Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:27

Мирзиёев амалдорларнинг семизлигини онлайн назорат қилмоқчи


Давлат амалдорлари ва жамоатчилик вакиллари президент Мирзиёевнинг нутқини олқишламоқда
Давлат амалдорлари ва жамоатчилик вакиллари президент Мирзиёевнинг нутқини олқишламоқда

19 ноябрь куни Тошкентда, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида мамлакат президентнинг 30 октябрдаги фармонидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Президент имзолаган фармон муқаддимасида “соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга айлантириш зарур эканлиги” таъкидланган.

Фармонга биноан бундан буён вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларининг семизлик даражаси назорат қилинади.

Президент имзолаган ҳужжатда давлат амалдорининг вазни билан коррупция ўртасидаги боғлиқлик ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бироқ олимлар ўтказган тадқиқотларда бундай боғлиқлик борлиги айтилади.

Давлат амалдорларининг вазнини назорат қилиш Ўзбекистон президенти 30 октябрда имзолаган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда назарда тутилган чора-тадбирлардан бири, холос.

Фармонда, шунингдек:

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, уларнинг оила аъзоларининг ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини таъминлаш;

аҳоли ўртасида юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workоut» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгилаш;

ҳар чоракда ҳар бир туман (шаҳар)да «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танлови ташкил этиш каби қатор чора-тадбирлар белгилаб қўйилган.

Фармоннинг тўлиқ матни билан мана бу ерда танишиш мумкин.

Президент фармонининг семиз амалдорларга тегишли қисми

Фармоннинг 14 бандида бундай дейилган:

14. Бош вазир ўринбосари А.Абдухакимов Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, рейтинг асосида таҳлил қилиш ҳамда натижаларни онлайн кузатиб бориш тизимини жорий этсин.

Озодлик фармоннинг айнан шу бандини шарҳлаб беришни врач, иқтисодчи, IT мутахассиси ҳамда Ўзбекистон президентининг кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси собиқ ўринбосаридан илтимос қилди.

Врачлар фармонни олқишлади

Андижонлик врач Отабек Аҳлиддинов Озодлик билан суҳбатда президент фармонини олқишлар экан, хавотирлари ҳам йўқ эмаслигини билдирди:

"Бу фармон амалдорлар ва халқнинг соғлиғини ўйлаб қилинган ҳаракат эканлигидан хурсандман ва умид киламанки, ушбу фармон ижроси баҳонасида бюджетдан катта миқдорда пуллар коррупцион схемалар орқали ўғирланиб кетмайди".

Врачнинг фикрича, "ўзбекча семизлик"нинг "ўзбекча сабаблари" бор:

"Семиз одам бирдан озиб қолмайди. Семизликнинг сабаби касаллик бўлиши мумкин. Мамлакат иқтисодиёти аҳволи, ижтимоий муносабатлар, халқ менталитетининг ўзига хос жиҳатлари ҳам таъсир қилишини унутмаслик керак. Ўзбеклар жуда кўп нон ейди, буни ҳам бирдан камайтириб бўлмайди".

Бошқа бир врач Турсунбой Қобилов (исм ўзгартирилган-таҳр.) ҳам президент фармонини олқишлаб, унда назарда тутилган чоралар аҳоли саломатлиги учун "сув билан ҳаводай зарурлиги"ни айтаркан, фармон қоғозда қолиб кетмаслиги кераклигини таъкидлади.

Врачнинг фикрича, ортиқча вазн билан боғлиқ касалликлар ҳақида кўп гапириш мумкин. “Бироқ, - деди у, - ўзбек амалдорларида энг кўп учрайдиган касалликлардан бири панкреатит – ошқозон ости бези яллиғланиши ҳамда жинсий қувватсизликдир”. Дўхтирнинг айтишича, амалдорлар бевақт ва кўп овқатланишдан семириб кетади, панкреатитга чалинади, семирган одам, ҳаракатсизлик қўшилиб, жинсий қувватдан қолади ва бу ҳолатлар амалдорнинг самарали ишлашига тўсқинлик қилади.

IT мутахассиси: Амалдор вазнини онлайн назорат қилиш - абсурд ғоя!

Президент ўз фармони билан семизлик даражасини онлайн кузатиб бориш тизимини жорий этишни буюрган. Хўш, бу иш қандай амалга оширилади?

Бу саволни Информацион технологиялар (IT) мутахассиси Тўлқин Умаралиевга бердик. Мутахассис онлайн кузатиш механизми ҳақида чуқуррок маълумот берилмагани учун ҳозирча фақат тахмин қила олишини, лекин ҳар кандай тахмин қилмасин, бу ғоянинг абсурдлиги кўриниб турганини айтади:

"Одамнинг физиологик кўрсаткичларини онлайн тарзда турли хил йўллар билан узоқдан туриб мониторинг қилса бўлади. Энг оддийси -махсус сайт ёки мобил дастурга рақамларни фойдаланувчи ўзи мануал тарзда киритиб боради. Яна бир йули — курсаткичлар смарт билакузук орқали автоматик равишда мобил дастурга узатилиб, у ердан марказлаштирилган серверга юборилади. Лекин бундай билагузукларнинг имконияти чекланган, улар фақат кундалик ҳаракатланиш, калория сарфланишини кузата олади, семизлик ва вазн индексларини барибир мануал киритиш керак, ёки махсус смарт тарозилардан фойдаланиш керак.

Тўлқин Умаралиевнинг Озодликка айтишича, уни қизиқтираётган энг асосий савол — бундай назорат кимга кераклиги-ю кўрсаткичлар тўғрилигини ким текширишидир.

"Одам ўз саломатлиги ҳақида аввало ўзи ўйланмаса, ўзи куйинмаса, ҳар қандай онлайн мониторинг кўрсаткичларини сохталаштирса бўлади, айниқса, агар улар мануал киритилса. Агар орага текширувчи қўйилса, бу яна коррупцияга олиб келиш мумкин”, - деди IT мутахассиси.

Фармонда онлайн назорат жараёнида вазн индекси меъёридан ортиб кетгани аниқланган амалдорларга қандай санкциялар қўлланиши тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Иқтисодчи олим: Семизлик - амалдорнинг коррупцияга ботгани белгиларидан бири

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақуловнинг Озодликка айтишича, давлат амалдорининг семизлиги билан коррупция ўртасида боғлиқлик борлигига оид чет эллик иқтисодчилар бир неча тадқиқотлар ўтказган.

Амалдорлар, - дейди профессор, - биринчидан, кам ҳаракатли ва ўтирган жойида буйруқ бериш билан машғул бўладилар. Иккинчидан, айрим амалдорлар мансаб ваколатидан ғаразли шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб, катта даромад топиб, бойлик тўплагани сабабли нотўғри овқатланишади. Улар ейдиган овқатлар, асосан, холестеринга бой, ўта қувватли гўшт, гўшт маҳсулотлари ҳамда тансиқ таомлардир. Амалдорларнинг расмий маоши икки-уч миллионнинг атрофида эканлигини инобатга олсак, еяётган овқатлари улар ботган коррупция ботқоғидан бир парча лой эканлигини тушуниш учун катта ақл бўлиши шарт эмас”.

Коррупция ва семизлик ўртасида боғлиқлик бор - тадқиқот

Профессор Аллақулов тилга олган илмий тадқиқотлардан бири тўғрисида жорий йил ёзида eurasianet.org нашри хабар қилган эди.

Франциядаги Монпелье университети профессори Павел Блаватский ўтказган тадқиқот натижаларига қараганда, собиқ совет республикаларида коррупция даражаси қанчалик юқори бўлса, сиёсатчиларининг семизлик даражаси ҳам шунчалик баланддир.

Олим Литва, Латвия и Эстония, Грузия каби коррупция даражаси паст бўлган давлатларда давлат амалдорлари вазн индекси пастлиги, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон каби мамлакатларда "амалдорлар вазни индекси мавжуд коррупция даражасига мутаносиб" эканлигини аниқлаган.

Ислом Каримов ва "думалоқ вазирлар" ҳақида

Таниқли журналист Шароф Убайдуллаев 90- йиллар бошида Ўзбекистон президентининг Кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ишлаган. Биринчи президентнинг амалдорлар вазни билан иши бўлмаганини эслаб, Убайдуллаев бундай деди:

"Ҳозир, майли, исмларини айтмай қўяқолай, энг семиз, энг думалоқ вазирлар Каримовнинг энг яхши кўрган одамлари бўлган. Албатта, Каримов уларни семизлиги учун яхши кўрган, демоқчи эмасман. У кишига амалдор семиз бўладими, ориқ бўладими, дароз ёки пакана бўладими – муҳими садоқатлими-йўқми – шу эди".

Шароф Убайдуллаев президентнинг соғлом турмуш тарзига оид фармони навбатдаги кампаниябозликка айланиб кетишидан хавотирда эканини билдирди:

"Мирзиёевнинг фармонини амалдорларнинг вазнини назорат қилишга уриниш, деб тушунмаслик керак. Бу ерда гап маданият устида, турмуш тарзи устида кетяпти. Шуниси ёмонки, баъзилар президентнинг умумий фикрлариниям қонунга айлантириб олишяпти. Президент соғлом турмуш тарзини тавсия қиляпти, холос. Фармондан келиб чиқиб, вазнни амалдорнинг асосий сифати, деб тушуниб олмаслик керак. Акс ҳолда, барча амалларга балериналару спортчиларни ўтқазиб қўйишга тўғри келади".

Шароф Убайдуллаев соғлом турмуш тарзи тушунчасининг оддий халққа тааллуқли бир муҳим жиҳатига эътибор қаратди:

"Халқнинг дастурхонига бир қараш керак. Соғлом турмуш тарзини халқ ўз ҳаётига тадбиқ қилиши учун анча нарсаларни сотиб олиши керак, лекин бунга имконияти йўқ. Ўзимиздаги кўкатлару сабзавотларниям дастурхонимизга тўла- тўкис қўйиш имкониятимиз ҳали йўқ. Ана, бозорда гўшт нархи 100 минг сўмга қараб кетяпти. Бу аҳволда қандай қилиб соғлом турмуш тарзи ҳақида гапириш мумкин, ахир?!"

XS
SM
MD
LG