Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Андижонлик йигит уни ИИБ 1-бўлими бошлиғи калтаклаганини иддао қилди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Андижон шаҳрида яшайдиган, 26 яшар Ҳасанбой Исмоилов шаҳар ИИБ 1- бўлими бошлиғи Сарвар Холдоров бошқа ходимлари билан уни 6 апрель куни кечаси шафқатсиз калтаклаганини иддао қилди.

Ҳасанбой Исмоилов тан жароҳатлари олгани ҳақида тиббий хулоса ва гувоҳлар кўрсатмаси борлигига қарамай, ИИБ 1-бўлими бошлиғига қатъий чора кўрилмаётганини айтмоқда.

Ҳасанбой Исмоилов ва яна тўрт киши кечаси соат 11дан кейин компьютер ўйинхонасидан олиб кетилган.

Ҳасанбой Исмоиловнинг шикояти бўйича суриштирув олиб бораётган Андижон шаҳар прокуратураси терговчисининг Озодликка айтишича, бу ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш иши олиб борилмоқда.

Андижонлик йигит уни ИИБ 1-бўлими бошлиғи калтаклаганини иддао қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00
Бевосита линк

Андижон шаҳрининг Ҳамроқулов кўчасидаги 16-уйда истиқомат қиладиган Ҳасанбой Исмоиловнинг айтишича, у ўртоқлари билан Бўстон даҳасидаги кафеда компьютер ўйинлари ўйнаб турган пайт, соат 23да участка нозири беш кишини бармоқ изи олиш учун ИИБ 1-бўлимига олиб кетган:

- Биз компьютерда ўйин ўйнаб соат 11 бўлганини ҳам сезмай қолибмиз. Участка нозири посбон билан келиб, беш кишини 1-бўлимга олиб кетди. Маҳалла посбони борганимиздан сўнг, дафтарга ёзиш учун менинг исмимни 3 -4 марта сўради. Менга савол бериб ўзи ўша ерда бўлаётган бир жанжални томоша қиляпти. Мен ҳам 3-4 марта жавоб бердим. Кейин посбон, "э ака сизга гапиряпман" деб дўқ урди. Мен, "ука ўзингни босивол, мен жавоб беряпман, сен жанжал томоша қиляпсан",дедим. Олдидаги шериги сўкиниб, "ҳой сен тўғри гапир бу ерда бўлмаганингда кўчада сени фалон қиворардим" деди. Мен эса унга оғзингга қараб гапир дедим у эса ўрнидан турдида бўйнимдан ушлаб ўта ҳақоратли гап билан сўкинди. Кейин мен ҳам сўкдим.

Ҳасанбойнинг айтишича, бу воқеани кузатиб турган Сарвар исмли бўлим бошлиғи уни иккинчи қаватга олиб чиқишни буюрган:

- Мен уларга президентдан ҳам устунмисизлар, президентнинг олдига бораман дедим. Шунда бошлиқ "қонунни биладиган сенми" деб, иккинчи этажга олиб чиқишди. "Қонун бу ерда менман" деб, шериги билан ерга ётқизиб тепди, шериги ушлаб турибди, бошлиқ эса аямай қорнимга, юзимга уряпти. Бошимдан ушлаб деворга уриб, менга гезарма деб кўзимга қўлини тиқиб олди 1-2 минут кўра олмадим. Биттаси ётган жойимда тўхтамай тепади, биттаси бошимни чотига қисиб олиб, буйракларимга муштлайди. Шунчалик кўп уришдики, ахири ҳансираб, тўхтаб қолишди.

Шундан сўнг, Ҳасанбой ярим соат бир хонада ушлаб турилган ва ундан ҳеч кимга шикоят қилмайман, деган ваъдаси олингандан сўнг қўйиб юборилган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида олинган жароҳатлар қайд қилинган
Суд-тиббий экспертиза хулосасида олинган жароҳатлар қайд қилинган

​Ҳасанбой Исмоилов милиция бўлимидан чиқиб, Тез тиббий ёрдам марказига мурожаат қилган, лекин, у ерга шу воқеага гувоҳ бўлган милиция ходимлари етиб борган:

- Дўхтир кўриб жароҳатларимни ёзиб берди. Милицияга хабар берган шекилли, бир пайт участковойлар бошлиғи билан, жиноят қидирувда ишлайдиган бир ходим етиб келди. Улар мени уришаётганда тепамда туришган эди. Ҳа, ука нима бўлди, деди. Мен, ие, бўлимда калтаклашаётганда бошимда турган эдиларингку, десам, йўқ, биз билмаймиз, деди. Бўпти, дедимда уйга кетдим. Уйга борсам иситмам чиқиб, бошим айлана бошлади. Бир амаллаб, тонг оттирдимда яна ўша тез ёрдамга бордим.

Ҳасанбойни қайтадан текширган бошқа врачлар, уни зудлик билан касалхонага ётқизишган.

“Касалхонада ётганимда яна икки нафар милиция ходими келиб, мендан шикоят қилмаслигим, шикоят қилсамда ҳеч нарсага эришмаслигимни ҳам илтимос, ҳам талаб қилишди. Мен, қатъиян рад этдим. Кейин, прокуратура терговчиси келди, ҳаммасини ёзиб бердим. Уч кундан кейин экспертизадан ўтказишган бўлса ҳам, экспертиза бир қанча тан жароҳатларим борлиги тўғрисида хулоса берди”

(Озодликда экспертиза хулосаси нусхаси мавжуд)

​6 апрель куни кечқурун соат 11да 1-бўлимга олиб кетилган яна бир андижонлик, 24 яшар Расулбек Темиров ҳам Ҳасанбой Исмоилов ИИБ ходимлари томонидан калтакланганига гувоҳ бўлганини айтади:

- Ҳасанбой ака гап талашиб қолганидан кейин, ўша ерда Сарвар исмли бир бошлиқлари бор экан. У Ҳасанбой акани аввал бир-икки шапалоқ урди, оёғига тепди. Кейин иккинчи қаватга олиб чиқиб, ўша коридорда икки кишилашиб роса урганини кўрдим. Ҳасанбой ака, дод деб бақирарди, лекин улар тўхтамай урарди.

Ҳасанбой Исмоиловнинг айтишича, у Андижон шаҳар прокуратурасига ИИБ ходимларининг бу хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят ёзган:

- Менимча, булар ишни ёпди-ёпди қилишмоқчи ёки маъмурий иш билан қутулмоқчи. Чунки, орадан бир ой ўтаётган бўлса ҳам, ҳали ҳам текшириш тугамади. Прокуратуранинг Элёр ака деган терговчиси, менга бу иш маъмурий бўлади, деб айтяпти. Лекин, мени калтаклаган милиция ходимлари бир ҳайфсан ёки жарима билан жазодан қутулиб қолишларини истамайман. Булар қонун олдида жавоб беришлари керак. Уларга хоҳлаган одамини ваҳшийларча калтаклашга ким рухсат берган? Сарвар Холдоров ҳозир ҳам ҳеч нарса кўрмагандай ишлаб юрибди. Менинг олдимга бир неча марта одамларини жўнатди, аризангни қайтариб ол, барибир қўлингдан ҳеч нарса келмайди, деб. Лекин, мен уларнинг қонуний жазоланишини талаб қиламан.

Озодлик 9-май куни Андижон шаҳар ИИБ 1- бўлимига қўнғироқ қилиб, Сарвар Холдоровдан муносабат олишга ҳаракат қилди. Озодлик билан гаплашган бўлим навбатчиси, Ҳасанбой Исмоилов иддаоларини бирма-бир ёзиб олгач, бу ҳақда бошлиққа етказишни ва ўзлари қўнғироқ қилишини айтди. Аммо, 9 май куни ҳам, 10 майда ҳам Озодликка қўнғироқ бўлмади.

Ҳасанбой Исмоиловнинг шикояти бўйича суриштирув олиб бораётган Андижон шаҳар прокуратураси терговчиси Элёр Нуъмоновнинг Озодликка айтишича, бу ҳолат юзасидан айни пайтда терговга қадар текшириш иши олиб борилмоқда ва текшириш натижасига қараб жиноят иши очилиши ёки очилмаслиги белгиланади.

XS
SM
MD
LG