Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:40

#Men_Feruzaman. Танқидий мақоласи сабаб таҳқирланган журналистни қўллаш акцияси бошланди (ВИДЕО)


7 августда Интернетнинг ўзбек сегментида #Men_Feruzaman номли норозилик акцияси бошланди.

Ўзбек журналистлари, блогерлари Qalampir.uz журналисти Феруза Нажмиддиновани таҳқирловчи видео тарқалганига норозилик билдириб, айбдорлар жазоланишини талаб қилмоқда.

Нажмиддинованинг “Tashkent City”даги айрим ресторанлар “танкаси ҳимоясида” карантин қоидаларига риоя қилмасдан ишлаётгани ҳақидаги кўрсатувидан сўнг уни таҳқирловчи видео тарқатилди. Кўп қаватли уйлардан бирининг балконида жинсий алоқа қилаётган жуфтлик видеосидаги аёл Феруза Нажмиддинова дея тақдим қилинди.

Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси, Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ​ ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди ушбу воқеани қоралаб чиқишди.

Ички ишлар вазирлиги ушбу воқеа бўйича суриштирув бошланганини маълум қилди.

7 август куни ижтимоий тармоқларда журналистлар, блогерлар ва фаоллар журналист Феруза Нажмиддиновани таҳқирловчи видео тарқатилганини қоралаш кампаниясини бошлади.

#Men_Feruzaman хэштеги билан давом этаётган ушбу акцияга Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳам қўшилди.

7 августда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеода Тошкентдаги кўп қаватли уйлардан бирининг балконида жинсий алоқа қилаётган жуфтлик акс этган. Унга берилган изоҳда видеодаги аёл Qalampir.uz журналисти Феруза Нажмиддинова дея тақдим қилинган.

Ушбу видео тарқалишидан бир кун аввал Qalampir.uz нашрида Феруза Нажмиддинованинг “Tashkent City”даги айрим ресторанлар карантин қоидаларига амал қилмасдан соат 20:00дан кейин ҳам ишлаётгани танқид қилинган видео эълон қилинганди.

“Айрим ресторанлар карантин қоидасини ҳам, махсус комиссия қарорларини ҳам менсимай ишлашда давом этяпти ва бунга “Tashkent City” рўпарасидаги Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам кўз юммоқда”, дейилади “Tashkent City”даги ресторанларнинг “танка”си борми?” сарлавҳали видеода.

Бугун биз исталган одамни “шес секунд”да шарманда қилиш, унинг устидан исталган вақтда мағзава ағдариб, томоша қилиб туриш, обрўсизлантириш ва шу йўсинда алам олиш осон бўлган даврда яшаяпмиз. Феруза Нажмиддинова экан деб туҳмат қилинаётган видеода аёлнинг юзидан унинг кимлигини таниб олиш мумкин эмас”, дейилади Qalampir.uz тарқатган баёнотда.

Феруза Нажмиддинова тарқатилган видеони “ўзининг шаъни ва обрўсига қилинган бўҳтон”, дея баҳолаб, бунга қонуний чора кўришни сўраб, ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Нажмиддинованинг мурожаати бўйича терговга қадар текширув бошланганини маълум қилди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Шоҳрух Ғиёсов журналист Нажмиддинова билан боғлиқ ҳолат вазирлик назоратига олинганини маълум қилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ҳам ушбу ҳолатни қоралаб, баёнот эълон қилди.

“Ушбу ҳолат оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятига, шу билан бирга жамиятда фаол, ахборот маконида ўз ўрнига эга журналист бўлган хотин-қизларимизнинг шаъни, қадр-қимматига салбий таъсир этувчи ҳаракат ва улар фаолиятига таҳдид сифатида баҳоланиб, ҳолат адолатли ўрганилиши Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан назоратга олинди. Ўрганиш натижалари юзасидан батафсил ахборот берилади”, дейилади Сенат Ахборот хизмати томонидан берилган хабарда.

Ўзбекистон журналистлари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳам журналист Нажмиддиновани таҳқирловчи видео тарқатилганини қоралаб, расмий баёнот эълон қилишди.

“Агентлик ОАВ вакиллари шахсини обрўсизлантириш, журналистлар фаолиятига қинғир ва ноқонуний йўллар билан дахл қилишга бўлган уринишларни кескин қоралайди”, дейилади АОКА баёнотида.

Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжонов ҳам журналист аёлга қилинган ҳолатни қоралаб, жумладан, шундай деб ёзди.

“Пасткаш инсонлар доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Аммо биз улардан чўчимаслигимиз керак. Феруза, биз Сиз томондамиз!”.

XS
SM
MD
LG