Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:34

Мактаб директорлари армияга чақирилувчилар учун пул ўтказишга мажбурланяпти 


Андижон вилоятининг Бўз тумани ва Андижон шаҳридан Озодликка мурожаат қилган ўқитувчи ва директорларнинг иддао қилишича, ҳокимлар буйруғи билан Сафарбарлик чақирув резервига чақирилганлар давлатга тўлаши лозим пулни топиб бериш ҳар бир мактаб директорига юклатилган.

Ўқитувчи ва директорларнинг айтишича, ҳар бир мактаб камида биттадан чақирилувчининг пулини тўлаб бериши лозим.

Ўқитувчилар иддаосича, мактаб директорлари бу пулни топиш учун ўқитувчилар номига мукофот ва ёрдам пули ёзишга ва бу пулни конкрет бир чақирилувчининг номидан банкка тўлашга мажбурланяпти.

Бўз туман халқ таълими бўлими мудири, СЧР учун 17 та мактаб директорига мукофот пули ёздирилганини тан олди.

Ўзбекистон армиясида Муддатли ҳарбий хизматдан ташқари Сафарбарлик чақирув резервидаги - СЧР (халқ тилида русча қисқартмаси -МПР кўпроқ ишлатилади) хизмат тури ҳам мавжуд. СЧРга хизматга чақирилганлар бир ойлик ҳарбий йиғинда бўлиш билан бирга давлатга 3 444 800 сўм тўлаши лозим.

Бўз туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг Озодликка айтишича, мактаб директори ўқитувчилар номига мукофот ва ёрдам пули ёздиришга мажбур бўлган:

“Директоримиз биздан илтимос қилди. Баъзиларингга мукофот пули ва ёрдам пули ёзаман. Лекин бу пулни олиб, қайтариб берасизлар. Ҳоким ҳар бир мактабга биттадан МПРга пул топиб беришни буюрган экан. Шунинг учун ҳар куни эрталаб соат 4 яримда ҳокимнинг қабулига бориб, отчет беришимиз керак экан. Шунга, кечирасизлар, бошқа иложим йўқ, деди. Директор, биз ишонқирамай турганимиз учун телефонига ХТБ мудиридан келган СМСларни ҳам кўрсатди. Нега биз йиллар давомида болаларга таълим бериб ва меҳнатимиз эвазига оладиган мукофот пулимизни бегоналар учун тўлашимиз керак экан”, дейди ўқитувчи.

Озодлик тасарруфида директорларнинг СЧРга пул ўтказишга мажбурлангани, бу ҳақда туман ҳокимига ҳисобот бериши ҳақида ҳужжат бор. Лекин, бу ҳужжатларда директорларнинг шахси аниқланиб қолиш эҳтимоли борлиги учун, уни ошкор қилмайди.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир бўзлик ўқитувчининг айтишича, уларга мукофот сифатида берилган пул кимнинг номига ўтишини ҳам ҳеч ким билмайди:

“Директоримизнинг айтишича, уларга номаълум бир шахснинг исм-фамилияси ва банк рақамларини беришар экан. Пулни ўша одамнинг номига ўтказиш керак экан. Директоримиз шу ишни қиляптию, ўзи ҳам жуда қўрқяпти. Эртага бир текширувчи келиб, мукофот пулини гўёки олганлардан “шу пулни сиз ҳақиқатан олганмидингиз” деб сўраса, у йўқ деб турса, ёмон бўлади. Аслида бу жиноятку. Директорлар шу ишни қилмаса ҳоким қабулига чақириб қаттиқ ҳақорат қиляпти, ишдан бўшатиш билан таҳдид қиляпти”, дейди ўқитувчи.

Озодлик Бўз тумани халқ таълими бўлими мудири Шавкат Мамаризаев билан боғланганда, у мактаб директорлари билан йиғилиш қилиб турган экан.

Суҳбат бошида Шавкат Мамаризаевнинг ўзи СЧР учун мактаб директорларига мукофот пули ёздирганини тан олди:

- Эшитиб олинг, мактаб директорларининг фарзандларини МПРга тўлови учун, мен ўша мактаб директорларига ҳозир меҳнат таътили билан бир окладдан мукофот ёзиб берганимни биламан. Лекин, бирор мактабда МПР учун ўқитувчиларга пул ёзиб ёки ўқитувчилардан пул йиғиш ҳолати бўлмаган. Ҳеч ким топшириқ бергани йўқ бу ҳақда, деган мудир нима дейсизлар шу гап ростми деб, телефонни 1-мактаб директорига узатди:

- Мен 1-мактаб директори Азимова Юлдузхонман. Ҳозир ҳамма гапларни эшитдик. Бизда ҳеч қанақа МПР учун йиғим бўлгани йўқ. Мана шу гапларнинг ҳаммаси ёлғон.

Озодлик: - Мудирнинг ўзлари айтяптику, директорларга МПР учун мукофот пули ёздим деб?

Юлдузхон Азимова: - Тушунмабсиз, масалан менинг ходимим МПРга военкомат билан шартнома тузган бўлса, ватанга садоқатли фарзандини бир ойга хизматга жўнатиши учун, мен уни мукофотлайман, у шу пулни военкоматга ўтказади. Масалан, мени Мадраҳимова деган ходимим ўғлини ҳарбийга жўнатиш учун шартнома тузган. У мукофотига қўшиб ойлик иш ҳақидан ўтказди, бир миллион 200 минг сўм, қолган қарзини.

Бундан сўнг яна гўшакни олган Шавкат Мамаризаев 17 нафар ўқитувчи ва техник ходимларга СЧР учун мактаблар мукофот пули ёзганини айтди:

- Менда туман бўйича 17та ўқитувчи ва техник ходимларнинг рўйхати бор. Шуларга ўқитувчиларига ҳам, техник ходимларга ҳам, келинглар бир окладдан мукофот берамиз, шу бола бориб армиямизда хизмат қилиб келсин, дедик. Бизнинг рўйхатда фақат бизда ишловчи ходимларимизнинг рўйхати бор, қолганини билмаймиз, - деди Бўз тумани ХТБ мудири Шавкат Мамаризаев.

Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров Озодлик билан суҳбатда СЧР учун мактабларга пул топшириш топшириғи берилганини инкор қилди:

- Йўқ, ижтимоий соҳаларнинг бирортасига ҳеч қанақа жамоатчилик топшириғи берилмайди. Бунақа ҳолат бўлмаган,- деди туман ҳокими Абдурашид Мамиров.

Андижон шаҳар ҳокими СЧРга пул топиб бермагани учун ташкилот раҳбарини ишдан олди

Озодлик олган маълумотга кўра, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ҳам барча ташкилотларга СЧР учун 1-2 тадан болага пул ўтказиш ҳақида оғзаки топшириқ берган.

12 июнь куни шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Андижон шаҳар жамияти раиси Маъруфжон Қодировни СЧРга чақирилган икки нафар боланинг тўловини қилиб беролмагани учун ишдан олган.

Ишдан бўшатилган жамиятнинг собиқ раиси Маъруфжон Қодиров бу ҳақда Озодликка шундай деди:

- Иккитага ёрдам қиласиз, ҳокимиятни топшириғи, деди. Иккита фуқарони рўйхатини берган эди. Улар бир марта 300 минг, бир марта 500 минг тўлаб берди. Кеча шаҳар ҳокими бугун бу тўловни тўлдиришингиз керак эди, деди. Мен айтдимки, уларнинг имконияти йўқ экан, секин-аста тўлайди, десам, сиз билан гаплашолмаймиз экан, ишдан бўшатдим, деди. Шартта, тескари қараб чиқиб кетдим, - дейди Маъруфжон Қодиров.

Андижон шаҳар ҳокимининг 11 июнь куни ўтказган мажлисида қатнашган мактаб директорларидан бирининг айтишича, ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев 30, 4, 18, 13 умумтаълим мактабларининг директорларини СЧРга пул ўтказгани учун мақтаган.

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевдан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG