9 март куни Ҳолландиянинг Ҳаага шаҳри судида 2014 йил 17 июль куни уриб туширилган "Боинг-777" учқичи иши бўйича маҳкама жараëни бошланди.
Амстердам-Куала-Лумпур йўналишида учган Малайзияга қарашли учқич Украина ҳаво ҳудудида ракета билан уриб туширилган эди. Бортидаги 298 одамнинг ҳаммаси нобуд бўлган бу рейс йўловчиларининг аксари ҳолландияликлар эди.
Ҳолландиянинг Схипҳол аэропорти яқинидаги шаҳар суди биносида бошланадиган маҳкама очиқ¸ телеканаллар ҳолланд ва инглиз тилларида борадиган жараëнни жонли тарзда намойиш қилмоқда.
MH17 рейси ҳалокати сабабларини ўрганиш бўйича тузилган халқаро тергов гуруҳига Австралия¸ Бельгия¸ Малайзия¸ Ҳолландия ва Украина мутахассислари кирган.
Ҳозирга қадар тергов Малайзия йўловчи учқичининг “Бук” ракета тизими томонидан уриб туширилгани¸ бу қурилманинг Донбассга олиб келингунча Курскда жойлашган 53-ҳаво ҳужумидан мудофаа бригадасига қарашли бўлганини аниқлаган.
Халқаро тергов ўз айблов хулосасига кўра¸ ракета ускунасининг Россиядан Украина шарқидаги Донбасс минтақасига етказилишига уч Россия ва бир Украина фуқаросининг бевосита алоқадорлиги ҳам тасдиғини топган.
Бу тўртала шахсга 298 одам ўлимига алоқадорлик айби қўйилиб¸ маҳкамага чақиртирилган¸ аммо улардан бирортасининг суд мажлисларига келиши кутилмаяпти.
Айни пайтда суд¸ айбланувчиларга видеоалоқа орқали маҳкамада сиртдан қатнашиш имконини ҳам тақдим қилган.
Россия ҳукумати халқаро тергов гуруҳи ҳисоботини тан олган эмас.