Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:47

Тошкент милицияси 6-синф ўқувчисининг ўқитувчиси томонидан калтаклангани воқеасини ўрганмоқда


Билолбек яқинларига кўра, суратда калтакдан сўнг боланинг бўйнида қолган қизарган излар акс этган
Билолбек яқинларига кўра, суратда калтакдан сўнг боланинг бўйнида қолган қизарган излар акс этган

Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги 29-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Билолбекнинг яқинлари унинг ўқитувчиси томонидан калтаклангани даъвоси билан ички ишлар бўлимига шикоят аризаси топширди.

Билолбекнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, у 15 октябрь куни тарих ўқитувчиси (Озодликка ўқитувчининг исми-шарифи маълум¸ аммо воқеа ўрганиш жараëнида бўлгани учун уни очиқламаëтир - таҳр.) томонидан дўппосланган.

Озодлик гаплашган ўқитувчи Билолбекка нисбатан куч қўллашга мажбур бўлганини тан олди, бироқ уни урмаганини таъкидлади.

Воқеа 15 октябрь куни 29-мактабнинг 6-синфида тарих дарси бўлаётган пайт содир бўлган. Бу ҳақда Озодликка гапирган Билолбекка кўра, у дарс пайти тарих ўқитувчиси томонидан калтакланган.

- Ўртоғим ручка сўради, бердим. Иккинчи марта мен синф ишини сўрагандим, кейин тарих устоз “Нимага гаплашаяпсан” деб бошимга уриб, ёқамдан ушлаб, коридорга олиб чиқиб кетдилар-да, роса урдилар. Деворларга бошимни уриб, бўғдилар. Кейин йиғлаб, “Директорга айтиб бераман”, десам, орқамдан қувлаб, яна уриб ташладилар. Бошимни неча марта деворга урдилар. Олдин юзимга шапалоқ урдилар. Кейин бошимни деворга уриб, бўғдилар. Кўнглим айниб, бошим айланди, кейин мактабдан қочиб кетдим, дейди Билолбек Озодлик билан суҳбатда.

Озодликка йўлланган суратда Билолбекнинг бўйин қисмида қизарган излар борлигини кўриш мумкин. Билолбекка кўра, бу ўқитувчиси калтаклаганидан сўнг қолган жароҳат изларидир.

Билолбекнинг айтишича, калтак егани учун аҳволи яхши бўлмагани боис 16 октябрь куни мактабга бормаган.

- Бошим айланиб, кўнглим айнияпти. Олдин докторга бордик. Бошни текширадиган аппарати йўқ экан, ҳозир 16-гор.больницага бормоқчимиз, деди Билолбек 16 октябрь тушдан кейин.

Тарих ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда Билолбек уни ҳақорат қилгани учун унга нисбатан куч қўллаганини тан олди.

- Дарсда тинч ўтирмади. Уни 3-4 марта огоҳлантирдим. Гап қайтарди. Мавзуни тушунтириб кетаяпман, яна қилиқ қилди. “Доскага чиқинг”, десам, “Нимага чиқаман”, деди. Ёнига бордим. Кейин қўлидан тортиб, “Доскага чиқинг” десам, йўқ деди-да, онадан сўкди, мени сўкди, ҳақорат қилди. Сразу изидан чиқдим-да, ушлаб олдим қўлидан. Ёқасидан ушлаб, залдан тортиб келдим. Озгина қаттиқроқ тортганим учун бўйни қизариб қолган. Мен урсам, урдим, дейман. Сўккани учун жаҳлим чиқиб тортганимда қизарган, дейди 29-мактаб тарих ўқитувчиси.

Озодлик суҳбатлашган Билолбекнинг бувиси, 15 октябрь куни ўқитувчи устидан Ички ишлар бўлимига шикоят аризаси топширганини айтди.

- Кеча балконда тургандим. Қарасам, соат 9 да келаяпти бола. Ҳайрон бўлдим. Кирди-да, роса йиғлади, ҳўнграб йиғлади. Кўйлаги шимидан чиқиб, кетган. “Нима бўлди, Билолбек” десам, “Тарих устозим мени урди, деворга бошларимни роса урди”, деди. Кейин сразу милицияга қўнғироқ қилдик, деди Билолбекнинг бувиси.

Билолбек яқинларининг ўқитувчи устидан берган шикоятини ўрганаётган милиция ходимидан олинган маълумотга кўра, 15 октябрь куни Билолбек тиббий экспертизадан ўтказилган.

“Ҳали экспертиза хулосаси чиқмади. Билолбек қариндошларининг даъво шикояти шу хулосага боғлиқ бўлади. Экспертиза хулосаси натижасига қараб, иш маъмурий ёки жиноий кўринишда бўлиши аниқ бўлади”, деди исмини ошкор қилишни истамаган милиция ходими.

29-мактаб директори Барно Бекмуҳаммаммедова ўқувчи Билолбекнинг тарбияси оғир болалардан эканини айтиб, иш бошлаганига икки йил бўлган ўқитувчини оқлашга ҳаракат қилди.

- Бола охирги пайтда умуман одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмай қўйган. Дарсларга кирмасдан, дарсга кирганда ёзмасдан, ўқитувчини беҳурмат қилиб, сўкади. Бутун мактаб пед.жамоаси билади боланинг бунақа аҳволини, деди Барно Бекмуҳаммедова.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ходими Ихтиёр Махматқуловнинг Озодликка айтишича, ҳар қандай ҳолатда ўқитувчининг ўқувчига нисбатан куч қўллаши мумкин эмас.

- Ҳеч қайси ҳолатда ўқувчига нисбатан куч ишлатиш мумкин эмас. Агар бола шўх ёки тарбияси оғирроқ бўладиган бўлсаям, масалан, ота-онани мактаб раҳбарияти чақиртириб, ота-онани огоҳлантириш мумкин. Лекин ҳеч қайси ҳолат бўйича болага куч ишлатиш мумкин эмас, деди Ихтиёр Махматқулов.

Тошкент милицияси 6-синф ўқувчисининг ўқитувчиси томонидан калтаклангани воқеасини ўрганмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:42 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистоннинг мактаб ва боғчаларида болаларларга нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари ҳақида Озодликка олдин ҳам мурожаатлар бўлган.

Жумладан, айни кунларда Тошкент шаҳар, Чилонзор туман милицияси пойтахтдаги 164-сонли мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси 1-синф ўқувчисини калтаклагани юзасидан тергов олиб бормоқда.

Ўтган ой Хоразм вилоят, Боғот туман прокуратураси Олимпиада миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 36 яшар мураббийси шу мактабнинг 5- синф ўқувчисини дарс пайтида калтаклаган. Боланинг яқинлари Озодликка 5 синф ўқувчиси 20 сентябрь куни калтаклангани ортидан комага тушганини айтишганди.

Ўтган йили эса, Самарқанд шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида тарбиячининг ёрдамчиси болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётгани акс этган видеоёзувларни Озодлик эълон қилгач, зўравон боғча опа ва боғча раҳбари ишдан олинган эди.

XS
SM
MD
LG