Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:50

Жаҳон дипломатияси диққат марказида: Марказий Осиёга қизиқиш қанчалик узоққа боради?


Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон.

Ўтган ҳафта Россия президенти Владимир Путиннинг Остонага ташрифи чоғида қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев уни шахсан кутиб олди ва дабдабали қабул қилиб, Москванинг стратегик иттифоқчи мақомини алоҳида таъкидлади.

Аммо айни пайтда урғу ўзгармоқда ва буни сезмаслик имконсиз.

Путиннинг 9 ноябрь кунги Остонага сафари Халқаро Жиноят Суди (ХЖС) уни Украинада содир этилган ҳарбий жиноятларда айблаб, ҳибсга олишга ордер берганидан кейинги учта хорижий сафардан бири бўлди.

Қозоғистон ва бутун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг кейинги вақтда нуфузли давлатлар раҳбарлари билан олий даражадаги учрашувлари кўпайди.

Россия ва Қозоғистон президентлари музокаралар олиб бораётган бир пайтда қўшни Ўзбекистонда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтаётган эди, унда Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Эрон президенти Иброҳим Раиси каби нуфузли меҳмонлар иштирок этди. Йиғилишда Қозоғистондан Бош вазир Алихан Смаилов иштирок этди.

Мирзиёев Парижда: Макрон билан музокаралар ва Луврга ташриф
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:25 0:00

Шу куни Италия президенти Сержо Маттарелла Тошкентга келиб, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар билан музокаралар ўтказди.

3 ноябрь куни Остонада Туркий давлатлар ташкилотининг саммити бўлиб ўтди, унда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби Россия ҳам, Хитой ҳам аъзо эмас.

Бунгача Тоқаев ва Мирзиёев Франция президенти Эммануэл Макронни қабул қилган ва бу, эҳтимол, мавсумнинг энг шов-шувли дипломатик ташрифи бўлган эди.

Агар октябрь ойида бироз сукунат чўккан бўлса, сентябрь жуда тиғиз ўтди: минтақадаги беш мамлакат раҳбарлари Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида АҚШ президенти Жо Байден билан музокаралар ўтказдилар, кейин Берлинга ташриф буюриб, Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашдилар.

Бундай учрашувларнинг айримлари, албатта, анчадан бери режалаштирилган эди.

Аммо бир нарса аниқ: Россиянинг Украинадаги қарийб икки йиллик урушида Марказий Осиё ҳеч бўлмаганда АҚШнинг Афғонистонга бостириб киришининг дастлабки йилларидан бери кузатилмаган дипломатик диққат марказга тушиб қолди.

Бу қизиқиш қанча давом этиши номаълум.

Марказий Осиё бўйича италиялик мустақил эксперт Давиде Канкарини халқаро алоқаларнинг тўсатдан бундай жонланишини молия соҳасидаги «пуфак»ка ўхшатади. Яъни бу фаоллик реал кўрсаткичлардан ошиб кетади.

Шу билан бирга, Канкарини Марказий Осиё “катта салоҳиятга эга” экани, Мирзиёев ва Тоқаевнинг ташқи сиёсатни диверсификация қилишга интилаётгани муҳим омиллар эканини тан олади.

БУ МИНТАҚА “ҲАММА УЧУН КАТТА ФОЙДА”МИ?

Макроннинг 1 ва 2 ноябрь кунлари минтақага ташрифи Ғарб оммавий ахборот воситаларида Марказий Осиёда ўсиб бораётган геосиёсий рақобат манзарасидаги сафар сифатида ёритилган ва сарлавҳаларда янги “Буюк ўйин” ва Парижнинг Россия ва Хитой “томорқасига” қадам босиши тарзида талқин қилинган эди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко 5 ноябрь куни Абу-Дабидаги жаҳон сиёсати конференциясидаги чиқишида юқори кўтаринкилик билан минтақа “барча учун катта фойда” деди.

Бироқ Макрон Украина масаласида Москванинг босимига дош бергани учун Қозоғистонни “қандайдир кучнинг вассали бўлишдан бош тортган” мустақил давлат сифатида мақтади.

Унинг ташрифи чоғида Қозоғистон ва Франция компаниялари ўртасида транспорт, муҳандислик, соғлиқни сақлаш ва агробизнес соҳаларида 1,4 миллиард долларлик шартномалар имзоланди. Бунга қўшимча, Франциянинг Total Energies компанияси Қозоғистон жанубида қурадиган шамол электр станцияси учун икки миллиард долларга яқин шартнома ҳам имзоланган.

Ўзбекистонда ҳам Макрон иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга эътибор қаратди.

Макрон кетганидан кейин Ўзбекистон кончилик ва геология вазири Борис Исломов иккита янги уран конини ўзлаштириш бўйича келишувларга эришилиб, Франциянинг Orano давлат ядро компаниясидан 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритилиши кутилаётганини эълон қилди. Томонлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишга ёрдам берадиган логистика марказларига сармоя киритишга ҳам келишиб олдилар.

Бундай жараёнлар Москвага ёқмаслиги тайин.

Шунинг учун Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 12 ноябрь куни берган интервьюсида Европа Иттифоқи Москвани Марказий Осиёдан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилаётганини (лекин муваффақиятсиз) айтгани ажабланарли эмас.

Бир кун аввал Макрон тез орада Марказий Осиёнинг учинчи республикаси – Қирғизистонга ҳам ташриф буюриши мумкинлиги маълум бўлди. Президент Садир Жапаров маъмурияти Франция раҳбари таклифга ижобий жавоб берганини маълум қилди.

ПУЛНИ КЎРСАТИНГ-ЧИ!

Макроннинг ташрифи Путиннинг Остонага сафари эҳтимолини оширди.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Досим Сатпаев журналист Вадим Борейконинг Youtube’даги «Гиперборей» дастурида Остонага сафар Путинга кўпроқ керак бўлганини айтди.

Путин илиқ кутиб олинганига қарамай, учрашувда Украинада уруш бошланганидан буён мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар совуқлашгани аломатлари яққол кўринди.

Тоқаев қозоқ тилида гапира бошлаганида россиялик амалдорлар қулоқчин тақишга мажбур бўлгани ана шундай белгилардан бири эди. Москвадан келган делегация қозоқча аралаштириш нега керак эди, бизни масхара қилишяптими, деб ҳайрон бўлишди.

Яна бир жиҳат шуки, Путин ўз нутқида Тоқаевнинг фамилия ва отаси исмини яна чалкаштириб юборди. У қозоғистонлик ҳамкасби исми ва отасининг исмини шу қадар тез-тез чалкаштирадики, ҳозир кўпчилик бу атай қилинмаяптимикан деб шубҳаланади.

Бироқ Москва заифлашганига, Қозоғистонда Россия таъсири пасайиши ҳақида гапиришга ҳали эрта, дейди Сатпаев. Қозоғистонда сўнгги йилларда рўйхатдан ўтган Россия ва қўшма қозоқ-рус компаниялари сони "геометрик ўсаётгани"ни таъкидлайди у. Яқинда қозоқ олигархлари ўз бизнесларининг бир қисмини русларга сотди.

Бундан ташқари, Қозоғистон ва Россия ўртасида "кулранг импорт доирасидаги" савдо жадал ривожланмоқда, дейди Сатпаев Ғарбнинг Россияга қарши жорий қилган санкцияларни четлаб ўтиш схемаларига ишора қилиб.

10 сентябрь куни Қозоғистон парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев Москванинг Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш имкониятлари ҳақида гапириб бу масала умумхалқ референдумига қўйилишини айтди.

Бироқ, расмийлар атом энергетикаси ғоясини қатъий қўллаб-қувватлаётганига қараганда, лойиҳа амалга ошадиган кўринади.

Россиянинг сармоя масаласида заифлашгани Марказий Осиёнинг кичикроқ давлатлари учун ҳам сезилмоқда.

Ўтган йили минтақавий йиғилишда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон навбатдан ташқари нутқида Путиндан ўз мамлакатига кўпроқ сармоя киритишни сўраган ва Москва Душанбедаги савдо ярмаркасига фақат вазир ўринбосарини юбориб, Тожикистонга етарлича «ҳурмат» кўрсатмаганидан шикоят қилган эди.

Тошкентдаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитига боришдан олдин Раҳмон Эрон президенти Раиси билан музокара ўтказди, унда фуқаролар учун визасиз саёҳат бўйича тарихий келишув, шунингдек, савдо, транспорт ва маданият соҳаларида келишувлар имзолангани эълон қилинди.

Теҳрон билан «муҳаббат ва нафрат» муносабатларига қарамай, Тожикистон ҳукумати ҳозирда Эрондан ишламай турган нефтни қайта ишлаш заводлари учун нефть экспортига ёрдам беришни сўрамоқда. Бундай ҳаракат Москванинг маҳаллий энергия бозоридаги узоқ йиллик манфаатларини бузиши мумкин.

Пицбург университети қошидаги Бошқарув ва бозорлар маркази асосчиси Женнифер Брик Муртазашвилига кўра, буларнинг барчаси Москва Марказий Осиёда "етакчи стратегик мавқе"ни сақлаб қолган, аммо таъсир кучини йўқотаётган мураккаб манзара қисмларидир.

“Бошқа давлатлар Россиянинг заифлашгани билан бир қаторда Марказий Осиёнинг геостратегик аҳамиятига ҳам гувоҳ бўлишди. Минтақага қизиқиш ортиб бораётгани эса бу давлатларга узоқ вақтдан бери орзу қилган кўп векторли ташқи сиёсатини амалга ошириш имкониятини беради”, дейди у.

“Дипломатиянинг юқори суръатлари” яқин келажакда давом этишини башорат қилган эксперт бу имконият дарчаси абадий очиқ турмаслиги мумкинлигини айтади.

"Дунёнинг қолган қисми қизиқиши вақт ўтиши билан йўқолиши мумкин", дейди Муртазашвили.

Форум

XS
SM
MD
LG