Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:51

Ғаллаороллик икки фарзанднинг онаси ажрашиш учун эрини изламоқда


Севара ва Дилмурод бундан 10 йил олдин.
Севара ва Дилмурод бундан 10 йил олдин.

31 яшар жиззахлик Севара Мусулмонованинг иддао қилишича, Ғаллаорол туман суди ва туман прокуратураси унга бундан 7 йил олдин Россияда бедарак кетган эрини топиб келишни буюрган.

Моддий томондан оғир аҳволда қолган икки боланинг онаси оиласдан хабар олмай қўйган эридан ажратиш тўғрисида берган иккита аризасини судья ва прокурор қабул қилмаганини айтмоқда

Ғаллаороллик Севара Мусулмонова икки фарзандининг отаси, 7 йил бурун Россияга кетганидан бери дараги йўқ 33 ёшли Дилмурод Мусулмоновни топишда кўмак сўраб, Озодликнинг Москвадаги таҳририятига мурожаат қилди.

Севара шу кунларда онаси оғир касал бўлиб, ёстиққа михланиб қолгани ва эндиликда икки боласи ва онасини боқишга мутлақо шароити қолмаганини гапириб берди. У эридан ажримини олиб, пул ишлаш учун Россияга икки боласини олиб кетишга қарор қилганини айтади.

- 2011 йилда хўжайиним Россияга ишлагани кетувди. Ўртамизда иккита боламиз, ЗАГС бор. Орада мен ўзим Россияга уни орқасидан ишлагани бориб келдим. Уни топиш муаммо бўляпти. Исми Мусулмонов Дилмурод, 1985 йилда туғилган. Калужский область, Козельск шаҳрида бўлган у охирги марта. Мен ўзим борганимда у бир рус аёли билан бўлиб қолганини ва биздан воз кечганини билдим. Энди ажрашаман десам, ўзи йўқ. Онам давление бўлиб, ётиб қолди. Болаларимга қараб турадиган одам йўқ. Болаларимни Россияга олиб кетаман десам, отасидан рухсат сўраш керак экан, дейди Севара.

Жиззахлик аёл ҳозирда ногирон бўлиб қолган онасининг нафақа пулига икки фарзанди билан яшаётганини айтди.

Дилмурод Мусулмонов 2011 йилда Россияга чиқиб кетган
Дилмурод Мусулмонов 2011 йилда Россияга чиқиб кетган

Севара Мусулмонова ўтган йиллар давомида 2007 ва 2009 йилда туғилган болаларига Дилмуроддан бирор тийин ёрдам пули олмадим, дейди.

Унинг иддаосича, ажрашиш тўғрисида ёзган аризаси икки маротаба маҳаллий суд томонидан қабул қилинмаган.

- Ғаллаорол туман суди ва прокуратурасига мурожаат қилдим. Болларимни ўзим билан олиб чиқиб кета олмаяпман ва уни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилишга ариза ташлаган эдим. Улар ҳам “Ўзини топиб кел!”, деб аризамни 2 марта қайтарворди. Тўловини қилдим, адвокатга 600 минг сўм ҳам бердим – “Ўзи йўқ одам билан ажрашишнинг иложи йўқ”, деяпти. Адвокат ҳам бирор иш қилгани йўқ. Қидирувга эълон қилдим. Топишим керак уни, топмасам аризамни олмаяпти ҳеч ким, қийналиб кетдим, деди Севара.

Озодлик Севара Мусулмонованинг сўзларига кўра, унинг "аризасини қайтариб юборган" амалдор Ғаллаорол тумани Фуқаролик ишлари бўйича суди судьяси Давронов эканини аниқлади. Бироқ судья билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Севаранинг алимент ишлари билан шуғулланаётган Мажбурий ижро бўлими ходими суд ижрочиси Бахтиёр Бобобеков Озодлик билан суҳбатда Дилмурод Мусулмоновнинг ҳақиқатан қидирувга берилганини тасдиқлаб, деди:

- Бизда алимент масаласида ижро ҳужжати мавжуд. Алимент пулларини ундириб беришимиз керак. Биз уйидагилари, маҳалладаги қўни-қўшниларидан хат олганмиз, ота-онаси билан гаплашганмиз. Россияга бола чиқиб кетиб, қайтиб келмаган ва ҳозир қаерда экани номаълум бўлгани сабабли Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлими қидирув эълон қилган. Ички ишлардан сўраб-суриштирсак, “Қидирувда турибди, шуғулланаяпти!”, деяпти. Мусулмонова Севарамиди? Аризасини қабул қилади, агарда камчиликлари бўлмаса. Лекин аризасини олишга мажбур. Олмабдими? Аризани олиши керак – эри йўқолганини у қаердан билади, дея таажжубланди суд ижрочиси.

Севара 2011 йилдан буён дараги йўқ эридан расман ажраштириб бериш илтимоси билан Ғаллаорол туман прокуратурасига ҳам мурожаат қилгани ва Ўсаров деган прокурор ёрдамчисидан ҳам “Эрингни топиб кел!” деган жавобни олганини айтди.

Ғаллаорол туман прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик радиосидан мурожаат бўлаётганини эшитиб, “Кечирасиз, адашиб тушиб қолдингиз!”, дея телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи 80 ёшли нафақахўр ва фаол Набижон Жўрабоев туманда одамларнинг жуда кўпи ҳокимият, прокуратура ва судга шахсан шикоят қилишдан ҳайиқиб қолган, дейди.

- Ариза топширишга ҳамманинг ҳаққи бор. Бунақаси Ғаллаоролда тиқилиб ётибди! Билмадим, Ғаллаорол Ўзбекистонга қарайдими ё бошқачами?! Бечоралар менга келади, ёрдам сўраб. Биттасига ҳоким “Мунча ҳамманг ўша 70 ошган одамнинг олдига бораверасан?”, дебди. Агар ҳокимият, прокуратура ва халқ қабулхонаси ишласа мени олдимда булар нима қилади? -дея вазиятни тасвирлаб берди Набижон Жўрабоев.

Қонун нима дейди?

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 43- ва 219-моддаларига мувофиқ эр-хотиндан бири:

- суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

- суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

- содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган умумий болалари бор-йўқлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш қайд этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG