Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:59

Андижонлик қочқинлар вакили: Мирзиёевдан Андижон воқеаларини очишни талаб қиламиз!


Андижон. 2005 йил, 13 май.
Андижон. 2005 йил, 13 май.

Шу кунда Австрияда яшаётган андижонлик қочқин, 42 яшар Жасур, Ғарбга ўзини ислоҳотчи президент сифатида кўрсатишга уринаётган Шавкат Мирзиёев Андижон воқеаларига оид архивларни очиб, адолатли судни таъминлаши шарт, деган талабни илгари сурди.

Акромийлар гуруҳи етакчиси деб қамалган Акромжон Йўлдошевнинг яқини экани, 2005 йилдаги воқеалар арафасида тадбиркорлик билан шуғулланганини айтган Жасур, дунёнинг турли давлатларига сочилиб кетган қочқинлар ҳануз президент Мирзиёев мустақил суриштирув учун рухсат беришига умид қилаётганини айтди.

Астрияда тадбиркорлик қилиб кун кўраётганини айтган Жасур, у каби Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонни тарк этган қочқинлар номидан Озодликка боғланганини билдирди.

Фамилиясини очиқламаслик ҳамда овози аудиосини эълон қилмаслик шарти билан Озодликка гапирган Жасур, ўз жамоасининг Мирзиёев ҳукуматидан икки талаби борлигини айтди:

“Биринчи талаб, “Андижон воқеалари” архивини очсин, Президент. Бу ишда мустақил суриштирувчилар қатнашсин, судни қонуний йўл билан кўришсин. Аслида қанча одам ўлган, кимлар айбдор – бу ишни қонуний ҳал қилмасдан туриб, Ўзбекистон дунё кўзи олдида оқланиб кетолмайди. Ислом Каримов ўлиб кетди, воқеа дунёни эсидан чиқмайди. Биз 2017 йилда Шавкат Мирзиёев Андижонга бориб, мен бу ишларни биламан, ким нима қилганини биламан, деганида ва ниҳоят, бу иш очиларкан, деб роса умид қилгандик. Ҳалиям буни кутаяпмиз”.

Шунингдек, у бу воқеа ортидан Андижон исëни етакчиси, деб қамалган Акром Йўлдошев ҳамда у тузган “Акромийлар гуруҳи” аъзолари, деб қамалган бошқа шахсларнинг панжара ортидаги тақдири ҳам очиқланишини талаб қилди.

“Иккинчи талабимиз шу: Акромжон Йўлдошев ростдан ҳам ўлганми? Чунки, расман тан олингани йўқ. Хўп, нега тан олинмаяпти? Қачон ўлган, қаерга дафн қилинган? “Акромий” деб қамалиб, қамоқда йўқ бўлиб кетган, ўлиги келган андижонликлар бор. Уларга нима бўлган, нега ўлган, нега йўқолиб кетган – бу саволларга расман жавоб берилиши керак? Бусиз, Мирзиёевнинг ҳокимияти халқнинг ҳақиқий ишончига киролмайди, деб ўйлайман”, дейди Жасур.

Акром Йўлдошев ўлгани хабар қилинган

"Акромийлар" диний гуруҳи етакчиси деб кўрилган Акром Йўлдошевнинг 2010 йили қамоқ камерасида ўлганлиги тўғрисидаги маълумот 2016 йилнинг январида ўзбек мулозимларидан бири томонидан Озодликка билдирилган эди. Мулозим ўша пайтда бошқа тафсилотларни очиқлашдан тийилган.

Аммо, Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги яна бир манбаси маҳкум ўлганини тасдиқлаган ва унинг сил касалидан ўлганини билдирганди.

Бу хабарни 2016 йилнинг 11 январида бир-биридан мустақил яна икки манба маълум қилганди.

Аммо, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳақда расман маълумот бермаган.

Жасурнинг айтишича, Акрам Йўлдошевнинг рафиқаси ва бошқа яқинлари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда президент порталига қилган мурожаатларига ҳануз аниқ жавоб ололмаган.

Айни пайтда, Озодлик Йўлдошевнинг рафиқаси Ёдгорой Йўлдошеванинг ўзи билан суҳбатлаша олмади. Жасурнинг айтишича, Ё. Йўлдошева матбуот билан алоқаларини узган.

Аммо, Жасур "Ё. Йўлдошевага расмий жавоб", деб бир маълумотнома нусхасини Озодликка тақдим этди.

Маълумотноманинг уст қисмигина акс этган суратда унинг қайси йил, қай санада ёзилгани кўринмайди. Жасурнинг айтишича, бу маълумотнома Ё.Йўлдошевага 2018 йилда юборилган. Унда Акромжон Йўлдошевнинг Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-модда 2-қисми ва бошқа моддалар билан 23 йилга озодликдан маҳрум этилгани айтилган.

Шунингдек, унда жазо муддатининг 2005 йил 5 июнда бошланиб, 2028 йил 5 июнда тугаши ёзилган. Аммо, унинг қамоқда вафот этгани ёки этмагани ҳақида маълумот йўқ.

А. Йўлдшевнинг оиласига берилгани айтилган маълумотнома фотосурати Озодликка 2020 йилнинг 12 майида йўлланди.
А. Йўлдшевнинг оиласига берилгани айтилган маълумотнома фотосурати Озодликка 2020 йилнинг 12 майида йўлланди.

Озодлик ушбу маълумотномада номи қайд этилган идора - Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасига қилган такрор- такрор қўнғироқларига ҳозирча жавоб ололмади.

Президентнинг баёнотидан сўнг пайдо бўлган иккиланиш

Президент Мирзиёев 2017 йилнинг июни бошида Андижон вилоятига қилган хизмат сафари давомида вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишда қилган чиқиши чоғида бундай деган эди:

“Андижон воқеаларида мен ичида юрганман, ҳаммасини биламан, ким нима қилганиниям биламан. Иккита стулда ўтирганди улар. Эртага давлат кетиб, булар келса, буларнинг найрангига ўйнайман, деб ўйин қилган улар. У ўйинлар кетмайди энди. Албатта, ашаддий террорчи ва экстремистлар ўз йўлидан қайтмайди. Уни қайтариш ҳам керак эмас. Уларнинг мияси, бутун ҳужайраси заҳарларини, қўли қонга ботиб бўлган. Уларга гап уқтириб, инсофга чақиришнинг ҳеч фойдаси йўқ”.

Жасур, ана шу баёнотдан сўнг, Мирзиёев ҳокимиятга келган пайтида ваъда қилинган ислоҳотларга ишониб, қайтиш ҳаракатига тушган қочқинлар президент қўллаган "террорчи" калимасидан яна иккиланиб қолганини айтади:

“Агар, бу воқеалар қонун асосида кўриб чиқилса, айбдор ва айбсизлар ўртага чиқади. Ўшанда биз ҳам очиқ юз билан юртга қайтар эдик. Шахсан мен ўзим учун жавоб бераман: мен ўзим ва ёнимдаги одамларнинг ҳаёти яхшилансин, деб чиққандим Бобур майдонига, мен террорчи деган айбловни мутлақо қабул қилмайман”, дейди Жасур.

​2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган. ​Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.

​13 май куни ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун юзлаб андижонликлар қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур бўлганди.

Бир неча ой ўтиб БМТ Қочқинлар идораси кўмагида 500га яқин андижонликлар Руминияга ўтказилди. Кейинчалик қочқинларга дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, Швеция, АҚШ, Канада каби давлатлар сиёсий бошпана берди. Сўнгра бу қочқинлар Европанинг турли давлатларига ёйилиб кетди.

​Бобур майдонидаги қонли фожиадан кейин халқаро жамоатчилик мустақил текширув ўтказишни талаб қилган, бироқ расмий Тошкент рад этган. Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан 3 йил ўтиб ҳам, бундай суриштирув ўтказилмади.

XS
SM
MD
LG