Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:22

Чеченистонда таъқибга учраган рус гейининг шикояти кўриб чиқилмади


Максим Лапунов.
Максим Лапунов.

Максим Лапунов ҳибсдалик пайтида шафқатсиз калтакланган ва руҳий террорга дучор бўлган ҳамда бошқаларнинг ертўлада калтаклангани ва қийноққа солинганини кўрган ва эшитган.

2017 йил 21 март куни Россиянинг Пермь вилоят маъмурияти инсон ҳақлари бўйича омбудсменининг электрон почта қутисига бир хат келиб тушди. Унда айтилишича, хат жўнатувчининг қариндоши Максим Лапунов бир ҳафта олдин Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрида йўқолиб қолган.

Шу мазмундаги хат ўша куни Россия Ички ишлар вазирлигига ҳам юборилган.

Бир дўстининг айтишича, Лапунов гей бўлган.

Баъзилар Лапуновнинг асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган Чеченистонда судсиз ўлдирилганини иддао қилган эди. Унинг исмини ошкор қилишни истамаган бир дўсти Озодликка: “Лапуновнинг тирик эканидан умидимиз қолмади”, деб айтди.

Аммо тадбирлар баковули ва рассом Лапунов тирик. У Чеченистондан қочганидан сўнг орадан 6 ой ўтиб, йўқолиб қолгани сабабини маълум қилиш учун Москвадаги матбуот конференциясида пайдо бўлди. Айтишича, уни номаълум кишилар кўчадан ўғирлаб кетган ва 12 кун Грознийдаги полиция биноси ертўласида ҳибсда сақлаган. Ўша ерда у шафқатсиз калтакланган ҳамда бошқалар ҳам калтаклангани ва қийноққа солинганини кўрган.

Лапуновнинг айтишича, 2017 йил охирида қамоқдан чиққач, у Чеченистондан “зўрға эмаклаб” чиқиб кетган.

Россиялик терговчилар Лапуновнинг айбловлари бўйича тергов бошлади, бироқ жиноят иши очмади. Бунга шикоятчининг иддаоларини тасдиқлай олмаслиги баҳона бўлди. Шикояти бўйича суҳбатлашишни истамаган ва адолат қарор топишига ишонмаган Лапунов Россиядан чиқиб кетган.

2017 йил апрелида Лапунов билан боғлиқ воқеа шов-шув бўлганидан кейин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров: “Бизда гейлар йўқ, агар бўлса, уларни Канадага олиб кетинг. Аллоҳга шукр. Уларни кўзимиздан йироққа олиб кетинг, ватанимизда бунақалар бўлмаслиги керак. Шунда қонимиз тоза бўлади”, дея баёнот берди.

2017 йил кузида Лапунов 3 ҳафта Россия жанубида Ессентуки шаҳрида яшаб турди. Федерал тергов қўмитасининг Шимолий Кавказ бўлими дастлабки тергов сифатида унинг даъволарини ўрганди. Аммо адвокати талаб қилишига қарамай, Лапуновни ҳибсда тутиб турилган ва ҳуқуқи бузилгани айтилаётган жойга олиб боришмади.

Суд қарорида келтирилишича, терговчилар Лапунов ҳибсда ушлаб турилгани тавсифлаётган жойни топа олмаган.

Лапуновнинг адвокатлари август ойида чиқарилган суд қарори юзасидан апелляция бериб, гувоҳларга Чеченистон ҳуқуқ-тартибот идоралари босим ўтказганига оид масалани кўтарди.

Лапуновга кўра, у Чеченистондан чиқиб кетгандан сўнг ҳам телефонига таҳдидли қўнғироқлар бўлиб турган. Адвокатига айтишича, полиция ходимлари уни ҳибсдан озод қилишдан аввал бир неча бўш бланкка қўл қўйдириб олган.

Чеченистон полицияси федерал терговчиларга Лапуновнинг ўша ҳужжатни тақдим этган.

Лапуновнинг адвокатлари уники экани айтилаётган “ариза”нинг ҳақиқийлиги шубҳали эканини Ессентуки судига маълум қилган. Шунга қарамай, суд терговчиларнинг қонунбузарликлар юзасидан Лапуновнинг талаби юзасидан жиноят иши қўзғатмаслик тўғрисидаги қарорини ўз кучида қолдирди.

Россия ҳукумати ҳам Лапуновнинг иддаолари юзасидан жиноят иши очишга эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблайди. Июль ойида Россия Бош прокуруратурасининг юқори лавозимли ходими Валерий Максименко БМТнинг Женевадаги Қийноқларга қарши кураш қўмитаси тингловида нутқ қўзлади ва Лапуновнинг ноқонуний ҳибсда ушлаб турилгани исботини топмагани, шунинг учун жиноий иш қўзғатилмаганини айтди. Лекин Лапуновнинг адвокатлари ва ҳуқуқ фаоллари ҳукуматнинг бу фикрига қўшилмаяпти.

Россияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган номдор ташкилоти бўлмиш ЛГБТ тармоғи 2017 йил августидан бери 130 нафар жинсий озчилик вакилини Чеченистондан олиб чиқиб кетганини эълон қилди. Уларнинг аксарияти Россияни бутунлай тарк этган.

Ғарб ҳукуматлари Россиянинг ЛГБТ ҳуқуқи бўйича ҳисоботидан ва Чеченистонда жинсий озчилик вакиллари таъқиб қилинаётгани тўғрисидаги хабарлардан сўнг ушбу мамлакатга босим ўтказишни давом эттирди.

Чеченистонда 2017 йил августида гейлар билан боғлиқ яна бир шов-шувли воқеа юз берди – хонанда Зелимхан Бакаев қаёққадир ғойиб бўлди. Рамзан Қодиров хонандани “қариндошлари ўлдирган” деса, ҳуқуқ фаоллари у давлат идоралари ҳибсга олганидан сўнг йўқолиб қолганини ва тирик эмаслигини иддао қилмоқдалар.

Ҳуқуқ фаоллари фикрича, гарчи халқаро ҳамжамият шов-шув кўтаргандан сўнг Чеченистонда гейларни таъқиб қилиш бир қадар сусайган бўлса-да, барибир бу республика уларнинг яшаши учун хатарли бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG