини ўғирлаш уринишида айблаб чиқишганди.

Дневник.ру эса, ўз тизими яхши ҳимояланганини иддао қилиб келади.

2018 йилда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги "Дневник.ру" ўзбек мактабларида электрон кундалик тизимини жорий этишда ҳамкор этиб танланганини маълум қилганди.

Ўзбекистондаги "Kundalik" МЧЖ Россиядаги ширкат муассислигида очилган бўлиб, расмий сайтидаги маълумотлар чекланган.

АҚШда жойлашган Dun & Bradstreet серверидаги очиқ маълумотларида "Kundalik" МЧЖ 640,696 долларлик ойлик даромадга эгалиги, 8 ходими борлиги ва раҳбари Беҳзод Азимов исмли шахс экани қайд этилган.

Маълумотлар базасига қаралса, "Kundalik" МЧЖ нинг 51 % улуши "Дневник.ру" ширкатига, қолган 49 % улуши эса, Швейцарияда рўйхатдан ўтган ALLIED CAPITAL HOLDING SA компаниясига тегишли эканини кўриш мумкин.

Швейцария компанияси "Euroasia Insurance" суғурта компаниясида 30,32% ва "Ўзкимёфарм" устав капиталида 20% дан ортиқ улушга эга.

Озодлик Dun & Bradstreet серверида келтирилган "Kundalik" МЧЖнинг телефон рақамларига қўнғироқ қилди, аммо улар билан боғлана олмади.

XS
SM
MD
LG