Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:53

"Тўққиз ой машинада яшадим". Литвада ҳайдовчилик қилаётган мигрантлар ҳаёти


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Сўнгги йилларда марказий осиёлик ҳайдовчилар Литва логистика соҳасининг ажралмас қисмига айланди. Ҳар йили бу ерга юзлаб киши келмоқда. Бироқ олис сафарга жўнаётган ҳайдовчилар орасида оғир шароитда ишлаётган ва ҳуқуқлари бузилаётганлар оз эмас. Озодлик қирғиз хизмати журналисти Айгерим Акилбекова мигрантлар ҳаётини яқиндан ўрганиш учун Литвага сафар қилган.

Вильнюс шаҳрига киришдаги хостеллардан биридамиз. Литва пойтахтида бунақа жойлар кўп. Хостел одмигина жиҳозланган, лекин бу ердаги капсула каравотлар фургон салонидан кўра қулай, барибир.

Қирғизистонлик Нурбек Сотиболдиев икки йил аввал бир хусусий ширкатнинг эълони сабаб бўлиб Литвага келган. Мақсади фура ҳайдаб пул ишлаш эди. Хостелга келганимизда Нурбек Қалдарбек уулу ҳозиргина рейсдан қайтган ва бошқа ҳайдовчилар билан бирга ҳордиқ чиқараётган экан.

“Икки ойга кетадиганлар бор. Уч ой, ҳатто ярим йил сафарда юрадиганлар бор. Ярим йил машинада яшайсиз. Қабулдан олдин “тест-драйв” қилишади, ўтолмаганлар юртига қайтиб кетади. Бошида ҳақимни беришмаган кунлар бўлди. Ўзи яқинда ишга кирганман, лекин Қирғизистонга қайтгим келар, чунки кунларим жуда оғир ўтарди”, дейди суҳбатдошимиз.

Озодлик фильми: Польша-ўзбеклар учун Европага дарча
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:46:18 0:00

Хостел марказий осиёлик ҳайдовчилар учун узоқ йўлдан кейин юртдошлар бирга ўтириб гурунглашадиган, галдаги сафарга ҳозирлик кўриладиган масканга айланган.

Ҳайдовчилик иши осон эмас. Кўпчилик оиласини боқиш учун ватанидан минглаб чақирим йироқда мусофир бўлиб юрибди. Нурбек ҳам хотини ва уч фарзандини ташлаб бу ерга келган.

Хостелда яшаганда суткасига ҳақ тўланади. Одатда бу 10-12 евро бўлади. Каравотлардан ташқари мўъжаз ошхонаси бор – ҳайдовчилар ўзлари овқат пиширишлари мумкин. Хостелда доимий турадиганлар кам: кимдир эндигина рейсдан қайтган бўлса, кимдир янги сафар тадоригини кўрмоқда. Шундай қилиб, мусофирлар доим алмашиб туради.

Ётоқхонадан нарироқда юк машиналари ёнма-ён қантариб қўйилган. Марказий осиёлик ҳайдовчилар одатда пеш ойнага ўз мамлакатлари байроғини ёпиштириб қўйишади. Машиналар ёнида биз ҳозиргина рейсдан қайтган тожикистонлик Муҳаммад билан танишдик.

“Фурада доим газ баллони ва велосипед олиб юраман. Агар биз тўхтаган жойда дўкон бўлмаса, пиёда юрмаймиз, велосипедда “ғиз” этиб бориб ул-бул харид қилиб келамиз. Рейсдан бугунгина қайтдик. Бу ерда багажни туширамиз ва базага бориб машинани топширамиз. 72 кун йўлда бўлдик. Одатда рейс 60 кунга чўзилади, лекин бу гал шунақа бўлиб қолди”, дейди у иши ҳақида сўзлаб бераркан.

Муҳаммад бир неча тонна вино олиб келибди. Бунақа ҳайдовчилар бошқарадиган юк машиналари тахминан 150 минг евро туради, улар битта рейсда ташийдиган юк қиймати эса 100 минг еврогача бўлиши мумкин.

Бу ерда ҳаракат сира тўхтамайди: ҳайдовчилар келаверади, кетаверади.

Россияда мигрантлар ҳуқуқларини кескин чекловчи қонун қабул қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:25 0:00

27 ёшли Жамшиддиннинг умри икки йилдирки, сафарларда кечмоқда.

“Қозоғистонга автомобиллар ташияпмиз. Польша, Руминия, Туркия, Озарбайжон орқали ўтамиз. Рейслар одатда икки-уч ой давом этади. Аммо баъзан бир йилгача йўл юришимиз мумкин. Мен, масалан, 9 ой 12 кун машинада яшаганман. Фура ҳайдовчиси бўлиш қийин, лекин яхши пул тўлашади. Харажатлардан ташқари 2500 доллар топамиз. Баъзан бир ярим кун ухламасдан рулда ўтирадиган пайтларимиз бўлади”.

Жамшид қолган барча ҳайдовчилар каби, бир неча ҳафталик озиқ-овқат ғамлаб олди. Биз Вильнюс шаҳридан чиққунча у билан бирга кетдик.

Литва пойтахтида ўнлаб логистика базалари ва марказлари мавжуд. Улар ички ва халқаро ташувларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда ушбу соҳа Литва иқтисодиётининг муҳим қисмига айландики, бунинг бир неча сабаби бор.

Мамлакат йирик бозорларни боғловчи транспорт йўллари кесишмасида жойлашган. Литванинг бир тарафи – Ғарбий Европа, шимол – Скандинавия мамлакатлари. Жанубда Европанинг яна бир қанча мамлакатлари бор, шарқда Беларус ва Россия билан чегарадош бўлса, улардан нариёғда – Марказий Осиё ва ҳатто Хитойга чиқилади. Юк машиналари ҳайдовчилари Германия, Франция, Буюк Британия, Финляндия, Швеция, Норвегия ва бошқа кўплаб мамлакатларга қатнайдилар. 2023 йилги расмий маълумотларга кўра, Литвада 500 дан зиёд катта-кичик транспорт ва логистика ширкатлари рўйхатдан ўтган.

Бироқ ҳамма автотранспорт ширкатлари ҳам ўз ходимларига яхши шароит яратиб бермайди. Литва ширкатларига ёлланган марказий осиёлик баъзи ҳайдовчилар иш ҳақи ваъда қилинганидан кам тўланаётганидан норози.

Ўзини Азамат деб танитган қирғизистонлик Литвага 9 ой муқаддам, бошқа кўплаб ҳайдовчилар каби ишга қабул қилиш ҳақидаги эълон бўйича келган. Аммо, айтишича, меҳнат шароити у тасаввур қилгандек бўлиб чиқмаган.

“Яхши пул топасизлар, дейишганди. Бу гап ёлғонлиги тезда маълум бўлди. Масалан, 1500 километр йўл босиб Франциядан қайтдик, лекин кечикдинглар дея жарима солишди. Менинг ойлигим 2500 евродан кўп бўлиши керак эди, қўлга тегиши 1800-2000 евро бўлди. Кучимиздан фойдаланиб, бўшатиб юборишди. Германияга борганимизда кўчада қолиб кетдик, ҳолбуки ширкат тунаш учун ётоқ-жой билан таъминлашни бўйнига олганди”, дейди Азамат.

Литвадаги кичкина бир ширкатда ишлаган бу йигит 10 минг евро ҳақини ололмаётганини, икки ойдан бери судма-суд юрганини айтади. Учрашган чоғимизда Азамат Вильнюсдаги бир касаба уюшмасига бормоқчи бўлиб турган экан.

У билан бирга касаба уюшмасига келиб, бинонинг узун йўлагида навбат кутиб турган яна бир неча марказий осиёлик мигрантни кўрдик. Улардан бири Ўзбекистондан келганини ва ишлаган пулини тўлиқ ололмаётгани учун бу ердалигини айтди.

“5 минг евро ҳақим қолган. Тўлаймиз, дейишяпти. Ҳар хил ширкатлар бор: айримлари ҳақингизни дарров беради, айримлари чўзади, фирманинг аҳволини рўкач қилади. Тезроқ беришсин, деб умид қиляпман. Ойлигим кечикаётгани учун бу ердаман, лекин шикоят ёзиш ниятим йўқ”, деди суҳбатдошимиз.

Бу ердаги бир қанча ҳайдовчи касаба уюшмасининг ўзи яхши ишламаётганидан шикоят қилишди. Қисқа вақт ичида, уюшмага қарши имзо тўплаётган ўнтача қирғизистонлик мигрант билан гаплашдик.

Ҳайдовчилар арзини дарҳол касаба уюшмаси вакилига етказдик. Юк ташувчилар касаба уюшмаси раисининг ўринбосари Аудрюс Цузанаускас масалага қуйидагича изоҳ берди:

“Бунақа шикоятлардан хабарим бор. Аммо ҳар бир ҳолат индивидуал тартибда кўрилади. Негаки шикоят ҳайдовчи бу ерга келиши билан ҳал бўлиб қолмайди. Қонунда уч ойлик муддат белгиланган, у ҳайдовчи ишдан бўшаган кундан ҳисобланади. Қонун ҳаммага бирдек бўлиши керак. Келувчилар кўп. Қанча одам келаётганини ўзлари ҳам кўриб туришибди. Уюшмамиз ходимлари улгуришмаяпти. Шундай экан, норозилик бўлиши табиий”.

Литва юк ташувчилар касаба уюшмаси – мустақил ташкилот. Уюшманинг ҳар бир аъзоси 350 евро бадал тўлайди, судда ютиб чиққан тақдирда эса товон пулининг 20 фоизини бериши керак. Касаба уюшмасига мурожаат қилувчи кўплаб мигрантлар бу шартлардан норози бўлишмоқда.

Литва ҳукумати мамлакатда ҳайдовчилар етишмаслигидан нолийди. Литва миллий транспорт ассоциацияси (“Линава”)га кўра, маҳаллий логистика ширкатларига йилига камида 40 минг нафар ҳайдовчи керак бўлади.

2022 йилда Литвада олисга қатновчи юк машиналари ҳайдовчилари сони 80 мингдан ошди, улардан 80 фоизи – чет элликлар. Аксари Украина, Беларус ва Марказий Осиёдан келишган.

Халқаро рейслар ҳайдовчиларига йўналиш ва масофага қараб ўрта ҳисобда ҳар бир иш куни учун 60-80 евро ёки ойига 2000 евродан зиёд ҳақ тўлашади. Литва билан қўшни мамлакатларга қатнайдиган ҳайдовчилар эса одатда камроқ – ойига 1200 дан 1800 еврогача пул топишади.

Вильнюсдан қарийб 200 чақирим нарида Шяуляй шаҳри бор. Вильнюсга қиёсан кичкина шаҳар бўлса-да, бу ерда автобазалар пойтахтдагидан кўпроқ. Шу боис ҳайдовчилар тунайдиган мусофирхоналар ҳам оз эмас. Кечқурун шунақа масканлардан бирига бордик. Бизни тожикистонлик Солиҳ кутиб олди.

“Бу ерда марказий осиёликлар анчагина. Бугун беш киши кетса, эртага уларнинг ўрнига 10 киши келади. Кимдир уйга жўнайди, кимдир сафардан қайтади. Оқим доимий. Битта фирмада 30 киши ишласа, улардан 10 нафари ўзбеклар, қирғизлар ва қозоқлар бўлади. Хостелимиз қулай жойда жойлашган, темир йўл станцияси ёнгинамизда”, дейди янги танишимиз.

Солиҳ Литвага келганига 10 йилдан ошган. Шу вақт мобайнида у марказий осиёлик турли-туман ҳайдовчиларни кўрган.

“Бу ерга келиб, иш бошлагунча 2000-2500 евро сарфланади – учоқ чиптаси, консуллик йиғими ва бошқа харажатларга. Қолаверса, бошида икки-уч ҳафта ўқиш керак бўлади. Одамлар ана шу чиқимлар учун кредитга ёки қарзга пул олишяпти. Ўқиш тугаганидан сўнг амалий тест бўлади, сизни машина ҳайдатиб синаб кўришади. Биринчисида ўтолмасангиз, яна икки марта имконият берилади. Шундан сўнг рейсга жўнатишларини кутасиз. Хуллас, илк сафарга чиққунча икки-уч ой ўтиши мумкин”, тушунтиради Солиҳ.

Озодлик мухбирлари гаплашган кўплаб ҳайдовчилар Литвага келишдан олдин Россиянинг турли шаҳарларида ишлаганларини сўзлаб беришди.

Полшанинг футбол жамоасига мураббий бўлган мигрант
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:07 0:00

Хусусан, Нурбек Россияда бир неча йил оғир юк машинасини ҳайдаган, Литвага келганига бир йил ҳам тўлмаган. Биз билан учрашган пайтда у соғлиғи важидан таътилга чиққан экан.

“Шу йил келганман, дўстларимнинг маслаҳати билан. Россиядаги вазиятни кўриб турибсиз-ку. Бу ерда иш бошлаганимдан сўнг тўрт ой ўтар-ўтмас трейлердан йиқилиб қўлимни синдириб олдим. Худога шукр, ҳозир яхшиман. Менежер дарров қўнғироқ қилиб шифокорни чақириб берди. Бу воқеа Италияда бўлган эди. Суғуртам бор, шунинг учун ёнимдан пул сарфламадим”, дейди Нурбек.

У яна қачон ишга чиқиши ҳозирча номаълум. Аммо Нурбек ҳам, хостелдаги бошқа мусофирлар ҳам ўз орзуларини рўёбга чиқариш учун минглаб километр йўл босишлари керак ҳали.

Шундай қилиб, сўнгги йилларда марказий осиёлик ҳайдовчилар Европанинг ушбу мўъжаз мамлакати юк ташувларини амалга оширувчи асосий кучга айланди. Улар ватанларидан, туғишганларидан минглаб чақирим йироқда оғир меҳнат билан шуғулланишмоқда. Қишин-ёзин, иссиқда ҳам, совуқ кунда ҳам йўл юрадиган бу инсонларга фақат бир нарса – уйда қолган оилаларини кўриш ва улар билан бахтли келажакка қовушиш истаги далда бўлади.

Форум

XS
SM
MD
LG