Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Президент тақиқига қарамай якшанбада селектор ўтказиш давом этмоқда; минглаб мулозим дам олишсиз ишламоқда


27 август кунги селекторда президент Мирзиëев¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ якшанба кунлари мажлис қилишни тўхтатишни буюрган.
27 август кунги селекторда президент Мирзиëев¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ якшанба кунлари мажлис қилишни тўхтатишни буюрган.

Озодликка нусхаси юборилган расмий билдирувда ëзилишича, 17 февраль куни эрталабки соат 10 да Вазирлар Маҳкамасида республика Бош прокурори Отабек Муродов раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилади.

Фермерларга ерни қачон суғориб¸ унга қачон кимëвий препарат сепиш каби масалаларда йўл-йўриқ бериладиган бу селекторда¸ бутун мамлакатдаги қишлоқ хўжалик сектори раҳбар ва ходимларидан тортиб¸ прокурор ва солиқчилар¸ шунингдек тижорат банклари раҳбарларига қатнашиши шарт қилиб белгиланган.

14 февраль куни Озодликка бу ҳақдаги “тезкор телефонограмма” нусхасини юборган Тошкент мулозимларидан бири президент топшириғига қарамай¸ мажлисбозликнинг якшанба кунлари тўхтовсиз давом этаëтганидан “кўпчиликнинг тоқати-тоқ бўлгани”ни билдирди.

Фарғоналик фермер эса¸ прокурор ва Тошкентдаги иссиққина кабинетда пўрим кийимда ўтирган бюрократларнинг лой кечиб далада юрган деҳқоннинг вақтини ўғирлаб¸ унга ерни қачон суғориш ва қачон ўғит солишни ўргатишини “ҳақорат” деб атади.

Айни пайтда Бош прокуратура мамлакат Бош прокурори Отабек Муродовнинг 17 февраль кунги иш тартибига ҳеч қандай видеоселектор киритилмаганини билдирди.

Тошкeнтдагилар эътирози

14 февраль куни ўз идорасига Вазирлар Маҳкамасидан юборилган навбатдаги “тезкор телефонограмма”га кўра¸ 17 февраль – якшанба кунини оиласи эмас¸ яна бесамар мажлисда ўтказиши кераклигидан тоқати-тоқ бўлган мулозимлардан бири бу буйруқни меҳнат ҳақларининг очиқдан-очиқ бузилиши деб атади.

14 февраль куни бутун республика миқëсида тарқатилган телефонограмманинг 1-саҳифаси
14 февраль куни бутун республика миқëсида тарқатилган телефонограмманинг 1-саҳифаси

Президент якшанба кунлари ишлаш¸ хусусан¸ мажлисбозлик қилишни тўхтатиш ҳақида гапирди ва якшанбада ишловчиларни ҳатто “душман”га қиëслади. Лекин ҳар якшанба видеоселектор ўтказиш тўхтамаяпти. 3¸ 10 февралда қишлоқ хўжалик сектори бўйича ўтказилган селектор етмаганидек¸ 17 февралга яна селектор чақиришди. Якшанба куни ками уч соатга чўзиладиган мажлисда ўтиришимиздан ташқари¸ шанба ярим тунгача ҳужжат тайëрлашимиз¸ селектордан кейин яна минг хил қоғозларни тўлдиришимиз керак. Оила¸ болалар тарбияси¸ шахсий ҳаëт деган нарса қолмади”¸ дейди Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўтказилаëтган бундай селекторларни тайëрлашга бевосита алоқадор мулозим.

Ишдан ажраш таҳликаси боис шахси сир қолишини истаган бу Тошкент расмийси¸ 14 февраль куни ҳали сиëҳи қуримаган янги телефонограмма нусхасини Озодликка тақдим этди.

17 февраль¸ якшанба кунга белгиланган видеоселекторда қатнашиши сўралганлар рўйхатидан улар сонининг мингларни ташкил этиши тушунилади.
17 февраль¸ якшанба кунга белгиланган видеоселекторда қатнашиши сўралганлар рўйхатидан улар сонининг мингларни ташкил этиши тушунилади.

Вазирлар Маҳкамасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибияти мутасаддиси М.Расулов имзо чеккан телефонограмма бутун республикадаги ҳокимликлар¸ прокуратура¸ ички ишлар ва солиқ бошқармалари¸ ҳудудий агроинспекция раҳбарлари¸ фермер¸ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари¸ кадастр ва тижорат банклари раҳбарларига юборилган.(тўлиқ рўйхатни телефонограмма нусхасида кўришингиз мумкин – таҳр.)

Якшанба кунги видеоселекторлар муаллифи

Озодлик гаплашган бир неча Тошкент мулозимига кўра¸ қишлоқ хўжалик масалалари бўйича кейинги учта якшанба - 3¸ 10 ва эндиликда 17 февралга белгиланган видеоселекторлар ташаббусчиси Қишлоқ хўжалик вазирлиги мутасаддиларидир.

Якшанба кунлари бунақа селектор ўтказиш автори Қишлоқ хўжалик вазирининг биринчи ўринбосари А.Ваҳобов бўлади. У ўзини президентга ишлаëтган қилиб кўрсатиш учун¸ ана шунақа бемаъни мажлисбозликни кўпайтириб ўтирипти. Бир кун ҳам дам олмасдан ишлаяпмиз. Очиқ эътироз билдира олмаймиз¸ чунки ишсиз қолишимиз аниқ”¸ дейди Вазирлар Маҳкамаси номидан юборилган телефонограммага кўра 17 февраль кунги селекторда қатнашиши шарт қилиб белгиланган мулозим.

Озодлик 14 февраль кунги тезкор чақирувни юборган Вазирлар Маҳкамасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибияти билан боғланди.

Гўшакни кўтарган расмий¸ бу ҳужжатнинг асл муаллифини Қишлоқ хўжалик вазирлигидан қидиришни тавсия қилди.

Биз улардан келган сўровни ҳужжатлаштириб¸ тарқатдик¸ холос. Буни бизга Қишлоқ хўжалик вазирлиги тайëрлаб жўнатган”¸ деди котибиятнинг Озодлик гаплашган расмийси.

Қишлоқ хўжалик вазирлигининг Озодлик гаплашган расмийлари¸ 17 февраль кунга белгиланган видеоселектор ташаббусчиси вазирнинг 1-ўринбосари эканини айтди ва якшанба кунлари республика бўйлаб минглаб одамни мажлисга мажбурлашга қандай эҳтиëж борлигини Ваҳобовнинг ўзидан сўрашни маслаҳат берди.

Вазир ўринбосари қабулхонаси телефонига жавоб берган хизматчи¸ Озодлик саволларини ëзиб олиб¸ уларга кун давомида жавоб қайтаришни ваъда қилди¸ аммо ҳозирча расмий жавоб келмади.

“Фермерлар пўримлар буйруқбозлигидан тўйиб бўлган”

Қишлоқ хўжалик соҳаси бўйича ўтказилаëтган селекторларда қатнашишга мажбур мулозимларнинг Озодликка тушунтиришича¸ якшанба кунги йиғилишларда Тошкентдаги раҳбарлар ўз кабинетларида ва Вазирлар маҳкамасининг студиясида ўтиришади; вилоят ва туманлардан қатнашиши шарт қилинганлар эса¸ вилоят ҳокими ва туман ҳокимлигининг мажлислар залида тўпланади.

Озодлик гаплашган фермерларнинг айтишича¸ Тошкентдаги расмийлар бундай селекторда 3-4 соат ўтиришга мажбур бўлса¸ туманлардагилар кунни ҳокимлик биносида ўтказишга мажбур.

10 да бошланади¸ дейилган видеоселекторга туман ҳокими бизни 8 га чақиради. То бошлангунча¸ бир-биримизга қараб ўтирамиз. Тошкентдагилар гапини гапириб¸ йиғилиш тугаганидан кейин¸ вилоят ҳокими бошлайди¸ у узилганидан кейин¸ туман ҳокими бошлайди ўз мажлисини¸ қарабсизки¸ якшанба битта селектор билан тугайди”¸ дейди водийлик фермерлардан бири.

Бу суҳбатдош¸ бунақа мажлисбозликларни ер билан ишлаëтган деҳқон-фермер учун очиқ ҳақорат¸ деб атайди.

“Булар ëзда конденсионерлик¸ қишда¸ отоплениелик кабинетида костюмини кийиб¸ чойини ичиб¸ бизга ерни қачон суғориш¸ қачон дори бериш¸ қачон бегона ўтдан тозалашни ўргатади. Йиллардан бери ерда лой кечиб юрган фермерга прокурор билан мелиса шуни айтмаса¸ ўзимиз билмаймизми? Тўғри¸ фермернинг ҳаммаси ҳам агрономликка ўқимаган¸ лекин ерда ишлаган одам уни тушунади. 17 февраль куни бизга пешма-пеш шарбат усулида суғориш¸ қачон гўнг қўйишни ўргатишади. Шундан бошқа гапи йўқ¸ ўтган икки якшанбада ҳам бош прокурор ўринбосари шунақа йиғилиш қилди¸ айни маслаҳатни берди. Биз бунга мутож эмасмиз. Бизга вақтида кредит берсин¸ эркинлик берсин¸ қолганини ўзимиз биламиз. Деҳқон билан фермерни ишлашга қўймай¸ булар фақат қуруқ ақл ўргатиш¸ буйруқ бериш¸ ерингни оламан¸ деб қўрқитиш билан машғул”¸ дейди Озодлик гаплашган фермерлардан бири.

Президент топшириғи

2018 йилнинг 27 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилиш ҳақида хабар берган маҳаллий матбуот¸ унда президентнинг мажлисбосликка барҳам бериш¸ хусусан¸ давлат хизматчиларини якшанба куни ишга чиқишга мажбурлашни тўхтатишни буюрганини билдирган эди.

"Президент мажлислар вақтини ҳам камайтириш бўйича топшириқ берган — мажлислар вақти 1,5 соатдан ошмаслиги кераклиги белгиланган. Куннинг ноқулай пайтларида, тонг саҳарлаб ёки ярим кечада йиғилишлар ўтказиш қатъиян чекланиб, йиғилишга бевосита алоқаси бўлмаган корхоналар, идоралар ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва ходимларини, фермер ва тадбиркорлар умуман таклиф этилмайди.

Шунингдек, мансабдор шахслар энди шанба куни соат 17:00гача ишлаб, якшанба куни ишга чиқмайди. Президент давлат мансабдорлари якшанба кунларида дам олиб, вақтини оиласи билан ўтказиши лозимлигини айтиб ўтган"¸ деб ëзган эди бу йиғилиш ҳақида хабар берган Kun.uz сайти.

Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 16-моддасига кўра¸ “муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш” ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари саналади.

Кодекснинг “Иш вақти” деб номланган VII боби 115-моддасида “Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим”¸ деб ëзиб қўйилган.

XS
SM
MD
LG