Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:09

Москвада 12 ўзбекистонлик ва қирғизистонлик “ҳизбчиликда” айбланиб ҳибсга олинди


Шу кунларда Москва ва Москва вилоятида ФСБ ўтказган кенг кўламли амалиётда ушланган 25 марказий осиёлик муҳожирнинг 12 нафарига “Ҳизбу-ут-Таҳрир” ташкилоти ҳалқасини тузиш ва ташкилот фаолиятида қатнашганликда айблов эълон қилинди. Ушланганларнинг аксарияти Ўзбекистон ва Қирғизистон ватандошлари эканлиги айтилади. Айбланувчилрнинг яқинлари, Озодлик билан суҳбатда, уларга қўйилган айбловларни рад этди.

Москванинг Мешчанск суди қарорига биноан ҳибсга олинганлар Россия Жиноят Кодексининг 205.5 моддаси, 1 ва 2 қисми (“Россияда фаолияти тақиқланган, террорчи ташкилот фаолиятида қатнашганлик") бўйича айблов эълон қилинди.

РИА Новости Мешчанск суди матбуот котиби хабарига таяниб, ҳибсга олинган 12 шахс фамилиясини эълон этган. Рўйхатда ушланганлардан айримларининг исм-фамилияси, баъзиларининг фақат фамилияси берилган.

- Суд қарори бўйича келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган Ҳамид Эгамбердиев, Сардорбек Сиддиқов, Азиз Хидирбаев, Токтомуратов, Мамаюсупов, Исомидинов, Домулложонов, Сатторов, Хадзиев,икки нафар Нодировлар ва Бурҳониддиний тақиқланган “Ҳизб-ут-Таҳрир” ташкилоти ҳалқасини тузиш ва ташкилот фаолиятида қатнашганликда айбланмоқда. Ушбу шахслар 2017 йилнинг 30 январига қадар ҳибсда ушлаб турилади, -деб айтди Юлия Бочарова.

Олдинроқ Россия матбуоти ФСБ ва полиция махсус кучлари Москва минтақасида бир неча адрес бўйича ўтказган амалиётда жами 25 нафар марказий осиёлик қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Қўлга олинганларнинг аксарияти Россия ватандошлигини қабул қилган ўзбеклар эканлиги айтилади.

Дастлабки тергов маълумотлари бўйича қўлга олинганлар "Россияда фаолияти тақиқланган “Ҳизб-ут-Таҳрир” ташкилотни тарғиб этиш билан шуғулланган". Айбланувчилар яшаган уйларда тинтув ўтказилган ва улардан "тақиқланган диний адабиёт ва видематериаллар мусодара қилинган".

Москванинг Шёлковский мавзесидаги квартиралардан бирида ФСБ ходимлари томонидан олиб борилган тинтувни Россия телеканаллари орқали намойиш этди. Видеотасвирда, гумонланган шахслар полга тўшалган матрасларда кишанланган ҳолда ётганини кўриш мумкин.

Россия ватандоши бўлган Самира Озодлик билан суҳбатда ФСБ ва полиция кучлари оиласи ухлаб ётган пайтда квартирага бостириб кириб, эри - асли самарқандлик Ҳамид Эгамбердиевни кишанлаб олиб кетганларини сўзлаб берди.

- Биз ҳаммамиз - мен, эрим ва 5 яшар ўғим ухлаб ётган эдик. Бостириб киришди, мен кийинишга зўрға улгурдим. Ҳаммамиз жуда қўрқдик. Бизни квартирада 4 соат сўроқ қилишди ва тинтув ўтказишди. Уйимизда “Ҳизб-ут-Таҳрир” га оид фақат “Крепость мусулманина”, деган битта китоб бор эди, холос. Қолган китоблар уйимизда ФСБ бостриб киргандан сўнг пайдо бўлди. “Крепость мусулманина” китобини биз тақиқ киритилганига қадар, бир неча йил олдин масжидда сотиб олган эдик. Эримни қўлини орқасига боғлаб олиб кетишди. Хамидга қўйилаётган айбловлар – гўёки, унинг “Исломий давлат”га алоқадорлиги уйдирма, туҳмат гап. Ҳамид ҳар доим “Исломий давлат” ташкилотини қаттиқ қоралаб, уларни бандит деб айтиб келган. Бизни гапимизни ҳеч ким эшитмайди, фақат терроризм баҳонасида бизга ўхшаган бегуноҳ мусулмонларни қамашмоқда, деди Самира.

Ҳибсга олинганлар орасида андижонлик Сардорбек Сиддиқов ҳам бор. Сардорбек Россия ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсатини танқид қилгани учун 2,5 йил қамоқда ўтириб, 2016 йилнинг май ойида озод этилганди.

Москвалик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевнинг фикрича “Ҳизбут Таҳрир”га алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги, ташкилотга алоқаси бўлмаган оддий меҳнат муҳожирларидан иборат.

- Мен ҳибсга олинганларнинг аксариятини яқиндан танийман. Улар қўрилиш ва бозорларда ишлайдиган оддий муҳожирлар. Кўплари судда “Ҳизбут Таҳрир”га бирор алоқаси йўқлигини айтишди. Одатда “Ҳизб ут- Таҳрир” аъзоси, ташкилотга алоқадорлигини рад этмайди. Россия ҳукумати ҳар гал йил охирлаши билан “Ҳизб ут-Таҳрир” га алоқадорлигда гумон қилиб, анъана бўйича оддий муҳожирларни қамайди. Ҳокимиятнинг бундай сиёсати мусулмонлар таъсирини заифлаштиришга қаратилган. Бундай сиёсат жамиатда мусулмонлар норозилигини кучайтиради, дейди Баҳром Ҳамроев.

Бундан бир ой олдин Санкт-Петербургда “Ҳизбут Таҳрир” га алоқадорликда гумон этилиб, марказий осиёлик ва доғистонликлар - 6 киши ҳибсга олинганди.

Россия президенти Владимир Путин кечаги чиқишида Россия Федерал Хафсизлик Хизмати (ФСБ) ходимларини мамлакат хафсизлиги йўлида ўз олдига қўйилган вазифаларини аъло даражада бажаришини юқори баҳолади. Владимир Путинга кўра ФСБ 2016 йилнинг охирги 10 ойида 30-дан ортиқ террористик йўналишдаги жиноятни бартараф этган.

XS
SM
MD
LG