26 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир тумани суди томонидан майда безориликда айбланиб, 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов Тошкент шаҳар ИИББ биносида ушлаб турилибди. Бу ҳақда 1 январь куни инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
46 яшар Дамас ҳайдовчиси 23 декабрь куни Тошкентдаги метан газ қуйиш шохобчасида туни билан навбат кутганини айтган ва навбати келганда метан газ тугаб қолганидан норозилик билдириб расмийларга видеомурожаат қилган эди.
Тармоқларда тарқалган видеода газга бой Ўзбекистонда аҳолининг газ танқислигидан азият чекаётганини адолатсизлик деб атаган ҳайдовчи “Ўзбек халқи қўйми?.. Ўзбекистон камбағал давлат эмас-ку, ерости, ерусти бойликлари кўп-ку... Бизниям эркин яшашимизга қўйишинглар мумкин-ку... Нега бизни бунча қийнайсизлар? Автомат олиб отиб ташанглар..”, деган сўзларни айтиб норозилик билдирганди.
Дамас ҳайдаб уч-тўрт сўм топишини айтган Ғайрат Дўстов оиласида ногиронлари ва касаллар борлиги, уйида егулик йўқлигидан шикоят қилган “мана, қанақа оёқ кийим кийиб юрибман” дея, оёғидаги, афтидан кўп кийилганидан тешилган ва увада бўлган кроссовкасининг иккала поясини ечиб, иккала қўлида видеокамерага тутган.
Айнан шу кадрлар ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида бу мавсумда яна ҳам оғирлашган энергобўҳроннинг рамзига айланди ва минглаб одамлар томонидан улашилди.
Бир вақтнинг ўзида фаоллар ҳали исми шарифи ҳам билинмаган тармоқ фойдаланувчисининг тақдиридан хавотир изҳор қила бошлашди. 24 декабрь куни унинг ўзи тармоқларда яна бир видео жойлаб, ички ишлар ва прокуратурага чақирилгани, аммо айтган сўзлари учун кечирим сўрамаслигини айтиб чиқди.
2024 йилнинг сўнгги – 31 декабрь куни ижтимоий тармоқларда видеочиқиш қилган йигит Ғайрат Дўстов исмли шахс экани, яқинлари ундан хабар ололмаётгани ҳақида постлар пайдо бўлди.
Янги йил кириб келадиган соатларга яқин эса Ғайрат Дўстов “майда безориликда айбланиб, 15 суткалик қамоққа маҳкум этилгани, Қўйлиқдаги “Панелний” номи билан танилган вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасида сақланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Тармоқларда тарқалган Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг 26 декабрь куни чиқарган қароридан англашилишича, Ғайрат Дўстов Бектемир туманида жойлашган “Моротранс” МЧЖ газ қуйиш шохобчаси эгаси экани айтилаётган Н. Ҳасановнинг аризасига кўра, МЖтК нинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Суд Дўстовдан маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш қамоқхонасига фойдасига жазо ўталган ҳар бир сутка учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи ёки 843.750 сўм миқдорида пул ундиришни ҳам белгилаган.
Қарорда ҳуқуқбузар “шохобча ходимларини турли сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ва қилган ишидан пушаймонлик” изҳор этгани айтилган. Суд тергов органи томонидан Дўстовнинг “майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкинишда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлари тўғри квалификация қилинган” деб топган.
Дамас ҳайдовчисининг қамалиши Янги йил кечаси ижтимоий тармоқлар ўзбек сегментининг асосий муҳокама мавзусига айланди. Тармоқ фаоллари ва фойдаланувчилари энергетика муаммосини ҳал қилиш ўрнига норози фуқарони қамаш йўлини танлаган ўзбек ҳукумати ва адлия тизими қароридан кескин норозилик изҳор қилдилар. Қатор фаоллар суд қарорига имзо чеккан судья Д. Дадаханованинг суратларини тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштиришди. “Бутун Ўзбекистон халқи номидан сизга катта раҳмат. Энг ашаддий жиноятчига ҳукм ўқидиларингиз” деб ёзди Фейсбук саҳифасида Фарруҳ Самарқандий.
Суд ҳукмидан норозилик тармоқлардаги танқидий постлар билан чекланмади. Бир вақтнинг ўзида Ғайрат Дўстовни озод қилиш учун флешмоб ва унинг оиласига ёрдам кампанияси бошланиб кетди.
1 январь куни йрдам учун тармоқларда эълон қилинган банк картаси рақамига 20 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушиши ортидан карта блоклаб қўйилгани хабар қилинди.
Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановнинг 1 январь куни ёзишича, Дўстов 27 декабрь куни Панельнийдан Тошкент шаҳар ИИББнинг тергов изоляторига олиб кетилган. Ҳозирда Дўстов Тошкент шаҳар ИИББнинг тергов изоляторида сақланмоқда. Унга адвокатлари билан кўришишига рухсат берилмаётир.
Озодликка маълум бўлишича, Ғайрат Дўстов Қашқадарё вилотининг Китоб туманидан Тошкентга келиб, ижара уйда яшайди ва ижарага олинган Дамас автомобили билан кира қилиб, тирикчилик қилади.
“Ғайратга_озодлик” челленжи остида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган постларда энергетика муаммолари билан бир қаторда сўз эркинлиги ва ҳукуматнинг ҳақиқатни яширишга уриниши, фаоллар оғзини ёпишга қаратилган ҳаракатлардан норозилик ҳам ифода қилинди.
Айрим фаоллар Дўстовни қамоққа олган судьянинг фотосуратларини тармоққа жойлаб, уни виртуал сазойи қилишга уринишган бўлишса, баъзи гуруҳларда президент Мирзиёевнинг “Одалат, одалат, ва яна одалат...” деган сўзлари киноя қилинди.
Тармоқ фаолларининг аксарияти ижтимоий адолат тамойилларига урғу бериб, раҳбарларнинг жиноятлари кечирилиши, оддий фуқаролар учун жазо муқаррарлигини таъкидлашди.
1 январь куни тармоқдаги норозиликка ҳукуматга яқин блогерлар, жумладан, Ўзбекистон давлат хабар агентлиги UzA директори ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев ва Адлия вазирлиги маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳам қўшилишди.
"Давлат йўқ жойдан ўз қўли билан ўзига нисбатан норозилик рамзи бўлган халқ қаҳрамонини яратди. Давлат биринчи марта бунақа хато қилаётгани йўқ. Битта хатонинг қайта-қайта қилинавериши ҳаммамиз учун нохуш хабар", деб ёзди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Телеграмдаги каналида.
Расмийлар эса ҳозиргача Ғайрат Дўстовнинг тақдири юзасидан бирон маълумот бергани ва ижтимоий тармоқлардаги норозиликка муносабат билдирганича йўқ.
Форум