Озодлик Радиоси

Мирзиёевнинг сири: Тоғларга яширилган қароргоҳ ва сув омбори

Озодлик

феврал 23, 2021

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги иккинчи президент сифатида қасамëд қилганидан роппа-роса бир ой ўтиб¸ Шавкат Мирзиëев мамлакат парламентига мурожаатнома билан чиқди.

2017 йилнинг 14 январь кунги маърузасида 63 яшар Мирзиёев инсон ҳуқуқлари, шаффофлик ва коррупцияга қарши кураш масалаларига тўхталди. Ва бу билан 2016 йилда вафот этган яккаҳоким ўтмишдоши Ислом Каримовнинг имиджи ва бошқарув усулидан узоқлашмоқчи бўлди.

Мирзиëев ўз мурожаатномасида давлат бюджети маблағларидан қонуний, мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш ҳақида ҳам гапирди.

“Мен ҳисоб-китобни жуда яхши биламан. Давлат бюджети чексиз эмас. Ва шунинг учун биз маблағларни тежамкорлик билан, мақсадли сарфлашимиз лозим. Бу ҳаммага аён ва инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Давлат ва халқнинг бойлигига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишимиз керак”, деди Мирзиёев ўз нутқида.

Аммо мурожаатномадан бор-йўғи бир неча ҳафта ўтиб, Ўзбекистоннинг давлатга қарашли компаниялари ҳукуматнинг солиқ тўловчилар пулларига оқилона ва шаффоф ёндашувини савол остига олувчи махфий қурилиш лойиҳаси устидаги ишларни бошлаб юборди - Мирзиёев учун тоғ бағрида, сув омборини ҳам ўз ичига олган улкан мажмуа қуришга киришилди.

Озодликнинг янги кўп қисмли журналистик суриштируви расман “Шоввозсой дам олиш зонаси” деб аталган ушбу мажмуага бағишланади. Озодлик давлат муҳофазаси остидаги биосфера резервати ҳудудида жойлашган, блокпостлар билан ўраб олинган ва қаттиқ қўриқланадиган ушбу мажмуа ҳақида қурилишга бевосита алоқадор ёки ундан хабардор турли манбалар билан суҳбатлашди.

Расмийларнинг тазйиқи ёки ишларини йўқотишдан қўрқиб исми сир қолишини сўраган манбаларнинг Озодликка айтишича, Тошкентдан тақрибан 100 километр масофада жойлашган мажмуа президент Мирзиёев ва оиласининг ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган кошонани ҳам ўз ичига олади.

Озодлик суҳбатлашган манбалардан иккитаси мажмуани қуришга бир неча юз миллион доллар маблағ сарфланганини айтди. Асосий қисми 2019 йилгача қуриб битказилган мажмуа ва унга ёндош сув омбори ҳақида маълумот олиш мумкин бўлган расмий ҳужжатлар очиқ манбаларда унча кўп эмас.

Озодлик президент Мирзиёев администрациясидан жавоб ололмаган суриштируви давомида, шунингдек:

Озодлик суриштируви лойиҳанинг инсонлар ҳаёти учун қимматга тушган айрим жиҳатларини ҳам ўртага чиқарди. Жумладан, Шоввозсойнинг қуйи оқимидаги қишлоқ аҳолисига сув бормай қолган, шунингдек, умрини ҳудуднинг экотизимини яхшилашга бағишлаган оила уйидан мажбуран кўчирилган.

Оиланинг 93 яшар онаси Мирзиёевнинг парламентга мурожаатномасидан олти ой ўтиб, 2017 йил июнида Олий Мажлис ва президентга ëзган шикоят мактубида янги президент “қонун устуворлиги”га аҳамият қаратаётганини эслатган.

“Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Ҳаракатлар стратегиясида – “қонун устуворлигини” кўрсатиб ўтганлар. Нега жойларда мутасадди масъул ходимлар ушбу талабларга жавоб бермасдан, тескарисини қилади? Нега бизларнинг раҳбарлар жойларга чиқиб, ўз кўзи билан кўриб, хулоса қилмайдилар?!”, деб сўрайди 93 яшар шикоятчи момо.

Аммо бу саволлар жавобсиз қолди – орадан кўп ўтмай, ўз умрининг 70 йилдан ошиғини ўтказган ҳовли-жойи ва боғу роғларидан ҳайдалган момо армон билан ҳаëтдан кўз юмди...