Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:25

МИБ ходимлари Наврўз байрамида ҳам аҳолидан қарз ундирди


Мажбурий ижро бюросининг ходимлари байрам кунлари ҳам аҳоли ва тадбиркорларнинг коммунал хизматлардан қарзини ундириш учун рейдларини тўхтатмади.

Самарқанд шаҳри, Хоразм вилоят, Қўшкўпир ва Сурхондарё вилоят Музробод туманларидаги Озодлик суҳбатлашган кичик тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари дам олиш ва байрам кунларида ҳам МИБ ходимлари безовта қилиб қарз ундириш учун эшик тақиллатганидан норози бўлди.

Айни пайтда МИБ ходимлари ҳам байрам кунлари ишлаётганидан норозилигини Озодликка билдирди.

Хоразм вилоят Қўшкўпир туманида кичик магазини бор тадбиркорнинг Озодликка шикоят қилишича, МИБ ходимлари ундан байрам куни электр энергияси учун тўпланиб қолган қарзини тўлашни талаб қилган:

- Байрам куни банклар ишламайди, шунинг учун МИБ талабини бажариш имкони бўлмади. Қарздорликни байрамдан кейин ëпиб бераман десам ҳам, пеня солиб кетишди, - деди тадбиркор.

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд шахридаги иссиқхона эгаси эса, газдан қарзини ундириш учун МИБ ходими банк вакили билан келганини айтаркан, деди:

- Иккита иссиқхонам бор¸ парник. Биттасида помидор, иккинчисида бодринг етиштираман. Сезон ҳозир. Товар кетиб, пул келмаган пайт. Табиий газдан қарз сал йиғилиб қолибди. Шуни "бугун тўлайсан", деб туриб олди. Ëнида банк ходимини ҳам етаклаб келибди. Тўладик ëр-биродардан қарз кўтариб. Шуни 24 март куни тўлай десам, унамади.

Ижрочилар ҳам норози

Ишсиз қолишдан чўчиб, Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган самарқандлик МИБ ходимларидан бири, байрам кунлари уйма-уй юриб қарз ундиришдан безор бўлганидан шикоят қилди:

- Биз ҳам байрам қилиб бола-чақамиз билан уйда ўтиришни истаймиз. Аммо Мажбурий ижро бюроси Марказий аппарати раҳбариятининг топшириғи бўйича рейд ўтказиб юрибмиз. Одмлар жаҳлдор. Эшитган бўлсангиз, икки МИБ ходимини калтаклашган эди. Биз байрам ва дам олиш кунларида ишлашдан бездик.

МИБ ходимларининг айтишича¸ республика раҳбариятидан ҳар бир вилоятга¸ вилоят бошқармасидан эса¸ ҳар бир туман ва ҳудудга қарздорликни ëпиш бўйича белгиланган расмий режа мавжуд ва бу режани бажариш учун саккиз соатлик иш куни етмайди.

Озодлик мухбири 21 март куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг республика¸ баъзи шаҳар ва туман бўлимларига қўнғироқ қилиб уларнинг “хар доимги режимда” ишлаëтганини аниқлади.

Ишсиз қолишдан чўчиб Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган МИБ ходимлари¸ 21 март – расман дам олиш деб эълон қилинган Наврўз байрами куни ҳам уйма-уй юриб¸ коммунал тўловлар учун қарз ундиришга мажбурлангани ва одамлардан ҳақорат ва қарғиш эшитганини маълум қилди. Уларнинг таъкидлашича, ўтган 8 март байрами ва шанба-якшанба кунлари ҳам ишлашган.

Озодлик мухбири билан 21 март куни суҳбатлашган Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вакили ўз ходимларининг байрам куни ишлаëтганини тан олди¸ аммо унинг мажбурийлигини рад этди:

- Ходимларимиз ўз ихтиëри билан ишлаяпти. Бу - йиғилиб қолган қарзлар кўплиги билан боғлиқ вақтинча ҳолат. Қолаверса, байрам кунлари ишлаган ходимларга қўшимча ойлик ëзилади.

Худди шунга ўхшаш жавобни Самарқанд вилоят МИБ вакили ҳам айтди. Унга кўра, ходимларнинг байрам куни ишга чиқиши касаба уюшмаси билан келишилган ва , ходимлардан розилик хатлари олинган.

Ҳар байрамда шу бўлар такрор

Жорий йилнинг 8 мартида бир гуруҳ МИБ ходимлари байрам куни ишлаганидан Озодлккка шикоят қилган эди.

МИБ матбуот хизматининг бу шикоят юзасидан Озодликка 13 март куни юборган расмий жавобида¸ “истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида “якшанба ва байрам кунлари ҳам ишланаëтганини" эътироф қилган эди.

МИБ ходимларини дам олишсиз ишлатиш мумкинми?

Дам олиш деб эълон қилинган расмий байрам ва якшанба кунлари МИБ ходимларининг ишга мажбурланаётганлиги меҳнат қонунчилигига зиддир.

Меҳнат Кодексининг 129- моддасига асосан якшанба умумий дам олиш куни ҳисобланади ва 130- моддасига асосан дам олиш кунлари ходимларни оммавий ишга жалб этиш таъқиқланган. Дам олиш кунлари истисно тариқасида айрим ходимларни ишга жалб этиш касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда, ходимнинг ихтиёрий ёзма розилиги ва икки ҳисса ҳақ тўлаш шарти билангина амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 16-моддасига кўра¸ “муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш” ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари саналади.

Кодекснинг “Иш вақти” деб номланган VII боби 115-моддасида “Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим”¸ деб ëзиб қўйилган.

XS
SM
MD
LG