Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:44

Қуронбоев Мирзиёевдан танбеҳ эшитиб турганда, ЁИчилар дабдабали кортеж уюштирди (ВИДЕО)


Ёшлар иттифоқи делегацияси ва раҳбари Москвадаги талабалар билан учрашувда, 8 ноябрь, 2017 йил
Ёшлар иттифоқи делегацияси ва раҳбари Москвадаги талабалар билан учрашувда, 8 ноябрь, 2017 йил

Президент Мирзиёев Ёшлар иттифоқига "Ёшлар куни" муносабати билан йўллаган табригида тавсия ва маслаҳатлар берди, айни пайтда ташкилот раҳбариятини "кампаниябозлик"да танқид қилди. Бу танқид янграган пайтда, иттифоқ аъзолари 10дан ортиқ "Каптива"да уюштирган кортеж тармоқда яна норозилик уйғотди.

Ёшлар иттифоқи номи битилган байроқларни кўтариб олиб, ўндан ортиқ автомобилда кўчани тўлдириб, кортеж уюштирган ёшлар видеоси 30 июнь куни ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Тармоқ фойдаланувчилари бу видео Самарқандда тавсирга олинганини ёзмоқда, аммо воқеа содир бўлган аниқ манзил ва сана Озодликка ҳозирча маълум эмас.​

Бу видео тармоқларда ва маҳаллий Интернет нашрларида яна қизғин баҳсларни бошлаб юборди.

Иттифоқ раиси ва сенатор Қуронбоевнинг шу йил 7 июнь куни Наманганда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборгани ҳақида баёнот бериб, шу кунгача тинмаётган норозиликка сабаб бўлганди.

Интернетда Қуронбоевга нисбат берилган мэмлар ва карикатуралар тарқалди.

Гарчи, 10 июнь куни Қуронбоев Kun.uz нашрига берган интервьюсида аввалги баёнотидан қайтган, яъни, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборгани ҳақидаги ўз гапини ўзи инкор қилган бўлса-да, тармоқларда унинг истеъфосига чақириқлар тўхтамаётир.

Тўй кортежига қарши бўлган Қуронбоев ташкилотининг аъзолари уюштирган 30 июнь кунги кортеж ижтимоий тармоқларда "хавфсизлик ва йўл ҳаракати қоидалари бузилгани, ташкилотга берилган маблағ беҳуда сарфланаётгани учун" танқид қилинмоқда.

Зеро, сўнгги бир ой ичида, бу ташкилотнинг Озодлик билан мулоқотда бўлган вакиллари, президент Мирзиёевнинг 30 июнь - Ёшлар кунида ташкилот вакиллари билан учрашиши, ҳатто, президент ўзига хиёнатда айблаган раҳбар - сенатор Қаҳрамон Қуронбоевни ишидан четлатиши мумкинлигини айтаётган эди.

Аммо, президент Ёшлар иттифоқи вакиллари билан учрашмади.

Президент матбуот хизматида чоп этилган табрикда, ўтган "бир йиллик қисқа муддат"да ташкилотнинг "муҳим ижтимоий тузилма"га айлангани, давлат ва фуқаролик жамияти билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиб улгургани рақамлар билан олқишланди.

Шунингдек, ютуқлар сирасида муаммоларга қисман тўхталган президент Мирзиёев, "уюшмаган ёшлар билан ишлаш"ни кучайтиришни тавсия қилади.

Сўнгра, иттифоқ раҳбариятини: "Ёшлар билан бевосита ишлаш, доимий мулоқот қилиш ўрнига дабдабали тадбирлар ўтказиш, кампаниябозликка берилишдек яроқсиз иш усулидан ҳали ҳам бутунлай қутулганимиз йўқ", дея танқид қилади.

Бунга қадар президент Мирзиёев Фарғона вилоятида ўтган видеоселекторда, иттифоқ раҳбарини "президентга хиёнат"да айблаган эди.

Daryo.uz сайти чоп этган нутқида президент, Қуронбоев номини тилга олмаган ҳолда: "Тўйларни йўлда тўхтатгандан кўра, сенга ўхшаган ёшларнинг катталари, дунёқарашларингни ўзгартиринглар. Мен тўй масаласини, у бир йилда бўлмайди, нима учун чўзяпман, муҳит пайдо бўлиши керак олдин. Президент айтди деб тўйни тўхтатиш, бу Президентга хиёнат", деб айблаганди.

Ёшлар иттифоқи президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилнинг 30 июнида ташкил қилинган ва бу сана унинг таклифи билан Ёшлар куни, деб эълон қилинган.

Тошкентда ўтган йили 30 июнда ўтган ёшлар қурилтойида аввалги “Камолот” ёшлар ҳаракати тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил қилингани эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG