Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:19

"Ғалаба жинбазми". Россияда 9 май урушни тарғиб қилиш воситасига айлангани ҳақида


Россия боғчасида Ғалаба байрами.
Россия боғчасида Ғалаба байрами.

Россияда 9 май байрами болалар учун урушга бағишланган спектакл томоша қилиш, уруш рамзлари намойиш этиладиган тадбирларда, юлдуз шаклида тизилиш ва тиз чўкиб хотирлаш маросимларида қатнашиш, “Ўзимизникиларни ташлаб қўймаймиз” шиори остида гуманитар ёрдам йиғиш ва Украинага қарши жанг қилаётган аскарларга мактублар ёзиш билан ўтади.

“Унинг болалигига барҳам берган уруш”

Майнинг бошларида Новосибирскдаги “Хвоя” парк-отелида болаларга мўлжалланган ҳарбий спектакл анонси пайдо бўлди. Афишада – танк ва ҳарбий кийимли шодон болакай тасвири, тепада ёзув: “Менинг болалигимда уруш бўлган эди”.

“9 май куни “ўша уруш”даги ғалабани байрам қиламиз-ку, ўтган замонларга ҳаволаки гап-да бу. Нега ундан, гўё ҳозирги болалар урушни бошидан кечиряпти, деган маъно чиқарасизлар?! Бунча қизишасизлар, биз тушунмаяпмиз. Спектакл болалар учун, уларда ватанпарварлик ҳисларини уйғотишга мўлжалланган. Бу ўтган асрда яшаган Лёша исмли боланинг ҳаётидан олинган, Улуғ Ватан уруши унинг болалигига барҳам берган ва бола урушга кетган. Болажонларга ўша даврларни эслатишнинг нимаси ёмон?” – ажабланади меҳмонхона мутасаддиси. “Бу каби спектакллар урушни тарғиб қилмаяптимикан?” деган саволдан кейин эса у гўшакни қўйиб қўяди.

Спектакл 9 май куни қўйилиши керак эди. Бироқ, ўз таъбирларича, афиша чиққанидан сўнг дарғазаб шаҳарликлар ва журналистлар қўнғироқ қилавериб “қулоқни тешиб юборишига бир баҳя қолган”. Хуллас, ҳозир меҳмонхонада ушбу спектакл афишаси йўқ.

Ушбу спектаклни қўйган “Коза-Егоза” номли хусусий театрдагилар ҳам уруш пропагандаси ҳақидаги саволдан ажабланиб, “мавзуга талаб катта” дея жавоб беришди.

Маълум бўлишича, “Болалигимда уруш бўлган эди” спектакли чиққанига бир йилдан ошибди: “Коза-Егоза” уни мактаб ва боғчаларга гастролларда қўйиб турар, “ҳеч ким норози бўлмаган” экан. Шунга қарамай, резонансдан кейин театр уни интерактив саҳна асарлари репертуаридан олиб ташлади.

“Бу афишага анча олдин, ўғлимни туғилган кунида театрга олиб бориш учун яхши спектакл излаб юрганимга дуч келувдим. Эртак-пьеса бўйича қўнғироқ қилиб, бирйўла буни ҳам сўрадим. Мактаб ва боғчалар кўпинча шунақа спектаклларга буюртма беришади, долзарб мавзу, қолаверса маданий-маърифий тадбир ўтказдик деб ҳисобот беришлари учун ҳам керак, деб очиқ айтишди. Қотиб қолдим, дея олмайман, чунки бундан бадтар ишларни кўриб юрибман: ўғлимнинг мактабида ўқувчилардан гоҳ бир жуфт пайпоқ ёки устара олиб келишни, гоҳ аскарларга хат ёзишни талаб қилишади. Бир куни “Болам репетиторга кечикяпти, бунақа нарсалар ихтиёрий-ку”, деганимда шундай жавоб беришди: “Ҳа, ихтиёрий, лекин болангиз синфда яккамохов, “душман” бўлиб қолишини истамайсиз-ку, тўғрими? Имтиҳонлардан эсон-омон ўтишини хоҳлайсиз-ку, тўғрими?” Мен бу гапни таҳдид деб тушундим. Айтганларини қиляпмиз, начора, бунақа тўнкаларни деб болам жабр чекмасин”, дейди Новосибирск турғуни Галина.

Хусусий театр асосчилари аввалроқ “Подъём” нашри билан интервьюда “Улуғ Ватан уруши қандай бўлгани, Совет Иттифоқи қанақа ҳарбий техникалардан фойдалангани, аскарлар кимлиги, тиббий ҳамширалар қандай бошқарилгани, уларга ҳайвонлар қандай ёрдам бергани, разведкачилар кимлиги” ҳақидаги ҳикоялар орқали болаларда “ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш”ни кўзлаганларини сўзлаб беришган.

Твер вилоятидаги болалар боғчаси ижтимоий тармоқда муаллифлар “интерактив” қўшиш ва болаларга аскар халтасини тўлдиришни таклиф қилиш билан бирга, уруш хроникаси кадрларини ҳам кўрсатишганини айтиб спектаклни мақтаган.

“Болалар мароқ билан томоша қилишди, қаҳрамоннинг сингилчаси йўқолиб қолганида унга қўшилиб хафа бўлишди. Алёшка турли ҳарбий касблар ҳақида жуда қизиқ нарсаларни гапириб берди. Спектаклни кўриш орқали болалар Ватанимизнинг шонли ўтмишига доир билимларини бойитиб олдилар”, деб ёзишган Белий шаҳридаги 2-сонли болалар боғчаси тарбиячилари.

Аммо ота-оналар бошқача фикрда. Интернетда ушбу спектакл ҳақида ғазаб ёзилган постлар кўп.

“Мен ҳам салбий мазмунда изоҳ қолдирдим. Афишани олиб ташлаганлари яхши бўлибди, демак, ҳамма бирдек норозилик билдирса, шунга қараб иш қилишга мажбур бўлишар экан. Ҳа, халқ буни тўхтатиш учун кўчаларга чиқолмайди, аммо интернетда ёзиш орқали болаларни асраш имконияти ҳаммада бор. Қамоққа тушмасдан норозилик билдиришнинг ягона усули шу, шекилли”, дейди Новосибирскда яшовчи Людмила исмли аёл.

OzodNazar: Хотира куни нега яна Ғалаба байрамига айлантирилмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:40:05 0:00

“Ажина кийимига ниқобловчи парчалар”

Шу кунлар Россиянинг кўплаб мактаб ва боғчаларида “Ғалаба соати” акцияси бўляпти. Челябинск вилоятининг Уст-Катаве шаҳридаги 13-сонли боғчага эса куни кеча “Ватан жангчиларига кўмак” штаби волонтёрлари келиб, болалар билан бирга фронтдаги аскарлар учун расмлар чизишибди, “ажина кийимига ниқобловчи парчалар” қадашибди.

Иккинчи жаҳон уруши Россияда кўп йиллардан бери пропаганда мақсадларида, хусусан, боғча ва мактабларда урушни тарғиб қилишда қўлланмоқда.

Георгий тасмалари, “можем повторить” ёзувли стикерлар, “Ўлмас полк” ҳудудий ташаббусининг давлат ихтиёрига ўтиши – булар бари тез-тез қулоққа чалинадиган “ғалаба жинбазми” (оригиналда – “победобесие”)нинг бир қисми, холос.

“Бугунги “победобесие” қарийб ярим аср бурун бошланган жараёнларнинг қайғули натижасидир. 1965 йили, узоқ танаффусдан сўнг 9 май ҳарбий парадлари тикланиб, Кремл идеологлари Улуғ Ватан уруши ҳақидаги коллектив хотирани ўзгартиришни бошлашди ва уни сокин мотамдан ошкора ифтихорга айлантирдилар. Ўз сиёсий омадсизликларини хаспўшлаш мақсадида шундай қилишди. Бунинг икки ёмон оқибати бўлди. Биринчидан, совет мафкурасининг ривожланиш вектори буткул ўтмишга қаратилиб, маълум ва машҳур “турғунлик” даврини бошлаб келди. Иккинчидан, халқнинг уруш ҳақидаги хотиралари – реал тарихий хотира билан умумийлиги жуда оз бўлган дабдабали, сунъий шиширилган давлат афсонасига айланди”, дейди тарихчи Илья Бобрик.

“Путин президент бўлгач “ўтмишга ўгириб қўйилган бош”ни ва Ғалаба мифологиясини йўниб силлиқлаб, ичига ўз ретроутопиясини жойлаб ва ҳар турли танқидлардан ҳимояловчи қонунлар чиқариб, сўнгра уларни россияликларга қайтадан сотди. Одамларни хотирасидан ва тафаккур қилиш қобилиятидан айириб, Ғалабани кўкларга кўтариш ва маданиятда милитаризмда мадҳ этиш учун катта майдон қолдиришди. Тарих билан бунақа ўйинлар россияликлар оммавий идрокида уруш фожиаси – камситилишига, ғалаба потенциали – ошириб кўрсатилишига, инсон ҳаёти эса қадрсизланишига олиб келди”, дея сўзини тамомлайди эксперт.

“Ўзимизникиларни ташлаб қўймаймиз” (“Своих не бросаем”) тадбирлари ҳудудларда февралдаёқ бошланган эди. Масалан, Татаристонда мактаб ярмаркалари чоғида болалардан пул йиғиб, фронт учун УАЗ автомобили сотиб олинган. Високогорск тумани раҳбари Равил Хисамутдинов бу тумандан урушга жўнатилган 23-машина эканини айтиб, мақтанди.

Красноярск мактабларида ҳарбийлар учун ҳожатхона қоғози ва совун йиғишмоқда. Тадбир “Ғалаба бизники бўлган ва бўлади” акцияси доирасида барча туманларда ўтказиляпти.

Мактаб ўқувчиларига ва барча хоҳловчиларга Россия армияси учун намланган қоғоз салфеткалар, тиш пасталари ва чўткалари, шампун, суюқ совун, устара, кир ювиш кукуни, ҳожатхона қоғози, қўлга суриладиган крем, антисептиклар, пахтали чўплар йиғиш таклиф қилинмоқда.

Булардан ташқари, ичкийимлар, уйқу қоплари, турли анжомлар, яра боғлаш ашёлари, дорилар, газ плиталари, консервалар, идиш-товоқ ҳам йиғилмоқда.

Шунингдек, акция иштирокчиларига “МҲА” ҳудудидаги аскарга хат ёзиш тавсия қилинади. Услубий қўлланмада мактубни “Азиз қаҳрамоним, ҳимоячим, шавкатли аскар! Сени 1945 йилги Буюк Ғалаба куни билан табриклайман! Сенга мустаҳкам соғлиқ, матонат, жасорат, куч-қувват ва, албатта, туғишганларинг ёнига эсон-омон қайтишингни тилайман” деган сўзлар билан бошланиши лозимлиги кўрсатилган.

Новосибирск давлат аграр университети 9 май куни барча ходимлар ва талабаларни Ғалаба куни тантаналари ниқоби остида ташкил қилинган Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаш акциясига чақирди. ОТМ сайтида хабар қилинишича, ёшлар “Қаҳрамон юлдузи” ва “Аскарга мактуб” тадбирлари доирасида махсус ҳарбий амалиётда қатнашаётган жангчиларни табриклашлари мумкин. “Аскарга мактуб” акциясини Россия маориф вазирлиги ўйлаб топган.

3 май куни Байкалорти ўлкасида “маданий фронт”нинг биринчи болалар шуъбаси очилди. Ўлка губернатори Александр Осиповга кўра, Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлагани учун халқаро санкцияларга учраган Давлат Думаси депутати Николай Бурляев раҳбарлик қиладиган мазкур ҳаракатнинг мақсади “Россиянинг ўзига хос маданияти, қадриятлари ва тарихини асраш”дир.

“Ўтган йили Байкалорти регионал шуъбаси очилган эди, бугун болалар шуъбасини очдик. Болалар маданият лойиҳаларини амалга оширишда бизга ёрдам беришади, ватан туйғуси ва маънавий-маърифий қадриятларни ўз санъатлари орқали халққа етказишади”, деб ёзди Осипов ўз телеграм-каналида.

2023 йилнинг баҳорида Россия мулозимлари болаларни боғча даври ва биринчи синфдан ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бошланишини эълон қилишган эди. Ватанпарварлик алифбосида “армия”, “анъаналар”, “ватан”, “ишонч”, “шараф” каби сўзлар бўлади.

2024 йил бюджети лойиҳасида ватанпарвар ёшлар ташкилотларини молиялаш учун рекорд сумма – 45,9 млрд рубл маблағ ажратиш назарда тутилган эди.

Май арафасида кўплаб регионлар “ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш” тадбирларига катта-катта маблағ ажратди.

Чунончи, Краснодар ўлкасида апрел ойи давомида Офицерлар уйида ташкил қилинган тадбирларнинг ўзига 30 миллион рублдан кўпроқ пул сарфланган. Шундан:

13 млн – “Юнармия” (“Ёш армия”) ўсмирларни тарбиялаш регионал маркази инструкторларининг иш ҳақига;

10 млн – “Юнармия” клублари учун ҳарбий кийим-бош сотиб олишга;

5 млн – ҳарбий-ватанпарварлик фестивалларини ташкил қилишга;

2,2 млн – 9 май кунига кўргазма вагонлар ташкил қилишга харж қилинган. Ушбу акция “Красноярск Берлингача борган” деб аталади.

Шунингдек, Россия мактабларида ўқувчиларнинг чўкка тушган ҳолда “Улуғ Ватан уруши йилларида геноцид қилинган совет халқини ёд этиши” урфга кирмоқда. Россия ҳукуматининг 2021 йилги бу “кашфиёти”га кўра, ҳар йили 19 апрел куни ўқувчилар шундай маросимда иштирок этадилар.

“Агентство” нашри мактабларнинг “Вконтакте”даги гуруҳларидан болалар юлдуз шаклида сафга тиздирилгани акс этган 300 дан ортиқ фотоҳисоботларни топди. Мордова, Чувашия, Бошқирдистон, Омск ва Ростов, шунингдек аннексия қилинган Қрим мактабларининг ҳисоботларида болалар чўккалаб турибди. Иркутск вилоятининг Усолья-Сибирск шаҳридаги 16-мактабда эса ҳатто биринчи синфлар ҳам тиз чўктирилган. Омскдаги бир мактабда қизлар юлдуз шаклида полга ётқизилган бўлса, Краснояр ўлкасининг Беллик шаҳридаги мактабда болалар Z ҳарфи шаклида саф торттирилган.

Форум

XS
SM
MD
LG