Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:24

Таниқли актёр Матёқуб Матчонов МХХ ҳибсхонасидан Тоштурмага ўтказилди


Таниқли актёр Матёқуб Матчонов
Таниқли актёр Матёқуб Матчонов

Тошкентда таниқли актёр Матёқуб Матчонов устидан 17 августга режаланган маҳкама қолдирилиб, Матчонов иши қайта терговга жўнатилди. Бу ҳақда Озодликка Тошкент шаҳар судидаги манба билдирди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди мулозими аввал Олмазор туман суди ҳаками Берди Қиличевга топширилган иш “моҳиятан иқтисодий ҳуқуқбузарлик бўлгани ва бошқа ҳолатлар инобатга олиниб, қайта терговга жўнатилгани”ни маълум қилди.

Матёқуб Матчонов яқинлари билан суҳбатлашган Озодлик манбасига кўра, маҳбус МХХ назоратидаги ҳибсхонадан умумий режимдаги Тоштурма ҳибсхонасига кўчирилган.

“Бу эса унга нисбатан жараённинг бироз юмшаганидан далолатдир. Шу сабабли Матёқуб акамиз ташқаридан передача олди ва яқинлари билан қисқа учраштирилди”, деди Озодлик манбаси.

60 яшар Матчонов ва яна уч шахс қатор "молиявий-иқтисодий" жиноятларда айбланмоқда. Ўзбекистонда xизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов 4 июлда МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Матчонов иши жамоатчиликка ошкор бўлганидан сўнг унга юқори мартабали МХХ ва прокуратура мулозимларининг муносабати ўзгарган:

“Жамоатчилик Матёқуб Матчонов ҳибсга олинганидан ташвишга тушди. Театр арбоблари ўз сафдошлари ҳимоясига чиқди. Матчоновнинг яқинлари МХХ раисига шикоят ариза ëзди. Ариза резолюция билан пастга тушиб Матчонов иши яхши маънода назоратга олинди. Энди бу ишни туман суди эмас балки шаҳар суди кўрадиган бўлди”¸ дейди суҳбатдош.

Шаҳар судидаги Озодлик манбаси Матчонов иши шаҳар судига ўтказилганини тасдиқлади ва маҳкама жараёни Мустақиллик байрамидан сўнг ўтказилишини маълум қилди.

Тергов ишидан хабардор Озодлик манбаларига кўра, 60 яшар Матчонов “сохта банкротлик, савдо қоидаларини бузиш ва пул ювиш (яъни “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш”) каби молиявий-иқтисодий” жиноятларни содир этишда айбланмоқда:

“Матчонов фирмасида солиқдан камомад аниқланди ва катта миқдордаги бу камомад давлатга қайтарилди.” дейди манба.

Ўзбекистонда президент қарори билан тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини либераллаштириш бўйича қонунга киритилган ўзгартириш асосида етказилган зарар қопланса, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгиланади.

Айни пайтда таниқли ўзбек кино ва театр актёри Матёқуб Матчоновнинг театрдаги ҳамкасблари ҳам уни ҳимоясига чиқмоқда.

Аброр Ҳидоятов номли театрдаги Озодлик манбасининг айтишича, “жамоа бир тану-бир жон бўлиб, Матчонов учун туриб беришга тайёр":

“Олдин миш-миш гаплар бўлди. Кейин Озодликда ўқиб, ҳамкасбимизниг туҳматга учраганини тушундик. Таниқли театр арбоблари Матчонов ҳақида ижобий фикрнома ëзиб беришди. 17- куни судга ҳам бормоқчи эдик, аммо суд қолдирилибди. Биз ҳамкасбимизни ташлаб қўймаймиз"¸ дейди манба.

Озодликка, шунингдек, Матёқуб Матчонов билан бирга яна уч кишининг ҳибсга олингани маълум бўлди.

Аëн бўлишича¸ ҳибсга олинганлар актёр асос солган “Марса” номли тижорий ширкат ходимларидир.

Улардан бири Ҳ. исмли шахснинг мол-мулклари судгача арест қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, айни иш юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари яна икки шахсга нисбатан қидирув эълон қилган.

Бундан олдин Матчоновни яқиндан таниган шахс Озодлик билан суҳбатда яқин ва узоқ хориждан турли маҳсулотлар келтириб, улгуржи савдо билан шуғулланган “Марса” ширкати билан ҳамкорлик қилган Ўзбекистоннинг турли минтақалардаги бошқа ширкатлар устидан ҳам тергов-суриштирув ишлари олиб борилаëтганини билдирган эди.

Бир-биридан мустақил икки манбанинг иддао қилишича, “Матёқуб Матчоновнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон хавфсизлик тизимларидаги юқори мартабали икки генерал ўртасидаги шахсий адоват билан боғлиқ”.

Озодлик ўз манбалари айтаётган икки генерал бу адоватнинг манбаи оилавий-маиший, шахсий характерга эгалиги туфайли унинг тафсилотларига тўхталишни номаъқул, деб топди.

Бироқ айни шу адоват “Матёқуб Матчонов ва яна бир қатор одамлар бошига етгани” айтилмоқда.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов 1980 йиллар ўрталаридан ўзбек театр ва кино мухлисларига яхши таниш.

У "Шайтанат", "Темир эркак", "Суғдиёна", "Улфатлар", "Дада", "Арзанда", "Хизмат доирасидан ташқарида ", "Сотқин" каби фильмлардаги роллари билан киномухслар орасида шуҳрат топган.

Уч фарзанднинг отаси Матёқуб Матчонов 2011 йили “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Уни яқиндан таниган ҳамкасблари ва режиссёрларга кўра, актёр ўз ишига ўта талабчанлиги, жиддийлиги ва самимийлиги билан ажралиб туради.

Озодлик "Матчонов иши" юзасидан қўшимча маълумотларни ўрганишда давом этаётир.

XS
SM
MD
LG