Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:16

Конституцияни ўзгартириш керак, аммо Мирзиёев айтган моддаларни эмас - таҳлилчилар


8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Президент Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 29 йиллиги муносабати билан мамлакат халқига йўллаган табригида Асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш зарурати борлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари фикрича, конституциявий ислоҳотдан мақсад Асосий қонунни “жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотлар мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш”дир.

Президент фикрича, Конституцияга ўзгартиришларни 9 та “ҳолат” тақозо этмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, давлат раҳбари тилга олган ҳолатлар жорий Конституцияда ҳам мавжуд, Асосий қонунни ўзгартиришдан асл мақсад эса, бошқа бўлиши мумкин.

Президент айтган 9 "объектив зарурат"

Президентнинг фикрича, “конституциявий ислоҳотларни объектив зарурат сифатида кун тартибига қўяётган” 9 та ҳолат булардир:

  • илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш;
  • иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши кераклиги;
  • фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш;
  • оила институтини ривожлантириш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш;
  • ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш;
  • “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлаш;
  • болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кексалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш;
  • боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш.

Объектив шубҳалар

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Президент келтирган важлар юзасидан фикр билдирар экан, бундай деди:

“Юқорида санаб ўтилган 9 йўналишнинг баъзилари тўлиқ сиёсийдир ва уларни Конституция даражасида белгилаш ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик тўғри, деган савол пайдо бўлади”.

Болалар меҳнати, мажбурий меҳнат каби муаммоларни, аслида, Конституция даражасида мустаҳкамлашга зарурат йўқ, деб ўйлайман.

Раббимовнинг фикрича, масалан “Янги Ўзбекистон” атамаси, ҳуқуқий эмас, сиёсий тушунчадир, бу атаманинг конкрет даврдаги конкрет сиёсий вазифалари бор ва йиллар ўтиб бу атама ўзининг сиёсий вазифасини ўтаб бўлади.

Сиёсатшуноснинг фикрича, Президент тилга олган “ҳолат”лардан баъзиларини Асосий қонунга киритишга ҳожат йўқ:

“Болалар меҳнати, мажбурий меҳнат каби муаммоларни, аслида, Конституция даражасида мустаҳкамлашга зарурат йўқ, деб ўйлайман. Бу муаммоларнинг олдини олиш учун, қонун ижроси таъминланиши, сиёсий плюрализм ва фуқаролик жамияти ривожланиши етарли ҳисобланади”.

Конституцияни ўқиймиз

Конституцияни ўзгартириш учун Президент зарур деб ҳисоблаган 9 та “ҳолат”нинг кўпчилиги амалдаги Асосий қонунда ўз ифодасини топган.

Масалан, Президент ўз табригида оила институтини ривожлантириш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйиш зарурлигини уқтиради.

Айни пайтда амалдаги Конституциянинг XVI боби “Оила”, деб номланган ва бу боб 4 моддани қамраб олган. Шу боб таркибидаги 65- моддада бундай дейилган:

“Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”.

Конституция ҳуқуқшунослар иши тушиб қолгандагина мурожаат қиладиган бир парча қоғоз эмас

Жаҳон тиллари университети 3- курс талабаси Жавоҳир Омонуллоҳнинг фикрича, Конституцияни ўзгартиришдан аввал унга нисбатан муносабатни ўзгартириш керак:

“Конституция ҳуқуқшунослар иши тушиб қолгандагина мурожаат қиладиган бир парча қоғоз эмас, балки сизнинг ва бизнинг ҳаётимиз кафолати, халқнинг истак ва иродаларини намоён этувчи восита эканлигини англашимиз керак. Шундай экан машҳур иқтисодчи Томас Соуэлл (Thomas Sowell) айтганидек: "Биз Конституцияни ҳимоя қилмагунимизча, Конституция бизни ҳимоя қила олмайди".

"Халқ билан маслаҳат"

Президентга кўра, Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларга доир қарор “халқ билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юрт ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб” қабул қилинади.

Президент бу қарор қабул қилинадиган муддатни (2022 йил, Конституциясининг 30 йиллик байрами нишонланадиган кунлар) ҳам белгилаб қўйди.

Давлат раҳбари янги Конституция (ёки Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар) лойиҳаси муҳокамасига Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларни, нуронийларни, хотин-қизларни, ёшларни, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимларни, илм-фан намояндаларини, ижодкор зиёлиларни, бутун халқни даъват қилди, улар бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдирадилар, деб ишонч билдирди.

Конституциянинг ўзгартирадиган жойлари бор...

1992 йилда қабул қилинган Конституцияни тайёрлашда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати сифатида иштирок этган ёзувчи Жаҳонгир Муҳаммад ҳам, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам, Жаҳон тиллари университети 3- курс талабаси Жавоҳир Омонуллоҳ ҳам 8 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Конституцияни такомиллаштириш зарурати борлигини айтишди.

Ўша пайтда Конституция лойиҳаси очиқ муҳокама қилинмаганди.

Жаҳонгир Муҳаммад бундан 29 йил аввалги вазиятни эслайди:

“Ўша пайтда Конституция лойиҳаси очиқ муҳокама қилинмаганди. Президент маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов ва Бош вазир ўринбосари Исмоил Жўрабековлар вилоятларга чиқиб, депутатлар билан гаплашиб, муҳокама ўтказилди, деб сессияда овозга қўйишган. Гап шундаки, биз, демократик қарашдаги мустақил депутатлар бу ҳужжат устида ҳар томонлама ишлаган, унга президентга ишончсизлик билдириш - импичмент масаласи қўшилишини талаб қилаётгандик”.

Жаҳонгир Муҳаммаднинг фикрича, Ислом Каримов даврида “яхши томони ҳам, ёмон томони ҳам ишламаган, бир парча кераксиз қоғозга айлантирилган” бу ҳужжатга “бир ё икки қўшимча киритиш кифоя ва ўша қўшимчанинг бири президентга импичмент эълон қилиш имкони тўғрисидаги модда бўлиши керак”.

Амалдаги Конституцияда "қонун туйнуклар" ва камчиликлар етарлича.

Жаҳон тиллари университети 3- курс талабаси Жавоҳир Омонуллоҳнинг фикрича, Конституция қайта кўриб чиқилиши, модернизацияланиши керак:

“Амалдаги Конституцияда "қонун ий туйнуклар" ва камчиликлар етарлича. Шахсан мен Конституциямизни жамият ҳаётининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарлича тўғри белгилаб бермаган, давлатнинг ички ва ташқи сиёсат йўналишларини тўғри йўналтирмаган, деб ҳисоблайман”.

Ўзбекистоннинг жорий Конституцияси жуда примитив, унда ҳокимият вертикали жуда кўпол кўринишга эга.

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар, аслида, узоқ кутилган зарурат эди”, - дер экан, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрини бундай давом эттирди, - Ўзбекистоннинг жорий Конституцияси жуда примитив, унда ҳокимият вертикали жуда кўпол кўринишга эга, фундаментал қадриятлар ва уларни ҳаётга тадбиқ қилиш механизмлари қисми, ҳокимиятлар бўлиниши юзаки ва формал кўринишга эга. Президентлик ваколатлари ниҳоятда кенг, чекланмаган кўринишга эга”.

Камолиддин Раббимов янги Конституция лойиҳасида ҳокимиятлар бўлинишига, ҳокимият бутоқлари ўртасидаги мувозанатга эътибор қаратилишига, ўзаро тийиб туриш механизмлари яратилишига умид билдирди.

Ҳокимлар сайланиши каби масалалар янги Конституция лойиҳасида ўз аксини топади, деб умид қиламан.

“Айниқса, Ўзбекистонда кўпдан бери кутилаётган маъмурий ислоҳотлар, жумладан, ҳокимлар сайланиши каби масалалар янги Конституция лойиҳасида ўз аксини топади, деб умид қиламан”, деди сиёсатшунос.

Тинимсиз ўзгартирилаётган Конституция

Ўзбекистоннинг 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган асосий қонунига ўтган 29 йил давомида 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, дунё бўйича бу каби қисқа муддатда энг кўп ўзгартирилган конституциялардан бири ҳисобланади.

Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисида Шавкат Мирзиёев биринчи марта ўтган ойда, президентликнинг иккинчи муддатига сайланганидан сўнг гапирган эди.

6 ноябрь куни ўзининг инаугурацион нутқида "конституцияни такомиллаштириш" ҳақида гапирган Мирзиёев асосий қонуннинг айнан қайси бандлари ўзгартирилишини очиқламаган.

Мирзиёев эълон қилган "конституцион ислоҳотлар" президент муддати ўзгартирилиши ҳақидаги фаразларга етаклаган, бундай фаразларнинг пайдо бўлишига эга мамлакатнинг энг янги тарихида юз берган прецедентлар бор.

Жамиятни ўйлантираётган асосий масала

Биринчи президент Ислом Каримов Конституцияда бир шахс икки муддатдан ортиқ президентликка сайланиши тақиқлаб қўйилганига қарамай, 2016 йилнинг сентябрида вафот этгунига қадар 4 марта президентликка сайланган ва бир марта умумхалқ референдуми ўтказиш йўли билан президентлик ваколатлари муддатини узайтирган эди.

Бундай тажриба Россия тажрибасида ҳам бор. 2020 йили Россия Конституциясига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ президентликка 4 марта сайланган Владимир Путиннинг аввалги муддатлари ҳисобга олинмайдиган бўлган.

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритишдан асл мақсад, Жаҳонгир Муҳаммаднинг фикрича, бундай:

Менимча,Россия тажрибасидан келиб чиқиб шундай иш тутишмоқчи.

“Менимча, Россия тажрибасидан келиб чиқиб шундай иш тутишмоқчи. Жуда кўп гаплар, баҳоналар айтилади, аммо охир-оқибат бу нарса Президентнинг икки муддатини нолга тенглаштириб, унинг янгитдан икки муддатга сайланишига йўл очади”.

Талаба Жавоҳир Омонуллоҳ бундай деди:

“Мен турли шубҳалар, тахминларни эшитиб, сезиб турибман. Сир эмас, ҳамма президент ваколатлари муддати билан боғлиқ ўзгариш бўлишидан ҳавотирда. Агар президент яна қайта сайланмоқчи бўлган тақдирда ҳам, мен бунга ҳозир баҳо бермаган бўлар эдим. Бу қўрқув ёки ўзцензурадан эмас. Деталларни билмаслигимдандир”.

Cиёсатшунос Камолиддин Раббимов:

“Конституциявий ислоҳотларга зарурат пишиб етилган. Лекин бу ислоҳотлардан асосий мақсад Ўзбекистондаги ўзгариб бораётган сиёсий реалликни ифодалашми ёки ҳокимият мандатини янада чўзишми - бунга бугун жавоб бериш қийин. Лекин бугунги ҳокимият яхши англайдики, агар конституциявий ислоҳотларни мандат чўзиш мақсадида қилаётгани маълум бўлса, бунга Ўзбекистон жамияти ва дунё ҳамжамиятининг муносабати, табиийки, салбий бўлади. Бу иккинчи маъмуриятнинг тарихий репутациясига салбий таъсир қилади”.

XS
SM
MD
LG