Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:58

Марказий Осиё: қурғоқчилик давом этади, жамиятда вазият таранглашмоқда


Марказий Осиёда сув тобора камайиб, минтақа иқтисодий муаммоларини борган сари чуқурлаштирмоқда. Жазирама иссиқ ва қурғоқчилик манзарасида ҳарорат рекорд даражада кўтарилиши одамларни қийнаб юборди. Айни шароитда нўноқларча бошқарув ва хўжасизлик учун жавобгарликни ким ўз зиммасига олиши керак?

Фермадаги ҳаёт

Қаттиқ қурғоқчилик белгиларини одатда биринчи бўлиб фермерлар ва чўпонлар пайқайди. Қозоғистонлик фаол Жонибек Кожик Озодликнинг қозоқ хизматига Мангистов вилояти қариялари умрлари бино бўлиб бундай қурғоқчиликни кўрмаганларини айтишганини сўзлаб берди.

Кожикка кўра, қаттиқ қурғоқчилик яқинлашаётгани баҳордаёқ маълум бўлган. Аммо мулозимлар огоҳлик қўнғироқларига қулоқ солмаганлар.

Мангистов асосан чўлли жой, аммо молларни ҳайдаб боқиш мумкин бўлган туманлари ҳам бор, чорвачилик эса ерли аҳолининг асосий даромад манбаидир. Қурғоқчилик туфайли вилоятда минглаб бош мол, қўй ва йилқи қирилиб кетди – талафотнинг аниқ кўламини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмайди.

Ерда ўт-ўлан ниҳоятда кам қолди, пичан ва озуқабоп дон-дун нархи эса кескин ошиб кетган.

Июнь ойида айрим чўпонлар отларга ошхона чиқиндиларига картон қоғозини аралаштириб едираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Кожик, ерли аҳоли молга бериш учун картон қоғозини Оқтовдан келтирганини, талаб кўпайгани учун эндиликда ҳатто картон ҳам танқислашганини айтади.

Қозоғистон ҳукумати юзага келган вазиятнинг мураккаблигини кеч англади, кўп зарар кўрган ҳудудларга мамлакатнинг бошқа туманларидан ем-хашак етказиб бериш ва арзонроқ нархларда сотиш чораларини кўра бошлади.

26 июлда Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ички эҳтиёжни ўйлаб ем ва озуқабоп дон экспортини олти ой муддатга тақиқлаб қўйди.

Мангистовдан жануби шарққа қараб минглаб чақирим нарида – Қирғизистоннинг Чуй вилоятида фермерлар қурғоқчилик қиёфасидаги жиддий хатарни биринчилардан бўлиб ўз таналарида ҳис қилишди. Баҳорда эккан экинлари бир текис униб чиқди, аммо кейин сувсизликдан қовжирай бошлади.

Қирғиз расмийлари очиғини тан олишди: “сув етишмайди, совет давридан қолган ирригация тизими эскириб кетган бўлиб, реконструкция қилинмаса, замонавий талабларга жавоб бера олмаслиги тайин”.

Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Нурлан Шарипов июнь ойи ўрталарида берган баёнотида Чуй вилояти суғориш тизими кам суғориладиган экинларга ихтисослашган совхозлар учун яратилганини айтган эди.

“Ҳозирги хусусий хўжалик юритувчилар эса жўхори, илдизмева ва резаворлар, полиз экинлари ва кўп сув талаб қиладиган бошқа экинларни экишяпти”, таъкидлаганди Шарипов.

Расмийларнинг тезкор чоралар кўришга лаёқатсизлиги аён бўлгач, айрим чуйлик фермерлар ўзбошимчаликка ўтишди: каналлардан ўз улушларидан ортиқча сув тортиб ола бошлашди, кечалари ариқ ва каналларни “бўғиб”, сувни ўз далаларига буришни одат қилишди.

Бу сувдан ҳаққини ололмаётган бошқа фермерларнинг норозилигига олиб келди. Натижада ҳукумат каналларга сув берувчи кичикроқ ҳавзаларни ёпиб, теварагига қоровул қўйишга мажбур бўлди.

Шундан сўнг чуйлик фермерлар Ўш билан Бишкекни боғловчи асосий автомобил йўлини тўсиб, ҳукуматдан сув муаммосига ечим топишни талаб қилдилар.

Маҳаллий ҳукумат мавжуд каналларни реконструкция қилиб, сув омборини тиклашга, туманларда янги қудуқлар қаздиришга ваъда берди.

Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида сув талашган фермерларнинг жанжали муштлашувга айланиб кетди. Низо оқибатида тўрақўрғонлик бир фермер бошидан оғир жароҳатланиб, вафот этди.

Сурхондарё вилоятининг Ангор тумани фермерлари эса маҳаллий кластер хўжалиги билансув талашмоқда.

Навшаҳар қишлоғи фермерларига кўра, кластер сувнинг катта қисмига эга чиқаётганини айтиб, маҳаллий ҳукуматни сувни адолатсиз тақсимлашда айбламоқда.

Озодлик июль ойи бошларида томорқа эгалари билан давлат кластери ходимлари ўртасидаги сув можароси чиққани ҳақида хабар берган эди. Ҳозирда мазкур иш судда кўрилмоқда. Ўшандан бери деярли ҳар куни умумий сув таъминоти канали бўйида икки гуруҳ сув талашиб жанжаллашади. Бир неча марта тўқнашув олдини олиш учун воқеа жойига ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари борган.

Озодлик маълумотига кўра, бу каби жанжаллар Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида кузатилмоқда.

Шаҳардаги ҳаёт

Фермер ва чўпонлардан кейин шаҳарлар аҳолиси ҳам қурғоқчилик жабрини торта бошлади.

Озодликнинг тожик хизмати Тожикистоннинг учинчи йирик шаҳри бўлмиш Кўлобда аҳоли сув танқислигидан қийналаётгани, хусусан, ҳар куни умумий водопровод колонкаларидан сув ғамлаб олишга мажбур бўлаётгани ҳақида ёзган эди.

Кўлобнинг Шоҳин маҳалласида яшовчи Талаб Иброҳимов Озодлик мухбирига шундай дейди:

“78 ёшга кирдим, мана, икки челакда сув ташияпман. Сув келтириш ҳар кунлик юмушимга айланди”.

12 июнга ўтар кечаси Қозоғистоннинг Бесагаш шаҳрининг 100 нафарга яқин аҳолиси уйларида ичимлик суви ўчириб қўйилганидан норозилик белгиси сифатида катта автомобиль йўлини тўсиб қўйди. Мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Уральск шаҳрида ҳам шунақа воқеа рўй берганди.

Ёзги тинкақуритар иссиқ Туркманистон учун табиий ҳисобланади, лекин бу йил ҳаво ҳарорати бутун мамлакатда +50 даражагача етмоқда. Лебап вилояти шарқий қисмида 7 июль куни 55 даража иссиқ қайд этилди.

Лебап шаҳри аҳолиси сувни цистерналарда ва қадоқланган ҳолда йигирма литри 5 манат (1.4 доллар) баҳода сотиб олади. Бу катта пул эмас, аммо сув рўзғорда ичимликдан ташқари чўмилиш ва кир ювиш учун ҳам зарурлигини ҳисобга олганда, ўртача оиланинг сувга ойлик харжи анча-мунча бўлиб қолади.

Электр қуввати асосан ГЭСларда ишлаб чиқариладиган Қирғизистонда расмийлар сув омборларида сув миқдори камлиги ҳамда мамлакатнинг бош гидроэлектр станцияси бўлмиш Тўқтағул ГЭСи таъмирланаётгани муносабати билан электр узилишига тайёр туриш ҳақида аҳолини огоҳлантирди.

Сув етишмовчилиги озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашишига ҳам олиб келмоқда, бу йилги ҳосил баракаси учганини ва чорва туёғи камайиб кетганини ҳисобга олганда нарх-наво келаси йил ҳам ўсишда давом этиши турган гап.

Сўнгги ойларда Тожикистонда сабзи баҳоси тахминан 700 фоизга ошиб кетди, айни ҳолат Марказий Осиёнинг бошқа тўрт мамлакатида ҳам кузатилмоқда.

Ажойиб кунларнинг бирида қурғоқчилик якун топади, аммо сув муаммоси йўқолмайди.

Иқлим ўзгариши ноодатий об-ҳаво шароитини вужудга келтирмоқда ва бундай қийинчиликлар катта эҳтимол билан келгусида ҳам давом этажак.

1900-йиллар бошида атиги 8 миллион кишини ташкил қилган Марказий Осиё аҳолиси ҳозирги кунда қарийб 75 миллион кишига етган. Айни суръат давом этган тақдирда 2030 йилда минтақа аҳолиси 80 миллион бўлади.

Марказий Осиёдаги барча давлатлар ҳукуматлари сув танқислигининг тезкор ечими сифатида кўпроқ қудуқ қаздиришга ваъда беришмоқда.

Мангистов вилоятида эса нефть қазиш ширкатлари нефть қудуқларини бурғулашни вақтинча тўхтатиб, техникани сув қудуқлари қазишга сафарбар қилишга чақирилмоқда.

Шу тариқа, Марказий Осиёда сув нефтдан қадрлироқ суюқликка айланиб бораётгандек.

XS
SM
MD
LG