Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:10

"Меҳр дафтари". Миллий гвардияга етим болалар ҳимоясини ташкил қилиш топширилади


Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйида, август, 2021
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйида, август, 2021

Вазирлар Маҳкамасининг (ВМ) етим ва ота-онасиз қолган болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қарорининг жамоатчилик муҳокамаси якунига етди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил август ойида, мамлакатдаги етим болалар "муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш" учун яна битта дафтар очишга қарор қилганди.

Вазирлар Маҳкамаси эса президент топшириғи билан "Меҳр дафтари" тизими ҳамда бу тизимни ишга солувчи Низомни ишлаб чиқди. Ҳужжатда, етим болалар ҳисоби ва ҳимоясини ташкил қилиш Миллий гвардия, Халқ таълими ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига юкланган.

Шу пайтгача, "Янги Ўзбекистон"да бунақа дафтарлардан бир нечаси - "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари", "Хотин-қизлар дафтари" тизимлари ишга солинган.

Шу йил 9 августда президент Шавкат Мирзиёев етим болалар ҳимоясига қаратилган икки қарорни кетма-кет имзолади:

  • "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»,
  • "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида".

Бу қарорлар ортидан Вазирлар Маҳкамаси, "Меҳр дафтари" тизими фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни 30 сентябрь куни муҳокамага қўйди, муҳокама 15 октябрда тугади.

Ҳукумат қарорига биноан:

  • Меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, ўқув-тарбия муассасалари, ССВ тизимидаги Болалар уйларида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган етим болалар "Меҳр дафтари"га киритилади;
  • босқичма-босқич фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) оладиган оилаларни рағбатлантириш чоралари кўрилади.

"Меҳр дафтари"га кирадиган болалар, уларни парвариш қилаётган оилалар, ташкилотлар ва васийлар сонини аниқлаш, муаммоларини ўрганишни ташкил қилиш эса Миллий гвардия зиммасига юкланади.

Бунинг учун гвардияга Халқ таълими ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ёрдам беради.

Ҳужжатда қайд этилишича, “Меҳр дафтари” тизимини ишга солиш учун ҳам "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси" ташкил қилинади.

Жамғарма эса, 2022 йил 1 январдан бошлаб :

  • алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоизи миқдоридаги ажратмалар;
  • ҳомийлик маблағлари;
  • хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан шакллантирилади.

Qalampir.uz нашрининг илова қилишича, алкоголь маҳсулотлари улгуржи савдосидан тушадиган соф тушумининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма йилига 85 млрд сўмни ташкил қилади.

Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан буён, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами билан ишлаш "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари", "Хотин-қизлар дафтари" каби янгича тизимларга солинмоқда.

Сайлов арафасида Ўзбекистон Жаҳон Банкидан келаётган беш йилда яна қарийб 5 миллиард доллар қарз олиш ҳақидаги ҳамкорлик дастурини имзолади. Бу маблағларнинг бир қисми юқоридаги каби ижтимоий ҳимоя ва қашшоқликка қарши курашга сарфланиши айтилмоқда.

Яқинда ҳукумат, Мирзиёевнинг ўтган беш йилдаги ислоҳотлари давлат ғазнаси ва Ўзбекистон халқига қанчага тушгани ҳақидаги рақамларни ҳам эълон қилди.

Сайлов арафасида ишга туширилган reforms.uz порталига кўра, ҳозиргача бу ислоҳотларга 114 триллион сўм ва 30 миллиард АҚШ доллари сафрланган. Бу эса аҳоли жон бошига тақсимланганда, тақрибан 1100 АҚШ долларини ташкил қилмоқда.

Жаҳон банкига кўра, жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 2020 йилда 1686 долларни ташкил этган. Бу қўшни Қозоғистон аҳолисининг даромадидан беш баробарга камдир.

XS
SM
MD
LG