Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:33

ТВда изза қилинган ўқитувчи ва ўқувчилар журналистни судга бермоқчи


"Ўзбекистон24" каналида 12 сентябрь куни “калта юбка кийди”, дея изза қилинган ўқитувчиларнинг қўли ишдан совуган¸ ўқувчиларнинг ота-оналари эса, “изн олмасдан ëш болаларнинг юзини кўрсатган журналистни судга бермоқчи".

Бу ҳақда Озодлик билан суҳбатлашган Тошкентдаги 110- ва 50- мактаб ўқувчиларининг ота-оналари маълум қилди.

"Ўзбекистон24" каналида эфирга узатилган кўрсатувда Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси доирасида ўқувчиларнинг формаси муҳокама қилингани ҳикоя қилинган бўлиб, унда Тошкентдаги бир қатор мактабларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларни кўрсатилган.

Бир соат давом этган кўрсатувда Ўзбекистонда жорий қилинган мактаб формаси муҳокама қилинади. Айни муҳокамани очиб берувчи видолавҳада Тошкентдаги икки мактаб мисолида "формага риоя" қилмаганлар кўрсатилади. Лавҳа давомида ўқувчи қизларнинг калта юбка кийгани ва ўқитувчиларнинг шим кийгани танқид қилинади. Баъзи ўспиринларнинг соч турмагига ҳам лавҳада эътироз билдирилади.

Аммо видеотасвирларда оддий мактаб формасида юрган ўқувчилар акс этади.

Бу кўрсатув ҳақида мақола ëзган тошкентлик журналист Никита Макаренкога кўра¸ “Эшиттиришда оддий мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари “калта юбка кийган, соч ўстирган, юзларини бўяган”, деб изза қилинган.

Кўрсатувда номи келтирилган Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган 110- ўрта мактабнинг исми эфирда айтилишни истамаган ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда ўзи ва ҳамкасбларини “ТВ да сазойи қилган "Ўзбекистон 24" канали ва Халқаро пресс-клуб журналистлари мавжуд қонунлар доирасидса жавобгарликка тортилиши керак деб ҳисоблайди:

- Улар биз ўқитувчилардан сўрамасдан мактабга бостириб киришди. Биз фалончимиз деб қандайдир ҳужжатни кўрсатгандек бўлди. Исмини айтди. Биз бугун текширсак унақа исмли журналист "Ўзбекистон24" каналида ҳам, Халқаро пресс-клуб штат жадвалида йўқ экан. Ëлғондан бошқа исм айтибди бизга.

110- ўрта мактаб ўқитувчисига кўра¸ у журналистлар синф хоналарига кириб қизлардан телефонинг борми¸ бор бўлса қўлингга олиб ушлаб тур дея “лавҳа ясагани”га гувоҳ бўлган:

- Шундоқ эшикни очиб синф хонасига киришди. "Рус синфини расмга олишимиз керак", деб болаларни битталаб юзларини камерага олишди. "Сумкангни оч, телефонингни ол", деб болаларга зуғум қилди.

Айни мактабнинг директори Умида Рашидова Озодлик билан суҳбатда “Оммавий изза қилинган мактаб ўқувчилари ва педагог жамоанинг руҳи тушиб кетганидан ҳавотирини” изхор қилди:

- Мен ҳозир ўқитувчи ва ўқувчиларни руҳан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпман. Ҳозир ўқитувчилар ишлагиси ҳам келмаяпти. Изза қилинган ҳамда вояга етмаган ўқувчиларим тушкунликка тушиб қолган. Бўянмаган қизларни бўянди деб ëлғондан кўрсатишди. Эртага улар ўзини бир нарса қилиб қўйса ким жавоб беради.

Озодлик суҳбатда бўлган ва ҳозирча исми эфирга кетишини истамаган¸ фарзандлари Мирзо Улуғбек туманидаги 50- мактаб ва Миробод туманидаги 110- мактабда ўқийдиган уч нафар ота-она улардан изнсиз болаларнинг юзини кўрсатган журналистни судга бериш учун адвокат ëллаганликларини маълум қилишди.

"Ўзбекистон24": “Биз фақат эфирга узатдик¸ лавҳани Халқаро пресс-клуб суратга олди

Ижтимоий тармоқда Ўзбекистон 24 канали ўқувчиларни сазойи қилишда айбдор дея танқид нишонга айланди. Facebookдаги Uzbekistan Illustrated номи билан танилган ҳажвий саҳифа “Ўзбекистон 24” вни “Уят24” дея танқид қилди.

"Ўзбекистон24" каналининг ўзини "эфир муҳаррири", деб таништирган ходими Озодлик билан суҳбатда “халқаро пресс-клуб сессиясидан трансляция қилинган кўрсатув мазмуни учун "Ўзбекистон24" жавобгар эмаслигини айтди:

- Биз фақат трансляция қилдик. Келишувга кўра¸ нодавлат¸ нотижорат ташкилот Халқаро пресс-клуб сессиялари мазмуни учун "Ўзбекистон24" жавоб бермайди. Ўқувчиларнинг бетини ëпмаган бўлса, ўзлари жавоб берсин¸ нега биз улар учун жавоб беришимиз керак?!

“Ўзбекистон24” телеканали муҳарририга кўра, “низога сабаб бўлган репортаж муаллифи Шерзод Қудратхўжаевдир”.

Озодлик боғланган ва ўзини "Шерзод Қудратхўжаевнинг ëрдамчиси", деб таништирган деган шахс бу борадаги принципиал нуқтаи назар Интернетдаги citizen.uz нашрида ëзилганини билдириш билан кифояланди.

Айни нашрга берган суҳбатида Қудратхўжаев ўаининг лавҳа муаллифи эканлигини эътироф қилган.

- Сюжет мактаб формаси ҳақидаги пресс-клуб дастури учун ҳозирланди. Муаллиф ва бошловчи менман. Бу сюжетни бутун коллектив яратди. Биз ўқитувчининг исмини айтмадик¸ унинг фақат тасвирини бердик. Ўқитувчини шахсий ҳаëтида эмас давлат ишини бажараëтган пайтда кўрсатдик¸ - деган Шерзод Қудратхўжаев.

Citizen.uz журналистининг “нега болаларнинг юзи ëпилмади?” деган саволини Қудратхўжаев жавобсиз қолдирган.

Пашшадан фил ясалган

Озодлик тошкентлик ҳуқуқшунос Собиржон Мирвалиев билан суҳбатлашди. Суҳбатдошга кўра лавҳа ижодкорлари “пашшадан фил ясашган”:

- Репортажни кўрдим¸ мухбир айтаëттан гап тасвирга мос тушмайди. Ўқувчилар рисоладагидай кийинган. Репортаж давомида журналистлар Ўзбекистон ратификация қилган болалар ҳуқуқлари конвенциясининг 16-бандини бузишди. Журналистлар Мактаб маъмурияти ва ота-оналардан изн олмай болаларни суратга олишди. Ота -оналар бу журналистни судга берса ютиб чиқади. “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги қонуннинг 13- моддаси ҳам бузилган. Бу моддага кўра шахснинг рухсатисиз у ҳақида ахборот тўплаш ва тарқатиш таъқиқланади.

XS
SM
MD
LG