Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:35

Катта миқдорда электр қуввати ўғирланганини фош қилган МИБ бошлиғи ишдан олинди


Пастдарғом туманидаги бетон заводи.
Пастдарғом туманидаги бетон заводи.

Самарқанд вилоят, Пастдарғом тумани Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Илҳом Ҳамдамов 6 декабрда ишдан олинди.

Илҳом Ҳамдамов бошчилик қилган МИБ ходимлари 4 декабрь куни “Пастдарғом туман Ободонлаштириш” дирекциясига қарашли бетон заводида электр қуввати ўғирланганини фош қилган ҳақда Озодлик мақола нашр қилган эди.

МИБ ходимларининг иддао қилишича, туман ҳокимининг "томорқасига тош отган" бошлиқ шу тариқа жазоланган.

Самарқанд вилоят МИБ кадрлар бўлими бошлиғи Илҳом Ҳамдамовнинг ишдан олинишига ҳокимликнинг алоқаси йўқлигини айтди.

Пастдарғом туман МИБнинг исми сир қолишини сўраган ходимининг айтишича, Илҳом Ҳамдамовдан 6 декабрь куни мажбурий ариза ёздириб олинган:

Ходимлари электр энергияси ўғриларини фош қилган бошлиқни шу тариқа “мукофотлашди"!


“Ҳокимликнинг қўли баланд келди. Бошлиғимиздан 6 декабрь куни “бошқа енгилроқ ишга ўтказишингизни сўрайман” мазумунидаги мажбурий ариза ёздириб олинди. Бу кечаги воқеанинг таъсири эканлигини ҳаммамиз билиб турибмиз. Ходимлари электр энергияси ўғриларини фош қилган бошлиқни шу тариқа “мукофотлашди!”

Самарқанд вилояти МИБи кадрлар бўлими бошлиғи Жамшид Турдимуродов Илҳом Ҳамдамовнинг ишдан олинганини тасдиқлади, лекин буни ҳокимлик тазйиғи билан бўлганини инкор қилди:

“Ўзимизнинг ички текширувларимиз натижаларига кўра ишдан олинган, лекин бунга ҳокимликнинг алоқаси йўқ. Бундан ортиқ маълумот бера олмайман”.

Лекин исми сир қолишини сўраган МИБ ходимларидан бири, текширув айнан Пастдарғом туманида ўтказилмаганини айтди:

Қонун эзилди, синди, чилпарчин бўлди.


“Ноябрь ойида вилоят туманлари МИБларида комплекс текширув ўтказилган эди. Лекин бу текширув Пастдарғом туманида ўтказилмаган. Вилоят МИБи пландан чиқмаганни баҳона қилиб, Илҳом Ҳамдамовни ишдан олиб ташлади. Тўғри, режани бажаролмаганмиз, вилоят бўйича 2-3 та туман чиққан холос. Қаранг, ҳокимликка қарашли бетонзаводдаги ўғриликни фош қилгандан 2 кун ўтиб ишдан бўшатилди. Буни туман ҳокимининг югурдаклари ҳокимнинг мутлақ ғалабаси сифатида эътироф этмоқда. Қонун эзилди, синди, чилпарчин бўлди. МИБ муҳрини ҳоким ёрдамчиси буйруғига кўра, зўравонлик билан узиб ташлаганлар жазоланиш ўрнига қонун ҳаммага бир хил деганларга жазо берилди”.

Пастдарғом туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари 4 декабрь куни электр энергиясидан шартнома ва ҳисоблагичсиз фойдаланаётган “Пастдарғом туман Ободонлаштириш” дирекциясига қарашли бетон ишлаб чиқариш заводини электр тармоғидан узган эди.

МИБ ходимлари Озодликка заводнинг электр тармоқлари корхонаси билан ҳеч қандай шартнома расмийлаштирмагани, ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилолмагани, ҳеч қандай электр ҳисоблагич ўрнатмасдан, электр энергиядан тўғридан-тўғри, ноқонуний фойдаланиб келганини айтган эди.

Исми сир қолишини сўраган “Қатортерак” маҳалла фаолларидан бири бу заводни туман раҳбарларидан бирига тегишли эканини иддао қилган эди:​

Биласизми, заводга қанча электр энергия кетади?! Яна халққа чироғ етмаяпти деб айюҳаннос солишади.


“Завод қурилган жой М. Жўрақулова деган фермер аёлнинг ери эди. Ҳоким бу ерни ободонлаштиришга берамиз¸ деб ундан олиб қўйган эди. Лекин бу ерга бетонзавод қурилди. Маҳалланинг орқасидаги уйларга жуда яқин, 100 метр ҳам чиқмайди ораси. Унинг шовқинидан кечаю кундуз маҳаллага тинчлик йўқ. Бунинг устига¸ сентябрдан бери электрдан текин фойдаланиб келаётган экан. Биласизми¸ заводга қанча электр энергия кетади?! Яна халққа чироғ етмаяпти¸ деб айюҳаннос солишади. Мана қаерга кетаяпти, ўғрилик электр энергиялар. Битта камбағал қарзини тўлолмаган бўлса¸ қанча жарима тўлайди. Булар қанча тўлар экан? Менимча, катта мулозимники бўлганидан кейин, арзимаган жарима билан қутулиб кетади”.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда¸ электр энергияси ва газни ноқонуний ўзлаштириш кўпайгани ҳақида гапирган эди:

“​Ҳисоб-китобга кирмасдан ишлаëтган ëки лимитидан ошиғини ишлатаëтган ишлаб чиқарувчилар ҳисобига ҳозирги кундаги тақчиллик келиб чиқди”¸ деди Озодлик билан шахсини очиқламай гаплашган Энергетика вазирлиги расмийси.

XS
SM
MD
LG