Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:33

Маданий дунёга интилиб. Уруш важидан Литвага кўчиб борган россияликлар ҳикоялари (ВИДЕО)


Россия Украинага бостириб кирган 24 февралдан бошлаб эмиграцияга кетаётган россияликлар сони ошган.
Россия Украинага бостириб кирган 24 февралдан бошлаб эмиграцияга кетаётган россияликлар сони ошган.

Россия Украинага бостириб кирганидан бери 3 миллиондан ортиқ тинч аҳоли мамлакатни тарк этди. Айни чоғда 24 февралдан бошлаб эмиграцияга кетаётган россияликлар сони ҳам ошган: уларнинг аксари – Кремль Украинада олиб бораётган урушни ёқламайдиган, аммо ўз қарашлари учун жиноий таъқибга йўлиқишдан қўрқувчи, шунингдек, кенг кўламли санкциялар туфайли ишсиз қолишини тушунган кишилардир.

Европа Иттифоқи мамлакатлари визаси ёки яшашга рухсатномасини олиб қўйганлар Европага кетишмоқда. Лекин кўпчилик Россия билан визасиз борди-келди қиладиган Грузия, Туркия, Арманистон ва бошқа давлатларга йўл оляпти. “Настояшчее время” журналистлари Литвага кўчиб кетган ва янги мамлакатда ўрнашиб олишга уринаётган бир неча россиялик билан суҳбатлашишди.

Григорий Свердлин – Санкт-Петербургдаги бошпанасиз ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолганларга кўмаклашувчи “Ночлежка” хайрия ташкилотининг эндиликда собиқ раҳбари. Украинада уруш бошланганидан сўнг у якка кишилик пикетларга чиқиб, Россия агрессиясини очиқча қоралади. Григорий унинг фуқаролик позицияси туфайли ҳукумат ижтимоий лойиҳани қатағон қилишини истамасди, шу боис “Ночлежка”дан бўшади, кейин эса мамлакатдан чиқиб кетди: аввал Вильнюсга, у ердан – Тбилисига.

“Ҳаммасига чидашим мумкин эди, балки. Аммо “фейклар ҳақида қонун” қабул қилиниб, урушни “уруш” деб атаб бўлмай қолгач, тоқатим тоқ бўлди, – дейди Григорий (қонун Украинадаги урушга норозилик билдирганлар ва уни ёритишда “норасмий” манбалар, масалан, украинларнинг гувоҳликларидан фойдаланганлар учун 15 йилгача қамоқ жазоси белгиланган – Озодлик изоҳи). – Тушундимки, физиологик даражада уруш билан муроса қила олмайман, уруш ҳақида сукут сақлаш қўлимдан келмайди. Бунинг муқобили – қамоқ ёки муҳожирлик, аммо қамоқда ўтиришда нима фойда?”

“У ёқдан бу ёққа кўчаётганда одатда юким енгил бўлади. Бу гал ҳам йиғма велосипедим ва икки рюкзакка жо бўладиган нарсаларимни олдим холос. Чунки тез орада қайтишдан умидворман. Лекин Худо билади бу қачонга насиб қилганини”, сўзини якунлайди Григорий.

Россиянинг Украинага босқинини “Холод” нашри журналисти Олеся Остапчук ҳам қоралаб чиқди. Унинг Россиядан кетиш қарори сабаблари фақатгина касби билан боғлиқ эмас, шахсий сабаб ҳам бор: Олесянинг қариндошлари ҳозирда Россия армияси ўққа тутаётган украин шаҳарларида истиқомат қилишади.

“Вазият том маънода кўнглимни беҳузур қилди, – дейди Остапчук. – Ўзингиз ўйланг: энг яқин кишиларимнинг устига бомба ёғдираётган мамлакатда қандоқ яшайман? Бу ҳам етмагандек, телевизордан, федерал ОАВлардан “олам гулистон, Россия ҳеч кимни бомбаламаяпти”, деган гапни эшитасан. Ижтимоий тармоқларда бутун фожиа манзараларини кўриб турасан, аммо сенга “улар бари фейк, ишонма, биздан бошқаси рост гапирмайди”, дейишади. Бунақада одам ақлдан озиши ҳеч гап эмас”.

Сергей Давидис ҳам Россиядан Литвага кўчиб келди. У – Россия ҳукумати аввалига “Хорижий агент-НТТ” деб топган, сўнгра ўтган йилнинг охирида “хорижий агентлар”га доир қонунчиликни бузди, деган иддао билан тугатган “Мемориал” маркази ҳуқуқбони. Сергей уйини устма-уст тинтув қилишганидан безиб, қолаверса, Россия Украинада уруш бошлаганини ҳазм қила олмагани учун мамлакатни тарк этган.

“Путин режими Украина аҳолиси бошига жуда оғир мусибат келтирди. У ерда одамлар ўляпти, устларига бомбалар ташланяпти, аммо улар ўз ватанларини ҳимоя қилишмоқда ва бутун дунё кўмагида, ўз жасоратлари соясида мутлақо адолатли ғалабадан умид қилишяпти, – дейди Давидис. – Россияда ҳам вазият чатоқ: одамларнинг алоҳида, тарқоқ гуруҳлари урушга қарши чиқяпти... минглаб, ўн минг ёки ҳатто юз минглаб киши. Улар курашишга тайёр, лекин плакат ва сўздан бошқа қуроллари йўқ – афсуски, режимни бу билан енгиб бўлмайди. Улар ўзларидан кечган ҳолда кўчага чиқишлари мумкин, чиқишяпти ҳам. Ва барчалари қамоққа ташланяпти. Қаҳрамон украиналиклардан фарқли ўлароқ, улар бу курашда ғалаба қозона олмайдилар”.

“Настояшчее время” суҳбатдошларига кўра, кўплаб россияликлар ўз мамлакатларини ҳарбий агрессор деб тан олишга тайёр эмас, шу боис улар Украинада юз бераётган воқеаларни “фейк” деб аташмоқда.

“Бунақа баҳоналарнинг бари бизнинг ҳимоя реакциямизга қарши ўйлаб топилган. Чунки, мен ва мен кабилар Россияда ва Украинада бўлаётган воқеаларни, Россиянинг қилмишларини юрагига оғир олиши табиий, – изоҳ беради Олеся. – Мен номим Россия ҳукуматининг кирдикорлари билан боғланишига рози эмасман, аммо, айни пайтда бу ишлар россияликлар номидан қилинмоқда”.

“Кўпчилик учун бу оддий ҳимоя реакцияси. Чунки ўз ҳукуматинг қардош Украинага қарши босқинчилик уруши олиб бораётганини тан олиш жуда қийин, – дейди Григорий Свердлин. – Одамхўрлар ҳокимияти остида яшаётганингни тан олиш мушкул. Бу ҳам оғир, ҳам даҳшатли. Йирик шаҳарларда кўрган-билганларимга қараганда, аҳолининг катта қисми шок ҳолатида, улар даҳшатга тушганлар. Кўпчилик Путинга ва амалдаги ҳокимиятга қарши бўлмаслиги мумкин, лекин бу урушга қарши”.

Сергей ҳам, Олеся ва Григорий ҳам ўз касбий фаолиятларини чет элда давом эттиришмоқчи. Россия маданий дунёдан иҳоталаб ташлангани сабабли, улар ўз мамлакатларини яхши келажак кутаётганига ишонишмайди.

“Россия қашшоқ мустабид давлат бўлади, унда инсон ҳуқуқлари янада кўпроқ поймол этилади. Бундан ортиқ бўлиши мумкин эмасдек туюладию аммо, кўрасиз, бундан бадтар кунлар келади ҳали, – башорат қилади Сергей Давидис. – Бошқа тарафдан, элита орасида бирон ақлли ва дадилроқ бир гуруҳ чиқиб, вазиятга таъсир этишга жазм қилиши ҳам мумкин. Бироқ бунақа эҳтимол жуда паст”.

“Россияни соғиняпман. Лекин ҳозир, шу тобда Челябинскка қайтсам, шаҳар марказида, бинолар пештоқида Z ҳарфини кўраман, Z шаклида сафланиб турган ўқувчиларга кўзим тушади ва яна кўнглим айнишни бошлайди”, дейди Остапчук.

XS
SM
MD
LG