Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:57

Марказий Осиёда мудофаа бюджети оширилмоқда. Бу барқарорликни таъминлашга ёрдам берадими?


Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳарбийлари иштирокидаги “Бирлашув-2024” машқлари, Манғистау вилояти, 2024 йил июли (Қозоғистон Мудофаа вазирлиги фотоси)
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳарбийлари иштирокидаги “Бирлашув-2024” машқлари, Манғистау вилояти, 2024 йил июли (Қозоғистон Мудофаа вазирлиги фотоси)

Марказий Осиё мамлакатлари эврилаётган геосиёсат манзарасида ўз ҳарбий эҳтиёжларига тобора кўпроқ пул сарфламоқда, деб ёзади Ғарб матбуоти. ОАВлар, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши уруши Каспий денгизида экологик инқирозни чуқурлаштираётгани ҳақида хабар қилган. Бундан ташқари, Остонанинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини икки бараварга ошириш режаси ва бу йўлдаги тўсиқлар мавзуси ҳам Ғарб медиасида ёритилди.

Марказий Осиё нега мудофаа харажатларини оширмоқда?

Марказий Осиё мамлакатлари минтақада ва Украинада авж олаётган ҳарбий можаролар манзарасида ўз мудофаа бюджетларини оширмоқда, бироқ экспертлар бу барқарорликни оширишига шубҳа қилмоқдалар, дейилади “Америка овози” сайтида эълон қилинган мақолада.

Стокҳолм тинчлик муаммолари халқаро тадқиқот институти маълумотига кўра, ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон мудофаага 1,8 млрд доллар сарфлаган. Ўзбекистон билан Туркманистон ҳисоботга киритилмаган, чунки улар ўз ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг қанча қисмини мудофаа ажратишини очиқламайди.

ОАВ хабарларига кўра, ўтган йили Қозоғистон ЯИМнинг ярим фоизини мудофаага йўналтирган (мамлакат ЯИМ умумий ҳажми 259,7 млрд долларни ташкил этган). Бир йил давомида бу сумма 8,8 фоизга ўсди. ЯИМ ҳажми қарийб 13,9 млрд доллар бўлган Қирғизистон шундан бир ярим фоизини, ЯИМ 12 млрд долларга тенг Тожикистон эса шунинг бир фоизини армия учун ажратган.
Минтақа расмийлари харажатлар ортганини Украинадаги уруш, Арманистон ва Озарбайжон можароси, минтақадаги чегара келишмовчиликлари ҳамда Афғонистондаги беқарорлик каби омиллар билан изоҳлашади.

“Америка овози”да чиққан мақола муаллифи – Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи ва журналист Питер Леонард фикрича, ҳарбий харажатлар ўсиши қисман иззатпарастлик масаласидир, чунки авторитар раҳбарлар қимматбаҳо қуролларни кўз-кўз қилишни ёқтирадилар.

Биз буни Туркманистон мисолида яққол кўриб турибмиз: мамлакат раҳбарияти Хитой, Европа ва Туркиядан сотиб олган янги қурол ва техникаларини ҳар йили парадларда намойиш қилишади. Мазкур тенденция бутун Марказий Осиёга ёйилаётганига гувоҳ бўляпмиз”, дейди эксперт.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳарбийлари иштирокидаги “Бирлашув-2024” манёврлари
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳарбийлари иштирокидаги “Бирлашув-2024” манёврлари

Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиёда милитаризация кучайиши геосиёсий вазият ўзгарганидан далолат беради. “Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) илгари Марказий Осиё хавфсизлигида муҳим рол ўйнаган. Бироқ сўнгги йилларда Марказий Осиё республикалари ҳарбий соҳада кўпроқ Туркия, Эрон, БАА, АҚШ, Хитой, Германия, Франция ва Беларус билан ҳамкорлик қила бошлади”, деб қайд этади у.

Айни чоғда Леонард минтақа мамлакатларида ҳарбий харажатлар оширилиши сиёсий барқарорликни мустаҳкамлашига шубҳа билан қарайди.

Агар Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари қуролли кучларга барқарорлик калити деб қараб, сиёсий ислоҳотларга ва қуйидан бўладиган босимни пасайтириши мумкин бўлган институтларни яратишга етарлича эътибор бермаса, уларни олдинда нохушликлар кутиб турибди, – мулоҳаза қилади Леонард. – Масалан, Қозоғистон ўз армиясига катта ресурсларни ташлаяпти. Аммо бу бутун мамлакатни ларзага солган 2022 йил январ умуммиллий намойишлари каби воқеалар олдини олишга ёрдам берадими?

Украинага қарши уруш Каспий экологиясига қандай таъсир қилмоқда?

Европанинг BNE Intellinews нашри Россиянинг Украинага қарши уруши Каспий денгизи экологик инқирозини чуқурлаштиргани ҳақида ёзди.

Июль бошларида Озарбайжонда балиқлар ёппасига қирилгани қайд этилди. Ушбу ҳодиса Россия Каспий флотилиясидаги кемаларидан Украина ҳудудларига қарата ракеталар учирган пайтга тўғри келди. Озарбайжон биохилма-хиллик агентлиги балиқлар ҳалокатини денгиз суви қизиб кетгани ва кислород камайгани билан изоҳлади. Россия ва Евроосиёни ўрганиш бўйича Карнеги фонди тадқиқотчиси Заур Шириевга кўра, ҳарбий ҳаракатлар атроф-муҳитни ифлослантириб, денгиз организмларига зарар етказаётир.

Россия Украинага босқин бошлаганидан сўнг, 2022 йилнинг март – май ойларида Мангистоу вилоятининг Каспий денгизи соҳилида кўплаб тюленлар ўлимтиклари топилган эди. 2022 йил ноябрда Қозоғистонда яна тюленлар қирилиши қайд этилди. Кейинроқ Доғистондаги соҳилбўйида минглаб, яна бир ой ўтгач эса Туркманистоннинг Қизилсув қишлоғи яқинида юзлаб ўлик тюленлар топилди.

Россия Доғистонда тюленлар қирилганини табиий сабаблар билан изоҳлади. Қозоғистон эса 2023 йил февралда ўтказилган тадқиқотдан сўнг “тюленлар атроф-муҳитнинг бадтар ифлосланиши натижасида пайдо бўлган вирусли инфекциялар ва пневмониядан ҳалок бўлган”, деган хулосага келди. Қозоқ тадқиқотчилари денгиз экологиясини ракета ёқилғиси булғаганини истисно қилишмайди, деб ёзади BNE Intellinews.

Мутахассислар тюленлар ёппасига қирилган жойда, Доғистон, 2022 йил декабри
Мутахассислар тюленлар ёппасига қирилган жойда, Доғистон, 2022 йил декабри

Каспий денгизи ифлосланиши шу пайтгача нефт-газ соҳасига боғланар эди. Бироқ Россиянинг Х-55 ва бошқа ракеталари отилиши натижасида ажралиб чиқадиган заҳарли моддалар ҳам ҳавза экотизимига салбий таъсир қилмай қолмайди.

Кўпинча эски ракеталар қўлланяпти, баъзилари носоз бўлгани учун денгизга қуламоқда. Бунақа ракеталар марказий асаб тизимини шикастловчи токсик децилин моддасини чиқаради. Децилин тирик организмларни заҳарлаши, озиқ занжирида тўпланиши ва жониворлар ҳамда ўсимликлар яшайдиган энг муҳим экомаконларда мувозанатни издан чиқариши мумкин”, дея Шириевдан иқтибос келтиради нашр.

2018 йилда қабул қилинган Каспий конвенциясида ҳавза дўстлик денгизи деб эълон қилинган, лекин ҳужжатда демилитаризацияга доир биронта банд йўқ. Шу билан бирга, агар ҳарбий ҳаракатлар жиддий экологик талафот етказадиган бўлса, Каспий денгизи муҳитини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Теҳрон конвенциясини қўллаш мумкин, дейилади мақолада. Шириев масалага дипломатик ечим топилмаган тақдирда халқаро арбитражга мурожаат қилишни маслаҳат беради.

Аммо Каспий бўйидаги бирон давлат денгиз булғанаётганидан очиқ шикоят қилишига кўзим етмайди”, таъкидлайди эксперт.

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни оширишига нима халал беради?

Қозоғистон ҳукумати яқин беш йил мобайнида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни икки бараварга оширишни режаламоқда, бироқ Остона жойларда ишчи кучи етишмаслиги муаммосини назардан қочираётир, деб ёзади Eurasianet нашри.

Қозоғистон энг йирик ғалла экспортчиларидан биридир. Январда ҳукумат 2024-2028 йилларда қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш режасини эълон қилди. Ҳужжат кўп сув талаб қиладиган экинларни қисқартириб, ёғ олинадиган экинлар ҳиссасини оширишни назарда тутади. Режа, шунингдек, технологик модернизация, сув ресурсларини бошқариш тизимига инвестициялар киритиш ва ўғитлардан экологик хавфсиз фойдаланишни ҳам ўз ичига олади.
Ҳукумат режани амалга ошириш учун 33 млрд доллар зарурлигини айтмоқда. Мазкур сумманинг учдан икки қисми паст фоизли кредитлар шаклида тақдим этилади. Инвестициялар қайта ишланган гўшт, сут ва сабзавот маҳсулотлари экспортига йўналтирилиши белгиланган.

Мақола муаллифи Айман Жусупова режада фермерларга кам ўрин берилганига эътибор қаратган. Ҳукумат режасида Қозоғистон қишлоқ хўжалигининг айрим нохуш воқеликлари, хусусан, аграр секторда ишчилар сони камайганлиги тилга олинмайди. Ҳолбуки, қисман шунинг ҳисобига қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги улуши камайиб бормоқда: 2022 йилда у 5,2 фоизни ташкил қилган бўлса, 2023 йилда 4,3 фоизга тушди.

Соҳада маҳсулдорлик камайишига нафақат ёмон инфратузилма ва эскирган жиҳозлар, балки иш ҳақи камлиги ва меҳнат муҳофазаси ёмонлиги ҳам сабаб бўлаётир. Қишлоқ хўжалиги ишчилари соҳани тарк этиб, яхши ҳақ тўланадиган иш топиш илинжида шаҳарларга кўчиб боришмоқда. Қишлоқлар аҳолисининг шаҳарга оқиши эса шаҳар инфратузилмасини зўриқтирмоқда; ҳаётда ўз ўрнини топа олмаётган ёшлар орасида норозилик кайфияти кучайиб бормоқда.

Муаллиф муҳим рақамларни келтирган: 15 йил муқаддам мамлакатдаги жами ишчи кучининг учдан бири айнан қишлоқ хўжалигида банд эди, ҳозирда ушбу кўрсаткич 12,5 фоизга тенг. Аграр соҳада қолган ишчилар меҳнат муҳофазаси ёмонлигидан, меҳнат шартномалари тузилмаслигидан, иш берувчининг қонунга зид ҳаракатларидан ҳимояланиш механизмлари мавжуд эмаслигидан шикоят қиладилар.

Қозоқ чўлларидаги аҳоли масканлари орасидаги улкан масофа жўғрофик ғовларни яратади; яна бир тўсиқ эса кўп қишлоқ ҳудудларининг сифатли интернет билан таъминланмаганидир, зеро бу аҳолининг рақамли саводхонлиги ва меҳнат ҳуқуқларидан хабардорлигига салбий таъсир қилади”, дея хулоса қилади Айман Жусупова.

Форум

XS
SM
MD
LG