Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:47

Ҳибсдаги тадбиркор Сулаймонов судда солиқчиларни яна порахўрликда айблади


Тошкентдаги Мирзо Улуғбек тумани судида давлат идораси ходимлари таъмагирлиги ҳақида президент Мирзиёевга видеошикоят қилган тадбиркор Олим Сулаймонов устидан навбатдаги маҳкама эшитувлари бўлиб ўтди.

20 феврал кунги эшитувларда Сулаймонов солиқ ва валюта жиноятлари департаменти ходимларини ундан пора талаб қилганликда айблади, шу порани бермагани учун 2016 йил баҳрида бизнеси барбод бўлганини айтди.

Тошкентдаги “Оптима” ва “Дўрмон бизнес қурилиш” ширкатлари раҳбари бўлган 51 ёшли тадбиркор 20 февраль куни Мирзо Улуғбек тумани суд залига Тошкент турмасидан олиб келинди.

Олим Сулаймонов 15 февраль куни Жиноят Ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан ҳибсга олинган эди.

У фирибгарлик, туҳмат қилганлик ва уйдирма гапларни оммавий ахборот воситаларига тарқатишда айбланмоқда.

Сулаймонов яқинларининг Озодликка айтишича, 20 февраль кунги маҳкама эшитувларида гувоҳлар кўрсатмалари тингланган.

Тошкентнинг Юнусобод тумани Солиқ ва валюта жиноятлари Департаменти ходими Дилшод Ҳазратқулов эшитувларда асосий гувоҳ сифатида қатнашган.

У Олим Сулаймоновни туҳмат ва уйдирма гаплар тарқатганликда айблаган.

Сулаймонов 20 февраль кунги эшитувларда айнан Ҳазратқулов ундан 30 минг долларлик пора талаб қилгани, шу порани бермагани учун 2016 йил баҳрида бизнеси барбод бўлганини айтган.

Шунингдек, маҳкамада тадбиркор Олим Сулаймоновнинг қўшнилари кўрсатмалари тингланди.

Маҳкамадан сўнг тадбиркор Тоштурмага олиб кетилди.

Сулаймонов устидан навбатдаги маҳкама 24 февраль куни бўлиб ўтади.

Олим Сулаймонов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга давлат идораси ходимлари таъмагирлик қилаётгани ҳақида шикоят қилгани ортидан қамоққа олинди.

Тадбиркорга нисбатан фирибгарлик ва туҳмат қилиш бўйича иш очилган. 2016 йил 10 октябрда куни Youtube.com портали орқали Шавкат Мирзиëевга видеошикоят билан мурожаат қилган Олим Сулаймонов бўлими ходими Дилшод Ҳазратқуловни ўзидан ноқонуний тарзда 30 минг доллар ундиришга уринишда айблаганди.

- Юнусобод департаментидан Дилшод деган бола эрталаб уйимга уч киши бўлиб келиб, “Ҳисобингизда пул бор экан - 48 миллион якка тартибдаги фирмага ўтказиб берасиз. Бўлмаса, иккита фирмангизни тинтув қиламиз, жарима соламиз, ишлашга бермаймиз!”, деб 30 апрелдан октябрw ойигача қийнаб келишмоқда. 203 миллион ҳисобга тўлаб бердик. Аммо ҳар хил қоғозларга қўл қўйдириб, “Республика прокуратураси, президент аппаратида ҳам одамларим бор”, деб ҳисоб рақамларимни беркитиб қўйди. Мана 6 ойдан бери беркитган бўлса, жами 1,5 миллиард давлатимизга зарар етказяпти. Биз додимизни кимга айтайлик? Қаёққа борайлик? - дея шахсан Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат орқали шикоят қилганди тадбиркор.

Сулаймонов талаб қилинган маблағни тўлай олмагани учун унга қарашли ширкат ҳисоб рақами музлатиб қолганини иддао қилганди.

Олим Сулаймонов видеомурожаатда ўз даъволарини шахсан Мирзиёев ёки телевидение олдида исботлаб бериши мумкинлиги, бундай таъмагирлик ва босимлар унга¸ балки аксар бошқа тадбиркорларга ҳам бўлаётганини билдирди.

Олим Сулаймоновнинг Youtube тармоғида пайдо бўлган мурожаати юз минглаб фойдаланувчи томонидан томоша қилинди ва жамоатчилик орасида қизғин баҳсларни уйғотди.

Бунинг ортидан президент виртуал қабулхонаси тадбиркорнинг бу шикоятини қайдга олди ва дарҳол чора кўриш ҳақида кўрсатма берди.

Кўп ўтмай "Ўзбекистон" миллий телеканали тадбиркорлар муаммоларига бағишланган очиқ суҳбатга таклиф этди.

Бу кўрсатувда қатнашган прокуратура ходими унинг иши кўриб чиқилиши ва қонунбузарларга тегишли чора кўрилишини билдирди.

Аммо, Сулаймонов адвокати Амриддин Абдуллаевга кўра, тадбиркорнинг айнан матбуотда қилган чиқишлари ҳамда таъмагирлик ва босимлар ҳақидаги даъволари прокуратуранинг унга нисбатан жиноий иш қўзғатишига сабаб бўлган.

Олим Сулаймоновнинг қамоққа олиниши Ўзбекистон президентининг тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган янги чора-тадбирлари кучга кирган бир паллада кузатилмоқда.

Президент фармонига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектларини ​режадан ташқари текшириш бутунлай бекор қилинган.

XS
SM
MD
LG