Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:57

"Эркинлик президентнинг марҳамати эмас" – тармоқлар матбуотни "ёпиш" ва "очиш" ҳақида


Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий блогерлар билан. Самарқанд, 26 август, 2019
Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий блогерлар билан. Самарқанд, 26 август, 2019

Президент Шавкат Мирзиёевнинг "матбуотни ёпмаслик" ҳақидаги баёноти тармоқларда сўз эркинлиги ва президент ваколатлари борасидаги муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Давлатнинг матбуот учун масъул мулозимлари ва ҳукуматпараст блогерлар президентнинг 24 февраль куни Қашқадарёга сафари чоғида янграган баёнотини сўз ва матбуот эркинлигига содиқлик белгиси сифатида тақдим қилган бўлса, тармоқ фаоллари ва танқидчилар Мирзиёев баёнотида мамлакат конституцияси билан зиддиятни кўришди.

"Ҳамма ёпиб қўй, дейди.."

Президенти Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Қарши шаҳрида ўқитувчилар ва фахрийлар билан учрашувда сўз эркинлиги мавзусидан гап очди. У кўпчилик оммавий ахборот воситаларини “ёпиш”ни таклиф қилаётгани, лекин ҳеч қачон бундай қилмаслигини таъкидлади. Президент матбуот хизмати ёйинлаган қисқа видеолавҳада ОАВни кимлар, қай усулда ёпмоқчи бўлгани мавҳум қолган.

“Ёпиқ давлат бўлиб, ОАВни қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик. Эркинлик нафаси менга ёқади. Тўғри, менга бундай ишлаш қийинроқ. Ҳамма “э, ёпиб қўй” дейди. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидек, прокурор, СНБ текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?” дейди президент.

ОАВни дўст деб билишини урғулаган Мирзиёев ҳар куни интернетни кузатиб бориши, ким нима деяётганини ёзиб олишини айтади.

Мирзиёевнинг ушбу чиқиши мамлакатда журналист ва блогерлар турли айбловлар билан қамалаётган паллага тўғри келгани боис баъзи фаоллар баёнотнинг самимийлигини шубҳа остига олган.

“Сиёсат тобора тутуриқсизлашиб бораётгандек. Шунча пул бўлса ҳам, пиарни эплашолмаяпти. Эплашолмаганиям яхши. Бугун президент яна матбуот эркинлиги тарафида экани ҳақида гапирди. Унинг сўзларидан англашилишича, матбуот эркинлиги берилаётгани халққа нисбатан бир марҳамат. “Одолжение” қилиняпти гўё. Атрофида қаршилар кўп экан. Бирон мамлакатда давлат раҳбари матбуот эркинлиги ҳақида гапирдими, билингки, у ерда матбуот эркин эмас”, деб ёзади Би-Би-Си мухбири Ибрат Сафо.
Журналистнинг таъкидлашича, матбуот, давлат раҳбари хайрихоҳлиги ё қаршилигидан қатъи назар, шундоқ ҳам эркин бўлиши керак.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, жамият президентнинг сўз эркинлиги хусусидаги фикрига ишончсизлик билан қараши мумкин, лекин бу ҳол барибир муҳим аҳамиятга эга.

“Сўз ва фикр эркинлиги – муаммоларни билиш ва уларга ечим топиш орқали миллатни кучайтиради. Сўз ва фикр эркинлигининг бўлмаслиги – чиройли фасад соясида миллат ва давлатни сўндиради. Сўз ва фикр эркинлигини муттасил бузиб, курашиб келаётган давлат органлари, мулозимлари ва ходимлари аслида ҳуқуқий ва тарихий жиноят қилаётганини англаши керак”, деб ёзади Раббимов.

Блогер ва ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов президентнинг ушбу фикри керакли вақтда айтилди деб ҳисоблайди.

“Чунки охирги вақтлар айрим блогер ва журналистларга бўлаётган ишларни кўриб, фаолларда саволлар пайдо бўлаётганди. Биз ортга қайтяпмизми ёки бу шунчаки майдонни тозалашми, ёки бўлмаса, “ақлини киргизиб қўйиш” дарсларими деган. Бугунги нутқдан ҳозирча ортга қайтмаётганимизни тушундим. Аммо нутқдаги “ёпишни таклиф қилишди” ибораси бизни ўйлантириши табиий ва хулосаларга ундайди. Ким таклиф берди? Шу каби таклифларни берадиган инсонлар нимани кўзлади? Улар ҳали ҳам катта жамоанинг ичида борми? Уларнинг таъсир даражаси қандай? Бу кетишда эртага нима бўлиши мумкин?” дея саволлар қўяди Солижонов.

“Президент ўзидан матбуотни ёпишни сўрашаётгани ҳақида гапирди. Очиқ жамият душманлари кимлар?” дея ҳайратини яширмайди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ҳам.


Яна айрим фаоллар “ОАВни ёпиш”дек аксилконституциявий таклифни берган шахс ёки гуруҳларга қонуний жазо талаб қилган.

“Ўша одамларни оғзига калиш билан уриб, ёнидан йўқотганмикан?” дея мулоҳаза юритади Ғайрат Омон.

Охирги бир ойда 10 га яқин журналист ва блогер ҳибсга олинди. Улар орасида давлат идораларининг матбуот хизматлари раҳбарлари ҳам бор. Ўзбекистон бош прокуратураси Human.uz сайти асосчиси Хуршид Далиев ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг матбуот котиби Мавжуда Мирзаеваларнинг "Kompromatuzb" иши доирасида ҳибсга олинганини айтган.

Ушбу баёнотдан кўп ўтмай коррупцияга қарши чиқишлари билан танилган мустақил блогер Абдуқодир Мўминов ҳибсга олинди. Бош прокуратура Мўминовнинг "таъмагирлик" ва "фирибгарлик"да гумон қилинаётганини айтган. Яқинлари ва тармоқ фаоллари Абдуқодир Мўминов блогерлик фаолияти, хусусан, президент оиласи мансублари танқид қилинган чиқишлари учун ҳибсга олинган деб ишонишади.

Блогер онаси: Мирзиёев, қўлим ёқангда!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:21 0:00

Жамоатчиликда пайдо бўлган саволлар ва ижтимоий тармоқлардаги кутишларнинг аксига, 24 февраль кунги баёнотида президент Шавкат Мирзиёев Озодликнинг Ўзбекистон нефт ва газ саноатига доир суриштирувига муносабат билдирмади. Очиқлик ва матбуот эркинлиги ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, ўтган 6 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Мирзиёев на маҳаллий ва на хорижий матбуотга интервью берди.

Форум

XS
SM
MD
LG