Озодлик Радиоси

Мирзиëевнинг сири: Тоғларга яширилган қароргоҳ

Озодлик

феврал 23, 2021

2018 йилнинг октябрида Тошкентдан 65 км жануби-шарқда жойлашган Оҳангарон шаҳрининг марказий кўчасида йўллар шошилинч таъмирланиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганини оҳангаронликлар яхши эслашади.

Ўшанда Озодлик ҳали битмаган кўп қаватли уйлар фасади янгидан бўялиб¸ биринчи қаватдаги қурилиш материаллари сочилиб ётган дўконлар витринаси Тошкентдан олиб келинган манекенлар билан безалгани акс этган видеони жамоатчиликка тақдим қилган эди.

Шаҳарга жуда ҳам муҳим меҳмон ташриф буюраётгани аниқ эди.

Оҳангаронликлар орасида бу сирли VIP-меҳмоннинг президент Шавкат Мирзиëев экани¸ у Тошкентга ташриф буюриши кутилаётган Путинни ўзи билан бирга олиб келиши ҳақида овозалар тарқалди.

“Бизга расман ҳеч ким ҳеч қачон айтмайди буни. Лекин халқ орасида 18 - (октябрь) куни Мирзиëев келаркан¸ деган гап юрибди”, - деган эди маҳаллий мулозим 2018 йилнинг 17 октябрь куни Озодликка.

Исми очиқланмаслигини сўраган мулозим “сербиялик ишчилар Оҳангароннинг тоғ курорт ҳудудида президент учун янги қароргоҳ қурилаётгани”ни ҳам қўшимча қилган эди.

“Мирзиёев ўша ерга боради, деган гап бор¸ - деган эди фавқулодда тайёргарликларга бевосита гувоҳ бўлган оҳангаронлик маҳаллий мулозим. - Лекин у ерга вертолëтда борса керагов! Путин билан бирга келармиш¸ деган миш-миш ҳам тарқаган”.

Мулозимнинг дам олиш ҳудудида қурилиш ишлари бораётгани ҳақидаги сўзлари кейинчалик ўз тасдиғини топди. Ҳақиқатан ҳам туман марказидан 30 километрча тепада¸ Шоввозсойнинг одамлар кўзидан яширин гўзал даралари орасида бу ҳудудларда мисли кўрилмаган улкан иншоот қурилиши бораётган эди.

Мажмуа қуриб битказилганига икки йилдан ошган бўлган эса-да, Ўзбекистон ҳукумати у ҳақда биронта ҳам маълумотни жамоатчиликка ошкор қилгани йўқ.

Аммо Озодлик суриштируви жараёнида қўлга киритилган ҳужжат ва ишончли маълумотлар янги сув омборини ҳам ўз ичига олган бу эксклюзив ва махфий объект шахсан президент Мирзиёев ва унинг оиласи учун мўлжалланганини тасдиқлади.

Қурилиш билан яқиндан таниш Озодлик манбаларининг ҳисоб-китобича¸ бу мажмуа давлат ғазнасига бир неча юз миллиондан 1 миллиард АҚШ долларигача тушган.

Блокпостлар ва хавфсизлик ходимлари томонидан ўраб олинган Шоввозсой қароргоҳи Ўзбекистон президенти администрациясининг давлат резиденцияларига хизмат кўрсатиш ва тадбирларини ташкиллаштириш бошқармаси тасарруфидаги биноларнинг 2019 йил март ойидаги расмий рўйхатига киритилмаган.

Аммо Озодлик суҳбатлашган бир неча манбанинг айтишича, мажмуа Мирзиёев учун қурилган кошонани ҳам ўз ичига олади. Бино ичкарисини кўрганини айтган тадбиркорнинг таърифлашича, у Италиядан келтирилган қимматбаҳо мебеллар билан жиҳозланган.

Тоғ бағрида яширинган мажмуа, шунингдек, вертолёт майдончаларига ҳам эга. Ҳудуд Ўзбекистон президентининг бошқа қароргоҳлари сингари мамлакатнинг олтита учиш тақиқланган зонасидан бирига киради. Озодлик боғланган Фуқаро авиацияси агентлиги мутахассиси лотин алифбосидаги “P” ҳарфи деб таснифланган ҳудудларда айнан президент резиденциялари жойлашганини тасдиқлади.

Эҳтиëт бўлинг: Махфий қароргоҳ устидан учиш тақиқланган

Озодлик суриштируви қайси манбалардан молиялангани мутлақ сир бўлиб қолаëтган Угом-Чотқол тоғ тизмасининг Оҳангарон ҳудудида жойлашган ҳашаматли дам олиш мажмуасининг президент Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди.

Озодлик ихтиёрида ҳозирча бу махфий қароргоҳнинг биронта ҳам сурати ёки видеоси йўқ. Мажмуага ўнлаб километр узоқдан қуролли қўриқчилар қўйилган ва унинг қурилишида қатнашган ишчиларнинг айтишларича, ҳудудга киришга рухсати бўлган одамларнинг мобил телефонлари олиб қўйилади.

Манбалар, сунъий йўлдош тасвирлари ҳамда лойиҳа тилга олинган бир корпоратив ҳужжат унинг қурилиши Мирзиёев президентликка сайланганидан икки ой ўтиб-ўтмай, 2017 йил февралида бошланганини кўрсатди.

Ўз чиқишларида ўтмишдоши ва устози Ислом Каримов давридаги коррупция, давлат ва халқ бойликларининг талон-торож қилинишини танқид қилиб келадиган Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, “ҳар бир тийин”ни халқ фаровонлиги йўлида сарфлаш, очиқлик ва ҳисобдорликни йўлга қўйишга ваъда берган эди.

«Биз давлат бошқарувида очиқликка асосланган самарали қарор қабул қилиш тизимини жорий қилишимиз лозим», деган эди Мирзиёев 2017 йил декабридаги нутқида.

Аммо 2021 йил февраль ҳолатига Мирзиёев ҳукумати нафақат Шоввозсой саройига қанча маблағ сарфлангани ҳақида ҳисобот бермади, балки унинг мавжудлигини ҳам тан олгани йўқ.

Озодлик суриштирувининг кўрсатишича, совет давридан буён давлат муҳофазасида бўлган Шоввозсой ўрмон хўжалигида махфий қароргоҳ барпо этиш учун ўнлаб оиланинг ҳовли-жойи ер билан яксон қилинган¸ ўн минглаб ноëб дарахт кесиб ташланган.

Президентнинг кўзини қувонтириш учун қурилган сув омбори сабаб сойнинг қуйи оқимидаги аҳоли сувсиз қолган.

Озодлик суриштируви давомида гапиришга рози бўлган мулозимлар¸ Шоввозсой қурилишида ишлаган мутахассислар мутлақ сир бўлиб қолаëтган бу қароргоҳ ҳақида гапириш оқибатларидан чўчиб¸ шахси сир қолишини сўради.

Шоввозсой мажмуаси атрофидаги махфийлик ва унинг айтилаëтган ҳашамати россиялик мухолифатчи Алексей Навальний яқинда намойиш қилган “Путин саройи: Энг катта порахўрлик тарихи” деб номланган суриштирувни ëдга солади.

Қора денгиз соҳилидаги Геленджик (Келинчак) курорт шаҳарчаси ҳудудида қурилган бу қаср “Путин саройи” деб аталган бўлса¸ оҳангаронликлар Шоввозсой мажмуасига анчайин камтарона - “Мирзиëев дачаси” деб ном беришган.

Аммо аҳоли орасида «дача» деб аталишига қарамасдан, Озодликнинг қурилишдан яхши хабардор манбаларига кўра, Шоввозсой қароргоҳи ўзининг кўлами ва ҳашамати жиҳатидан «Путин саройи»дан қолишмайди.

Уни қурган ва кўрганлар таъбирича¸ сарой бошидан охирига қадар чет элдан махсус олиб келинган қимматбаҳо материаллар¸ хусусан¸ ноëб мармардан қурилиб¸ қўлда ясалган итальян мебеллари билан араб шаҳзодаларининг олтин қасрлари услубида безатилган.

Овчилар жаннати

Шавкат Мирзиëевга янги “дача” қуриш учун танланган адир Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Жартош қишлоғи тепасида жойлашган. Тяншан тоғ тизмасининг Қирғизистон ҳудудидаги тоғларидан бошланадиган Шоввозсой оқиб ўтадиган бу ҳудуд советлар даврида ҳам¸ Каримов даврида ҳам давлат муҳофазага олинган ўрмон хўжалиги бўлган.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, Шоввозсой ўрмони деб аталган ҳудудда ўз вақтида совет раҳбарлари Никита Хрушчев ва Леонид Брежнев ов қилишган.

“Кийик¸серка¸ ëввойи чўчқа¸ қирғовул сероб бўлгани учун бу жой эскидан ов ишқибозлари орасида машҳур», - дейди ëшлигида Жартошда чўпонлик қилган оҳангаронликлардан бири.

Ўзбекистон ҳукумати мулозимининг Озодликка айтишича¸ 2003-2016 йилларда бош вазир бўлган Мирзиëев Шоввозсой манзаралари нақадар гўзал ва бетакрорлигини яхши билган.

“Мирзиëев бош вазирлигида¸ адашмасам¸ 2010 йилда бу жойларни Очилбой Раматовга (“Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ раиси, бош вазирнинг биринчи ўринбосари-таҳр) ижарага олиб берди. Ерни Раматов олганидан кейин сразу бу ерда ҳамма шароити бор пансионат қурди”¸ - дейди ўзи ҳам бевосита бу пансионатда бўлган мулозим шахси сир қолиши шарти билан.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Тошкент метросининг янги линиясини кўздан кечирмоқда - 2019 йил, октябрь

2010 йилда Мирзиёев Шоввозсой ўрмонида “давлат аҳамиятига молик” йўл қуриш ҳақидаги қарорни имзолайди.

«Додамизнинг дачаси»: Тошкентлик фаол президентнинг сирини очди

Тошкентлик 50 яшар фаол Алексей Гаршин президент Шавкат Мирзиëев учун Оҳангарон тоғларида яширин дача қурилаëтганини биринчи марта 2018 йил охирларида овчи ўртоқларидан эшитганини айтади.

2013 йил апрелида маҳаллий саёҳатчилар ҳудуд “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ширкатига берилгани ва у ерга кириш йўллари ёпиб қўйилганини муҳокама қилишаётганди.

2014 йил августларига келиб, сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда Шоввозсойдаги адир тепасида қизил томли уйлар пайдо бўлгани кўринади.

Шахсан ўзи мазкур ҳудудда бўлганини айтган ҳукумат мулозимларидан бири Озодликка “Ўзбекистон темир йўллари” раҳбари Очилбой Раматов “ерни ўзига олгани” ва “ҳамма шароити бор овчилар уйи қургани”ни айтди.

2016 йилнинг 15 декабрида - Шавкат Мирзиëев президент сифатида қасамëд қилганининг эртасигаëқ Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган Раматов Мирзиёевга яқин мулозим ва қурилиш магнати сифатида танилган.

“Шоввозсойдаги ўрмончилар “Темир йўллари”дан ойлик оладиган бўлди. Улар ўрмонда қобонлар кўпайиши билан Раматовга хабар берарди. Бу Раматовнинг меҳмонлари¸ хусусан¸ ўшандаги Бош вазир ва ҳомийси бўлган Мирзиëев билан ов ва маишат қиладиган жойларидан бири эди”¸ - дейди ўзи ҳам бевосита бу пансионатда бўлган мулозим шахси сир қолиш шарти билан.

Раматов идораси Озодликнинг шарҳ беришни сўраб қилган мурожаатларига жавоб бермади. Аммо 2017 йил июнида Ўзбекистон президенти ва Олий Мажлисига шикоят билан мурожаат қилган оҳангаронлик 93 яшар Турдигул Қурбонованинг хати Шоввозсойнинг Очилбой Раматов ва шериклари учун овхонага айлангани ҳақидаги бу маълумотларни тасдиқлайди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компанияси раиси Очилбой Жуманиязович Раматов, иш юритувчиси Равшан Файзуллаев, бўлим бошлиғи Иззат Тошбоевлар хоҳлаган вақтларида ўзлари ёввойи ҳайвонларни ов қилиб, табиат оламига катта зарар келтирмоқдалар. Ким буларга бундай ҳуқуқ берган? Бизнинг давлатда шаҳар бедарвозами?” дейилади Қурбонованинг Олий Мажлис расмий сайти да ҳамон сақланаëтган мактубида.

«Кунларни тунларга улаган қурилиш»

Шоввозсойдаги махфий қароргоҳни қуриш режалари 2017 йил февралида — Мирзиёев парламентда давлат маблағларидан оқилона фойдаланиш ҳақида нутқ ирод қилганидан бир ой ўтмай бошланган.

2017 йилнинг 7 февраль куни транспорт бўйича Ўзбекистондаги бош лойиҳа ва тадқиқот институти бўлган Боштранслойиҳа АЖ "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси билан “Оҳангарон туманининг ҳимоя қилинадиган Шоввозсой зонасидаги қурилиш учун топографик ишларни амалга ошириш” бўйича келишув тузади.

Ушбу келишув очиқ манбаларда Шоввозсойдаги мажмуа қурилиши тилга олинган кам сонли ҳужжатлардан бири.

Бу келишув тузилган пайтда¸ Шоввозсой жойлашган Угом-Чотқол давлат миллий боғи Шавкат Мирзиëвнинг 2017 йил 11 май кунги қарори билан янги ташкил этилган Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида эди.

Сунъий йўлдош тасвирлари битим имзоланганидан бир неча ой ўтиб, ҳудудда вертолёт қўниш майдончалари ва бошқа қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилганини кўрсатади.

2018 йилнинг 16 май куни, Путиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифидан беш ой олдин Бош вазир Абдулла Арипов Шоввозсой қароргоҳи барпо этилаётган ҳудудни ўз ичига олган 43 минг гектар ерда «Угом-Чотқол давлат биосфера резерватини ташкил этиш тўғрисида» қарор чиқарди. Қарорга мувофиқ¸ бу резерватни бошқариш Раматов бошчилигидаги «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига топширилди.

Шу тариқа Очилбой Раматов расман давлат муҳофазаси остидаги қўриқхонанинг икки бошқарувчисидан бири этиб тайинланди. Ушбу ҳудуд Бошқизилсой номи билан танилган ЮНЕСКО муҳофазасидаги Ғарбий Тяншаннинг 11 минг гектарлик қўриқхонани ҳам ўз ичига олади.

Нима сабабдан давлат ва ЮНЕСКО ҳимоясидаги бу каби катта ҳудуднинг айнан давлат темир йўллари ширкатига ишониб топширилгани сабаби жамоатчиликка номаълум.

Бош вазир Арипов чиқарган қарор ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси қўмитасида саволларни пайдо қилди. Қўмита Ўзбекистон ҳукуматидан Бошқизилсойни ҳимоя қилишда ширкатнинг «ролига аниқлик киритиш” ва қарор Ғарбий Тяншаннинг «ўзига хос умумбашарий қийматини сақлашга қандай таъсир кўрсатишини» очиқлашни сўради.

Ўзбекистон ҳукумати бунга жавобан «[Бошқизилсой] атрофидаги буфер зонасида ҳеч қандай қурилиш режалаштирилмагани» ва «ҳудуднинг умумбашарий қийматига таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа турли фаолият» режаси йўқлигини билдирди.

Ариповнинг 2018 йил декабрь ойида чиқарган яна бир қарори билан қўриқхонада рухсат этилган фаолият турларига аниқлик киритилди. Унда айтилишича, Бошқизилсой ҳудудида ҳеч қандай қурилиш ишларига рухсат этилмайди, айни пайтда уни ўраб турувчи бир километрлик буфер зона ҳамда биосфера резерватининг қолган қисмини ташкил этувчи «ўтиш зонасида» қисман тижорий фаолият олиб боришга изн берилади.

Шоввозсой курорти ҳордиқ чиқариш билан боғлиқ айрим қурилиш ишларига рухсат берилган ўтиш зонасида жойлашган. Ариповнинг 2018 йил декабрда эълон қилинган қарорида айтилишича, ўтиш зонасидаги ҳар қандай фаолият “биосфера резерватининг табиати ва экотизимиига зарар етказмаслиги” керак.

Аммо Арипов ушбу қарорни чиқарган пайтга келиб Шоввозсой мажмуаси ва сув омборининг асосий қисми аллақачон қуриб битказилган эди.

Озодлик Бош вазир Арипов, президент Мирзиёев идоралари ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари»га юборган саволлар жавобсиз қолди.

Қурилишда бевосита қатнашган ишчиларга кўра, мажмуанинг асосий қисмини 2018 йил ëзида тугатиш учун мисли кўрилмаган кўлам ва тезликда ишланган.

“Бир томонда сув омбори¸ бир томонда дача қурилиши жуда қаттиқ кетди. Бу жараëнни тезлатиш учун Россия компаниялари ҳам қўшилди. Дачанининг асосий қисмини Путин Ўзбекистонга келгунга қадар битириш учун туну-кун тўхтовсиз ишланди”¸ деган қурувчилардан бири ишнинг боришини назорат қилиш учун Абдулла Арипов ва Алишер Усмоновлар келганини тилга олди.

Шоввозсой қурилишини назорат қилганлар орасида Алишер Усмонов номини ҳам тилга олган оҳангаронлик маҳаллий мулозим¸ 2018 йил октябридаги Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Путиннинг Шоввозсойга ов қилиш учун келганини иддао қилди.

“Оҳангаронликлар Путин¸ Мирзиëев ва Усмоновларнинг вертолëтда Шоввозсойга келганига ишонади”¸ - деди бу суҳбатдош.

Кремлдан бу масалада изоҳ олиб бўлмади. Кремль ва Мирзиёевнинг расмий сайтларида 2018 йил октябрида Россия президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида икки давлат раҳбари Шоввозсойга боргани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Шубҳали пуллар ва итальянча ҳашамат

Оҳангарон тоғларида Шавкат Мирзиëев учун қурилган дам олиш мажмуасига давлат ғазнасидан қанча пул сарфлангани номаълум.

Суриштирув давомида Озодлик 2017-2021 йиллар орасида “Шоввозсой мажмуаси” номи унинг буюртмачиси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ расмий сайтида фақат бир марта тилга олинганига гувоҳ бўлди. Очиқ манбаларда мавжуд Шоввозсойга оид кам сонли молиявий ҳужжатларнинг умумий қиймати 544 минг АҚШ доллари атрофида.

“Ўзбекистон темир йўллари” Шоввозсой дам олиш мажмуасини қуриш буюртмачиси эканини ҳозиргача расман ҳеч қаерда эътироф этмаган ва унга доир бирон молиявий ҳисобот ҳам тақдим қилган эмас.

2018 йил июлида Мирзиëев саройи ва унинг учун махсус қурилган сув омбори битай деб қолганида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Шоввозсой ўрмон хўжалиги ҳудудида дам олиш мажмуаси қуришга ишлатиладиган материаллар учун тендер эълон қилган.

Шоввозсой қурилиши борган 2017- 2019 йилларда¸ компания йиллик ҳисоботида келтирилган рақамларга кўра¸ “Ўзбекистон темир йўллари” қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун жами 1.8 миллиард АҚШ доллари сарфлаган. Худди шу даврда ташкилот халқаро молия тизимларидан 374.7 миллион доллар қарз олган. Ҳисоботда айтилишича, янги қурилишларга 1,1 миллиард доллар маблағ сарфланган. Молиявий ҳисоботнинг “бошқа йўналишлар” деб кўрсатилган банди харажатлари 301.8 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Бу рақамлар Шоввозсой оромгоҳига сарфланган харажатларни ўз ичига оладими, йўқми, аниқ эмас. «Ўзбекистон темир йўллари» Озодликнинг бу борадаги мурожаатларига жавоб бермади.

Озодлик 2017- 2018 йилларда Шоввозсой комплексини қуришга оид шартномаларда иштирок этган камида олтита ширкатни аниқлади. “Ўзбекистон темир йўллари”нинг Капитал қурилиш дирекцияси¸ унин шўъба корхоналаридан бири “Тоштемирйўллойиҳа” “Боштранслойиҳа”¸ “Қишлоқэнерголойиҳа”¸ “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” ва “Гидролойиҳа” (акциядорлик жамиятлари - таҳр.) каби давлат улушига эга компаниялар “Шоввозсой ўрмон хўжалигида дам олиш зонаси қурилиши” билан боғлиқ келишувларда иштирок этган компаниялардир.

Очиқ манбалардаги контрактлар

“Қишлоқэнерголойиҳа” АЖнинг 2018 йилги ҳисоботига кўра¸ апрель-август ойлари давомида “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” билан Шоввозсой ўрмон хўжалиги ҳудудидаги турар-жой комплекси ва вертолëт қўниш майдончасини ташқи тармоққа улаш учун умумий қиймати1.4 миллиард сўмлик (ўша вақтдаги валюта айирбошлаш курси бўйича $178,000) еттита шартнома имзоланган.

“Боштранслойиҳа” АЖнинг 2018 йилги молиявий ҳисоботига кўра¸ Шоввозсой мажмуасини лойиҳалаш ва режалаштириш ишлари 2018 ноябрига қадар давом этган. Ҳисоботдан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва унинг шўъба корхонаси “Тоштемирйўллойиҳа” билан жами 2.5 миллиард сўмлик (ўша вақтдаги валюта айирбошлаш курси бўйича $361,200) саккизта қўшимча контракт имзолангани кўрилади. Бу келишувлардан тўрттаси асосий шартномага “қўшимча” деб таснифланган. Айни пайтда томонлар ўртасидаги 3602 рақамли асосий контракт ҳақида маълумот очиқ манбалардан топилмади.

“Боштранслойиҳа” ҳужжатлари шунингдек, компаниянинг 2017 йил августида давлатга қарашли “Гидролойиҳа” АЖ билан Шоввозсой комплексидаги асосий бино орқасидаги қияликни ҳисоблаш учун 29.3 милллион сўмлик (ўша вақтдаги валюта айирбошлаш курси бўйича $7000) шартнома тузганини кўрсатади.

Шоввозсой қурилишидан хабардор ҳукумат мулозимларидан бири мажмуанинг давлат ғазнасига бир неча юз миллион долларга тушганини тахмин қилди. Қурилишда бевосита иштирок этган қурувчилар эса, харажатларнинг камида 1 миллиард доллар эканига ишонади.

Тахминий харажатлар сув омбори ва йўлларни қуриш, кўкаламзорлаштириш, мажмуадаги кўплаб бинолар, жумладан Мирзиёев учун мўлжалланган кошонани ҳам ўз ичига олади.

“Мен ва қурилишда ишлаган прораблар хомчўт қилиб¸ бу дача¸ унга туташ объектлар ва йўлларни қуриш¸ жиҳозлаш ва кўкаламзорлаштиришга камида бир миллиард АҚШ доллари кетди¸ деган ҳисобга келдик. Биз тоғни тешиб, йўл қилишдан то бинолар кўтарилгунча кетган материалларнинг қанчалик қиммат ва кўплигини ўзимиз кўрдик. Жуда кўп қурилиш материаллари тўғридан-тўғри четдан олиб келинди. Километрлаб йўл бўйларига четдан олиб келинган дарахт ва гулларнинг ўзига неча миллион доллар кетди! Лекин энг қиммати бу дачанинг ички интерьерлари дейишяпти. Мен дача тайëр бўлгандан кейин уни кўрмадим. Лекин кўрганлар¸ ниҳоятда қимматбаҳо мебелларнинг тўғридан-тўғри Италиядан олиб келингани¸ дачани жиҳозлаш тепасида ҳам асосан итальян дизайнерлари турганини айтишди”¸ - дейди қурувчи-муҳандислардан бири.

Шоввозсой мажмуасини кўрган тадбиркор эса¸ Мирзиëев саройи ичкарисининг “араб шаҳзодалари услубида ҳамма ëғи олтин билан безатилган китч” деб баҳолади. Озодлик манбаларининг барчаси мажмуа учун Италиядан махсус буюртирилган жуда қиммат мебеллар олиб келинганини таъкидлади.

Шоввозсой мажмуасининг асосий бинолари қуриб битказилиб¸ жиҳозланган 2018 йилги Италиядан Ўзбекистонга импорт қилинган мебеллар қиймати¸ ўзаро савдо рақамларига қаралса¸ олдинги йилга нисбатан сезиларли даражада ошгани Озодлик манбалари берган маълумотни тасдиқлайди.

Ушбу маълумотлардан Ўзбекистонга импорт қилинган бу итальян мебелларининг айнан қанчаси Шоввозсой мажмуасига олиб келингани – ёки умуман у ерга олиб борилган ёки йўқлигини аниқлаб бўлмайди. Бу маълумотларда мебелларни экспорт қилган Италия ширкатлари ёки уларнинг Ўзбекистондаги харидорлари номи кўрсатилмаган.

Алексей Навальнийнинг «Путин саройи» ҳақидаги шов-шувли ҳужжатли фильмида ҳам комплекс ҳашаматли итальян мебеллар билан жиҳозлангани кўрсатилган эди. Мухолифатчи суриштирувида тилга олинган икки эксклюзив итальян мебель ширкатларининг бири Pozzoli намояндаси Озодликка Ўзбекистонга ўз маҳсулотларини экспорт қилганини тасдиқлади. Аммо ширкат харидорларнинг кимлиги ва мебелларнинг Шоввозсой саройи учун ишлаб чиқарилган-чиқарилмагани ҳақидаги ëзма саволларни жавобсиз қолдирди.

Шоввозсой саройини қурилишнинг сўнгги босқичида кўрган Тошкент ҳукумати мулозимларидан бири Оҳангарон тоғларида “кичик Австрия” барпо этилганини айтaди.

“Альп тоғларига тақлидан қилинган ландшафт¸ чанғида учиш йўлаклари¸ бир нечта автоматик тарзда очилиб-ëпиладиган бассейн¸ турк ҳаммоми¸ фин саунаси¸ тренажëр зали¸ кинотеатр¸ томоша ва банкет заллари¸ винотека ва манзарали боғ¸ сув омборида айланиш учун олиб келинган қимматбаҳо катерлар – тоғ тепасида бунақа люкс шароит ва ҳашамат¸ ниҳоятда қиммат нарсалар”¸ - дейди бу суҳбатдош.

Шоввозсой мажмуасини яқиндан кўриш имконсиз бўлгани боис Озодлик ҳозирча бу тафсилотларни тасдиқлаш имконига эга эмас. Аммо сунъий йўлдошдан олинган суратлар сарой олди ва атрофида кенг кўламли ландшафт ишлари амалга оширилганини тасдиқлайди.

Сунъий йўлдошдан кўрилган манзарани изоҳлаган таниқли итальян ландшафт дизайнери Озодликка “бу ерда миллионлаб евролик иш ҳақида сўз бораëтганини” билдирди.

Сунъий йўлдош тасвирлари Шоввозсойда ишлаган бир нечта қурувчи сўзлаб берган хронологияни ҳам тасдиқлаб турибди. Уларнинг сўзларига кўра, қурилиш ишлари дизайн ва лойиҳа ҳужжатлари якунланишидан олдин бошлаб юборилган.

Бевосита қурилишда ишлаганлар¸ Шоввозсой мажмуасигача йўл очиш ва уни асфальтлашнинг ўзига ўнлаб миллион доллар кетганини айтади.

“У жойга чиқадиган катта йўл бўлмаган. Йўл очиш учун тоғда қанча портлаш ишлари қилинди¸ қанча қоялар олиб ташланди. Шахсан ўзим йўлнинг икки марта асфальтланганига гувоҳ бўлдим. Биринчи йўл қурилганидан кейин¸ оғир юк машиналари қатнайвериб¸ уни дабдала қилди. Қурилиш битганидан кейин 30 кмлик айни йўл қайтадан асфальт қилинди”¸ - дейди қурувчилардан бири.

Қурилишда қатнашган бошқа бир мутахассис Шоввозсойни тиклашда немис архитектор ва муҳандислари қатнашгани¸ айни пайтда¸ Россия¸ Сербия ва бошқа хориждан келган мутахассислар ҳам ишлаганини билдирди.

“Ниҳоятда қиммат мармарлар чет элдан прямой ташилди. Комплекс учун Германиядан 10 тонналик генераторлар олиб келиб ўрнатилди. Мураккаб алоқа-коммуникация системаси қилинди. Миллий гвардия учун махсус база қурилди”¸ - дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

Озодлик суҳбатлашган яна бир манбанинг айтишича¸ Шоввозсойдаги электр ўтказиш ва коммуникация ишларини асосан Сингапурда рўйхатга олинган Enter Engineering амалга оширган. Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш объектлари¸ хусусан¸ Қашқадарëдаги 4 миллиард долларлик GTL заводи қурилишини қўлга киритган Enter Engineering компаниясининг эгаси Бахтиëр Фозилов. 2019 йил декабрида президент Мирзиëев уни “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирлаган.

Шоввозсой қурилиши Enter Engineering расмий сайтидаги объектлар рўйхатида йўқ. (Аммо 2018-2020 йилларда Enter Engineering етакчи техник муҳандиси бўлиб ишлаган мутахассис ўз резюмесида Шоввозсой зонаси қурилишида малака орттирганини ëзган.)

Сарой комплекси қурилишида ишлаган қурувчи ва мутахассислар¸ мажмуага ишлатилган бетон ва темир маҳсулотларини Binokor temir-beton servis МЧЖ етказиб берганини билдирди. Orient Group таркибига кирувчи бу компания асосчиси эса¸ расмий ҳужжатларга кўра¸ Шавкат Мирзиëевнинг кенжа куëви Отабек Умаровнинг укаси Ойбек Умаровдир.

Озодлик манбалари Шоввозсой қурилишида Orient Group таркибидаги яна қатор компаниялар қатнашгани¸ қурилиш жараëнига Очилбой Раматов баробарида Orient Group асосчиларидан бири Сакен Пўлатов ҳам бош-қош бўлганини таъкидлади.

“Қора ва оғир ишлар пайтида Шоввозсой объектида бир пайтнинг ўзида 2000-3000 дан кўпроқ одам ишлади. Қора ишчиларнинг кўпи қашқадарëликлар эди. Улар объект пастроғида қурилган вақтинчалик контейнерларида яшаб¸ ишлашди. Саҳардан оқшомгача иш тўхмасди. Кечаси билан ишлаган кунларимиз ҳам кўп бўлди”¸ - дейди қурувчилардан бири.

Шоввозсой қурилишида қатнашган Россия компанияларидан бири Уфада жойлашган «Бриг Энерго»дир. 2016 йилдан бери амалга оширилган йирик қурилиш объектлари асосан, Ўзбекистонда эканини таъкидлаган компания ўз расмий сайтида Шоввозсой ўрмон хўжалиги ҳудудида дам олиш комплекси қурилишида қатнашганини ëзган. «Бриг Энерго» йирик ҳамкорлари рўйхатида Enter Engineering ҳам қайд этилган.

Enter Engineering, Binokor temir-beton servis ва «Бриг Энерго» Шоввозсой қурилишидаги роли ҳақидаги Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.

Йиллар давомида сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар лойиҳанинг ривожланиши ва кўламини акс эттиради

2017 йилнинг 22 июлида олинган суратларда Очилбой Раматовнинг қизил томли пансионати қаршисида иккита кўк рангли вертолëт қўниш майдончаси пайдо бўлгани кўрилади. (Бошқа суратлар 2017йил 1 январидаëқ вертолëт майдончасини қуриш учун ҳозирлик бошланганини кўрсатади.) Бевосита қурилишда ишлаган икки қурувчи шахсан Мирзиëевнинг ўзи қурилиш ишларининг боришини бир неча марта текширишга келганини билдирди.

Қурилиш бошланганидан бир йил ўтиб¸ унинг катта қисми, хусусан¸ мажмуа марказидаги энг йирик иншоот ташқи қисмининг қуриб битказилгани кўрилади.

Озодлик Шоввозсой мажмуасидаги бинолар жойлашуви ҳақида ўз манбалари берган маълумотга таянмоқда.

Қурилишда қатнашганлардан бир неча нафари Мирзиёевларнинг Шоввозсой мажмуасидаги оилавий қароргоҳи мажмуа марказидаги энг каттa бинонинг ўнг тарафида жойлашгани¸ мажмуадаги барча иншоотлар ертўладан ташқари икки қаватли эканини айтди. Bellingcat гуруҳи сунъий йўлдош суратлари асосида Озодликка тақдим қилган ўлчовларга кўра¸ мажмуадаги биноларнинг баландлиги 7 метр. Мирзиëевлар кўшки деб аталган бинонинг узунлиги 65¸ эни 30 метр. Шундан келиб чиқилса¸ икки қаватли бинонинг яшаш сатҳи 3900 квадрат метрни ташкил этади.

Қурувчиларга кўра¸мажмуа марказидаги энг катта бино Мирзиëевнинг олий даражали меҳмонларига аталган. Bellingcat ҳисобича¸ бу бинонинг узунлиги 120 метр¸ эни 30 метр (умумий сатҳи 7200 квадрат метр). Озодлик манбаларига кўра¸ унинг ичкарисида томоша ва банкет залларидан тортиб бассейн ва ҳаммомгача бор; бу ва президент оиласига аталган кошона махсус учқичларда олиб келинган Swarovski биллурлари билан безатилган. Бу икки асосий бино орасидаги иншоотларда¸ айтилишича¸ энг замонавий профессионал жиҳозларга эга улкан ошхона¸ тиббиëт бўлими ва ов қуроллари сақланадиган махсус уй жойлашган.

Мажмуа марказидаги бургутсимон бинонинг сўл тарафида хусусий меҳмонларга аталган кичикроқ меҳмонхона ва Мирзиëев ҳамда бу саройга келадиган чет эл раҳбарлари хавфсизлик хизматчи ва қўриқчилари қоладиган алоҳида бино бор. Қурувчилар “президент охранаси” учун деб тасвирлаган бино узунлиги¸ сунъий йўлдош суратларидан олинган ўлчамга кўра¸ 65 метр¸ эни эса¸ 50 метрни ташкил этади.

Дам олиш мажмуасидан пастроқда жойлашган тўртта кўк томли бино¸ қурувчилар таъкидича¸ мажмуа алоқа-коммуникация марказидир.

Ундан ҳам пастроқда¸ қурувчилар томонидан Миллий гвардия казармаси дейилган қатор бинолар ва футбол майдони бор. Сунъий йўлдош суратлари уларнинг 2017 йил августида қурилганини кўрсатади.

“Бу зона махсус қўриқланадиган махфий объект бўлгани учун¸ бу ерда 24/7 тартибидаги хавфсизлик протоколи ишлайди. Миллий гвардия казармаси олдида КПП бор. Шундан сўнг дача территорияси бошланади. Ҳамма ëқ яна бир қаторасига тиканли сим билан ўралган. Ундан у ëғига қуш ҳам учиб ўтолмайди,” - дейди ўзи қарийб уч йил давомида ушбу мажмуада ишлаганини айтганлардан бири.

“Шоввозсой ҳудудига мобиль телефон билан кириш тақиқланган. Бу жойдан расм ëки видео ҳозиргача чиқиб кетмаганининг сабаби ҳам шунда¸” - дейди бу суҳбатдош.

«Президентга қарши чиқманг!»

Шоввозсой саройи учун махсус қурилган яширин сув омбори тўлиб-тўлмай¸ Бош вазир Абдулла Арипов бу ҳудудга оддий одамлар яқинлашмаслигини таъминловчи махсус қарор чиқарди.

Ариповнинг 2018 йилнинг 31 декабрь куни имзоланган қарори да олти ой илгари “Ўзбекистон темир йўллари” тасарруфига ўтказилган Угом-Чотқол биосфера резерватида ўрнатилган хавфсизлик чоралари тафсилотлари белгилаб берилди.

Қарорга кўра¸ резерват хизматчиларига “ўз хизмат вазифаларини адо этишда хизмат қуролидан тортиб кишанлар, резина таёқлар, кўздан ёш оқизувчи газ, транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш қурилмалари каби махсус воситаларни қўллаш"га рухсат берилди.

“2018 йилдан бери тепага кетадиган йўл оддий халқ учун ëпиб қўйилди. Охрана шу қадар қаттиқки¸ дачага бир неча километргаям яқин бориб бўлмайди. Яйловларимизни тиканли сим билан тўсиб қўйишди. Тирикчилигимиз мол боқиш ҳисобидан эди¸ яйловсиз қолдик. Мабодо бирор жойдан молимиз ўтиб қолса¸ жуда катта жарима солади. Қуролли қўриқчи ҳамма жойда”¸ - дейди Озодлик гаплашган маҳаллий чўпонлардан бири.

Лицензияга эга айрим овчилар Озодлик билан суҳбатда ўз шикоятларига Шоввозсой ўрмони ҳудуди давлат тасарруфига олингани тўғрисида расмий жавоб олганини сўзлаб берди.

Шикоятчиларга бу ерларнинг “давлат эҳтиëжи учун олингани”ни айтган маҳаллий расмийлар¸овчилардан бирига кўра¸ бунга эътироз билдириш “катта сиëсат¸ президентга қарши чиқиш бўлиши”дан огоҳлантирган.


Мирзиëевнинг харитада йўқ сув омбори

Оҳангароннинг Чотқол тоғлари этагида жойлашган Тут қишлоғи ҳаëти азалдан Шоввозсойга боғланган. Чорвачилик ва деҳқончилик билан тирикчилик қилиб келган тутликлар, қишлоқ айнан шу сой туфайли пайдо бўлган, деб ишонишади.

Жаннат водийсидан қувилганлар

Ўн йиллар давомида Қурбоновлар оиласи Чотқол тоғ тизмасидаги сўлим дара ва адирларнинг посбони бўлиб келган.

«Додамизнинг дачаси»: Тошкентлик фаол президентнинг сирини очди

Тошкентлик 50 яшар фаол Алексей Гаршин президент Шавкат Мирзиëев учун Оҳангарон тоғларида яширин дача қурилаëтганини биринчи марта 2018 йил охирларида овчи ўртоқларидан эшитганини айтади.

Эҳтиëт бўлинг: Махфий қароргоҳ устидан учиш тақиқланган

Озодлик суриштируви қайси манбалардан молиялангани мутлақ сир бўлиб қолаëтган Угом-Чотқол тоғ тизмасининг Оҳангарон ҳудудида жойлашган ҳашаматли дам олиш мажмуасининг президент Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди.