Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:57

Ташқи миграция агентлигининг собиқ раҳбарлари устидан суд бошланди


Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бошлиғи Равшан Ибрагимов
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бошлиғи Равшан Ибрагимов

Олий суднинг 15 апрелда маълум қилишича, агентликнинг собиқ бошлиғи Равшан Ибрагимов, унинг собиқ ўринбосари Улуғбек Назаров ва агентликнинг мослаштириш ва ўқитиш марказининг собиқ директори О. Маҳмудовга нисбатан жараён жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтказилмоқда.

Озодлик радиоси 2018 йилнинг ноябрь ойида агентлик раҳбарлари катта миқдорда пора олганликда айбланиб қўлга олинганини хабар берган эди.

Озодлик манбалари 14-20 ноябрь кунлари Миграция агентлигининг 20 га яқин расмийси Кореяга ишга кетаётганлардан 20 миллион доллар пора олганликда гумонланаётганини айтган эдилар.

Мазкур хабарни орадан бир неча кун ўтгач, Бош прокуратура тасдиқлаган.

Расмий маълумотда айтилишича, агентликнинг собиқ раҳбарлари пора олиш, пора бериш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, компьютер ахборотларидан қонунга хилоф равишда рухсатсиз фойдаланишда айбланмоқда.

Озодлик бу мавзу бўйича 2018 йилнинг 28 ноябрида қуйидаги мақолани эълон қилган эди:

Миграция агентлигида қамоққа олишлар давом этмоқда. Кореяга кетишни кутаётган 3000 киши куйиб қолиши мумкин

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Озодликка шахси сир қолишни сўраб маълумот берган мулозимларига кўра¸ 27 ноябрь куни вазирлик қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида қамоққа олишлар давом этган.

Озодлик суҳбатдошларининг айтишича¸ агентлик раҳбарларининг Кореяга ишга кетиш учун ариза топширган минглаб одамдан 20 миллион АҚШ долларидан кўпроқ пора олганликда гумонланиб ҳибсга олиниши ортидан¸ агентлик фаолияти фалаж бўлиб қолган.

Оқибатда¸ Кореяга ишга кетиш учун уч босқичдаги синовлардан ўтиб¸ расмий рўйхатга киритилган 3000 дан кўпроқ ўзбекистонликнинг йил охирига қадар кетиш-кетмаслиги савол остида қолган.

Бандлик вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмийлари билан 27-28 ноябрь кунги боғланиш уринишлари натижасиз қолгани боис¸ бу маълумотга расмий муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Айни пайтда¸ 28 ноябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Ташқи миграция агентлиги раҳбар ва мулозимларининг ҳибсга олингани ҳақида Озодлик 26 ноябрь куни тарқатган хабарни тасдиқлади¸ аммо тергов сири юзасидан¸ уларнинг айнан қайси жиноятларда гумонланаëтганини очиқламади.

Қама-қама давом этмоқда...

Озодлик билан бир-биридан мустақил тарзда гаплашган Бандлик вазирлигининг шахси очиқланишини истамаган икки мулозими¸ 27 ноябрь куни янги ҳибсга олишлар бўлганини хабар қилди.

Бугун соат 12 да Миграциядаги бешта бўлим бошлиғини олиб кетишди¸ улар ишхонасида прокуратура тинтув ўтказди”¸ деб хабар қилди 27 ноябрь куни вазирлик расмийларидан бири.

Бугун ўқув марказидан яна биттасини – Д. С.ни олиб кетишганини аниқ биламан. Бу ишни прокуратура ДХХ билан бирга қилаяпти. Ушланганлар Гвардейский кўчасида сўроқ қилинаяпти. Ҳозирча қўйиб юборилганлари кам¸ чунки ҳали олинган пора миқдори¸ етказилган зарар аниқ ҳисоблаб чиқилмаган”¸ деди воқеа тафсилотларига яқин яна бир Тошкент мулозими.

Озодлик мухбири гаплашган ҳукуматга яқин учинчи манба¸ қўлга олинганлардан катта миқдордаги порани давлатга қайтариш талаб этилаëтгани¸ баъзи ушланганлар айтилган маблағни тўлаш учун ўз ҳовли-жойини сотаëтганини билдирди.

“TEST CENTER BAHO” ва агентлик жуфтлиги

Озодлик гаплашган Бандлик вазирлигининг жорий ва собиқ мулозимлари¸ айни кунларда тергов қилинаëтган “Корея иши” доирасида "Комплекс тест маркази" ва унинг таъсисчиси бўлган “TEST CENTER BAHO” МЧЖси фаолияти ҳам кўриб чиқилаëтганини иддао қилди.

Жанубий вокзал ёнида катта тест ўтказадиган жойлари бор. Учредитель фирманинг номи “Baho test”. Бу фирма "Комплекс тест маркази"нинг таъсисчиси. Кореяга кетувчилар биринчи босқич тестдан ўтиш учун айнан шу ерга боради. Бу монополист ширкат - бу ерда жуда катта пул айланган. Кореяга бораман деган ҳамма биринчи шуларнинг тестидан ўтиши керак¸ бўлмаса¸ агентлик датабазасига киритилмайди. Тестдан ўтса-ўтмаса 87 минг тўловни қилиш шарт. Бу пулларнинг аниқ учëти ҳеч қаерда йўқ”¸ деди Кореяга ишга юбориш жараëни тафсилотларидан яхши хабардор собиқ мулозим.

Тестга кириш учун ҳар бир одамдан олинган 87 минг сўмнинг қайсидир қисми қайд этилмаслиги баробарида¸ Озодлик гаплашган жараëнга алоқадор мулозимлар иддаосича¸ Корея меҳнат агентлиги вакиллари томонидан ўтказиладиган иккинчи босқич тестга кириш имконини берадиган жетон олиш учун ҳам алоҳида пора жорий этилган.

Булар (агентликдагилар - таҳр.) жетон олишниям махсус схема билан коррупцияга айлантирган. Битта жетон нархи 1000$ гача етган. Бу - жетон олишга навбатга кириш учун тўланадиган пора. Бутун республика бўйича 250 минг одам буларга пул тўлаган. Тўловлар расмий эмас¸ ҳеч қаерда кўрсатилмайди. Тестдан ўтказиш қийин. Шунинг учун ҳам тинчгина бехавотир жетондан пул қилишган. Овоза бўлиш риски ҳам кам. Булар олдиндан жуда кўпчиликдан олиб қўйган жетон учун”¸ дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

28-29 ноябрь кунлари очиқ манбалардан “TEST CENTER BAHO” деган ширкат борлигини топишнинг имкони бўлмади. Маҳаллий матбуот хабарларида¸ 2017 йил ноябридан Кореяга кетувчилардан тест синовларини янги ташкил этилган “Комплекс тест маркази” қабул қилиши айтилган.

“Комплекс тест маркази” сайтида унинг таъсисчилари ва бошқарувчилари кимлигига оид маълумот йўқлиги боис¸ Озодлик бу иддаони текшириш имконига эга бўлмади. Сайтда берилган телефон рақамларига 28 ноябрь куни бу маълумотни текшириш мақсадида қилинган сурункали қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

(Озодлик бу тест маркази вакилларининг мазкур иддаоларга оид жавобини эълон қилишга тайëр.)

Миграция агентлигидаги коррупция можароси Кореяга кетувчиларни йўлдан қолдириши мумкин

Озодлик Ташқи миграция агентлиги раҳбарларининг ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатгани ортидан бу воқеанинг Кореяга кетиш учун сўнгги рухсатномаларни кутиб турган минглаб одамга таъсири қандай бўлишига оид саволлар келмоқда.

Бандлик вазирлигининг Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган мулозимларига кўра¸ Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари ўртасидаги келишувга мувофиқ¸ уч босқичлик синовлардан ўтган жами 5000 нафар ўзбекистонлик 2018 йил охиригача ишга жўнаб кетиши керак бўлган.

2018 йил давомида ҳозиргача 2000 га яқин ўзбекистонлик Жанубий Кореяга иш визаси билан жўнаб кетган. Қолганини ҳар-хил баҳоналар билан йил охиригача чўзиб келишган. Вазирликда вужудга келган эгасизлик¸ парокандалик оқибатида. Пул йиғиш мақсадини кўзлаб. Вақтида фуқароларни жўнатиш чоралари кўрилмаган. Йил тугашига бир ой қолганда¸ агентлик раҳбарлари қамалаяпти ва қолган 3000 одамнинг кетиш-кетмаслиги савол остида қолаяпти”¸ деди вазирлик мулозими 28 ноябрь куни.

Кореяга кетаëтган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш маркази бошлиғи турмада ”пулга ўтказдим ишчиларни” деб кўрсатма берибди. Энди булар тестдан ўтказган¸ тайëрлаган болаларни қайта имтиҳонга қўяди¸ дейишаяпти. Яъни¸ пора бериб¸ тестдан ўтганларнинг тест натижаси бекор бўлиб¸ бошқадан тест ўтказишлари мумкин. Ҳамма ëқ остин-устун¸ аниқ гапни биров билмайди. Лекин 2018 йил квотасидан 3000 ўриннинг куйиш эҳтимоли жуда катта”¸ деди бу мулозим.

28 ноябрь куни Озодлик гаплашган Ташқи миграция агентлигининг ҳудудий бошқармалари расмийлари ҳам барча тегишли синов ва имтиҳонлардан ўтиб¸ Кореяга кетишни кутиб турган минглаб одамнинг кетиш-кетмаслигига оид саволга жавоб бера олмасликларини билдирдилар.

"Бу жараëнга бизнинг алоқамиз йўқ - буни Тошкент ҳал қилади"¸ деди бир қатор вилоят миграция бошқармалари ходимлари 28 ноябрь куни.

XS
SM
MD
LG