Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:21

Мева экспортчиси: "Ўзавтосаноат" собиқ раҳбари туфайли $2,5 млн жаримага тортилдим


Бахтиёр Баротов
Бахтиёр Баротов

Сурхондарёлик тадбиркор Бахтиёр Баротовнинг Озодликка арз қилишича, "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси бошқарув кенгаши раисининг собиқ ўринбосари Тоҳир Жалилов назорати остида хорижга экспорт учун мева-сабзавот тайёрлаб берган, аммо унинг ширкати касодга учраши оқибатида, давлат томонидан 2 685 011 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилган.

2015 йилдан бошлаб уч йил давомида "Мева Сабзавот Экспорт Сурхон" МЧЖ раҳбари бўлган Бахтиёр Баротов 2018 йил декабридан буён Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167- моддаси бўйича ("Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш") айбланмоқда.

Бахтиёр Баротов устидан қўзғатилган иш юзасидан Озодликка изоҳ берган Ўзбекистон Бош прокуратураси айни иш Бош прокуратура юритувида мавжудлигини айтиши мумкинлигини билан чекланди.

Аммо Бахтиёр Баротов бунинг учун ҳозирда "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компаниясига раҳбар бўлган Тоҳир Жалилов жавобгар деган ишончда.

Бахтиёр Баротов илгари сурган иддаолар бўйича Озодлик ҳозирда раиси бўлган Тоҳир Жалиловдан изоҳ ололмади.

"Ўзавтосаноат"чи назорат қилган мева-сабзабот экспорти

57 яшар Бахтиёр Баротовнинг айтишича, у ва Тоҳир Жалилов ўртасидаги ҳамкорлик 2015 йилда “Мева Сабзавот Экспорт Сурхон” МЧЖси ташкил этилгандан сўнг бошланган.

Бахтиёр Баротов ушбу ширкат орқали Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тизимига кирувчи ташқи савдо компанияларининг чет элларда очилган савдо уйларига консигнация асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бера бошлайди.

(Консигнация - сотувчининг харидорга сотиб бўлгунга қадар маҳсулотга эгалик ҳуқуқига эга бўлиши - Озодлик изоҳи)

Бахтиёр Баротов иддаосига кўра, ушбу жараён устидан ўша пайтда "Ўзавтосаноат" акциядорлик ​компанияси бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари бўлган Тоҳир Жалилов тўлиқ назорат ўрнатган эди.

Унинг маълум қилишича, “Мева Сабзавот Экспорт Сурхон” ва Россия ҳудудида Тоҳир Жалилов раҳбарлигида таъсис этилган "УзАгроИмпорт" масъулияти чекланган жамият ўртасида 2015 йил декабридан бошлаб то 2016 йил 1-сентябрига қадар қиймати тахминан 5 миллион долларга тенг 27 та экспорт-импорт шартномалари амалга оширилади.

Бахтиёр Баротов ўз иддаоси исботи сифатида 2015 йил 23 октябрда қайдга олинган Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ишчи гуруҳи махсус йиғилишининг баённомасини йўллади.

Мазкур даврда вазирликни бошқарган Элёр Ғаниев имзоси битилган баённоманинг иккинчи саҳифасида мева-сабзавот экспорти устидан тўла назорат қилиш Тоҳир Жалиловга юклатилгани айтилган.

Элёр Ғаниев имзолаган ҳужжатга кўра, экспорт устидан назорат Тоҳир Жалилов зиммасига топширилган
Элёр Ғаниев имзолаган ҳужжатга кўра, экспорт устидан назорат Тоҳир Жалилов зиммасига топширилган

"Заготовшчик"

Бахтиёр Баротов унинг зиммасига Ўзбекистон жанубида қуруқ ва ҳўл мева-сабзавотлари жамлаш вазифасигина юклатилганини айтди.

"Маҳсулотларимизнинг ҳаммаси Тоҳир Жалилов бошчилигида Россия ва Қозоғистонга чиқарилган. Биз фақат Сурхондарё вилоятида "заготовшчик" вазифасини бажарганмиз," деди Бахтиёр Баротов.

Баротовнинг айтишича, унинг ширкатига, мева экспортини амалга ошириши учун, "Ўзавтосаноат"га қарашли автосалонлар молиявий ёрдам бериб турган.

Сурхандарёлик тадбиркорга мева-сабзобот экспорти учун имтиёзли қарзлар ва молиявий ёрдамлар берилган
Сурхандарёлик тадбиркорга мева-сабзобот экспорти учун имтиёзли қарзлар ва молиявий ёрдамлар берилган

"(Жалилов) пулнинг хўжайини менман, фақат менга Сурхондарё вилоятидан мева экспорт қилиб берсангиз бўлди, деган. Қолгани билан ишингиз бўлмасин, нархни белгилаш ва сотиш - бу менинг муаммом, деган," дея Жалилов ва ўзи ўртасида бўлиб ўтган суҳбатни эслади Бахтиёр Баротов.

"Кутилмаган бурилиш"

Бахтиёр Баротовнинг қайд этишича, “Мева Сабзавот Экспорт Сурхон” МЧЖ "кутилмаган бурилиш"га дуч келди ва бир кунда касод бўлди.

2016 йил апрелида Тоҳиржон Жалилов товламачилик йўли билан "Ўзавтосаноат" пулларини ўзлаштирганликда гумонланиб ҳибсга олинди.

"Натижада Россияга йўлланган юзлаб миллиард сўмга тенг маҳсулот маблағи Ўзбекистонга қайтмади ва бизнинг ширкат жаримага тортилди",- дейди Бахтиёр Баротов.

Сурхондарё вилоят суди қарори
Сурхондарё вилоят суди қарори

Нусхаси Озодликка келиб тушган Сурхондарё вилоят Хўжалик судининг 2017 йилнинг 24 февралида олган қарорига мувофиқ, 27 та экспорт-импорт шартномалари бўйича "жами 2 685 011 АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўтган дебиторлик қарздорликка йўл қўйилганлиги ҳолати аниқланган".

(Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июндаги "Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 245-сонли қарорининг 4- бандгига асосан белгиланган муддат ўтганидан кейин хорижий валюта тушиши бир йилдан ортиқ муддатга кечикканда қўшимча равишда тушмаган валюта маблағлари суммасининг 70 фоизга тенг миқдорда республика бюджети даромадига жарима тўлаш белгиланган - Озодлик изоҳи)

"Жалиловнинг қайтиши"

Тоҳир Жалилов
Тоҳир Жалилов

Тоҳиржон Жалилов айбловлардан фориғ бўлиши Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримов ўлимидан сўнг амалга ошди.

2017 йил февралида 50 яшар Жалилов яна “Ўзавтосаноат” бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига қайтарилди.

Айни йилнинг июнь ойи охирида эса "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ширкатига раҳбар этиб тайинланди. 27 июнь куни Мирзиёев экспорт соҳасидаги камчиликлар учун “Ўзбекозиқовқатхолдинг” раҳбари Одилхон Рустамов ва ушбу холдинг таркибида бир йил аввал тузилган "Ўзагроэкспорт" махсус ташқи савдо компанияси директори Жамшид Холмуҳаммедовни “ўз лавозимига нолойиқ” дея вазифасидан озод этганди.

Аммо Бахтиёр Баротов Озодлик билан суҳбатда унинг ширкатига қўйилган жарима ҳамон олиб ташланмаганини айтди.

Унинг иддао қилишича, Тоҳиржон Жалилов юзага келган вазият учун масъулиятни ўз зиммасига олишдан бош тортмоқда:

"Маҳсулот кетган. Жалилов қамалиб чиқди. Ҳозиргача икки уч марта учрашдим у одам билан. "Мен сенга ёрдам қиламан деб, бугунги кунга келганда "бор ўзинг биласан, мен билмайман деяпти."

Озодликнинг сурхондарёлик тадбиркор иддаолари юзасидан Тоҳиржон Жалиловдан изоҳ олиш уринишлари натижа бермади.

Бахтиёр Баротов устидан қўзғатилган иш юзасидан Озодликка изоҳ берган Ўзбекистон Бош прокуратураси айни иш Бош прокуратура юритувида мавжудлигини айтиши мумкинлигини билан чекланди.

XS
SM
MD
LG