Линклар

Шошилинч хабар
03 январ 2025, Тошкент вақти: 12:09

Мирзиёев учинчи марта президент сифатида қасамёд қилди


Шавкат Мирзиёевни қасамёдга келтириш маросимидан лавҳа, 2021 йил 6 ноябри
Шавкат Мирзиёевни қасамёдга келтириш маросимидан лавҳа, 2021 йил 6 ноябри

Ўзбекистонда якшанба куни ўтказилган президент сайлови ғолиби деб эълон қилинган Шавкат Мирзиёев 14 июль куни Олий Мажлис ҳар икки палатаси қўшма мажлисида давлат раҳбари ўлароқ қасамёдга келтирилди.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси 9 июль куни бўлиб ўтган президент сайловида 87,05 фоиз овоз билан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонганини эълон қилган эди.

Мазкур сайлов Ўзбекистонда президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирган янги таҳрирдаги Конституция бўйича референдумдан 70 кун ўтиб ўтказилди. Конституцияга киритилган ўзгартишлар ва якшанба куни бўлиб ўтган сайлов Мирзиёевнинг 2037 йилгача давлат раҳбари лавозимида қолишига йўл очган.

Сайловдан беш кун ўтиб ўтказилаётган инаугурация маросимида учинчи бор президент ўлароқ қасамёдга келтирилган Шавкат Мирзиёев (у 2016 йил декабри ва 2021 йил ноябрида ҳам қасамёдга келтирилган) яна Ўзбекистон Конституцияси ва Қуръони каримга қўлини қўйиб, “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий амал этишга , фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси президенти зиммасига юкланган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан” деган сўзларни талаффуз этди.

Қасамёд ортидан сўзлаган нутқида Мирзиёев мамлакатда барча сиёсий ҳуқуқлар қаторида виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатлари сўзсиз таъминланишига сўз берди.

Биз демократия ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, конструктив мухолифат фаолиятини, сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаймиз”, деган Шавкат Мирзиёев бунга оид тафсилотларга тўхталмади, хусусан, унинг “конструктив мухолифат” бирикмаси орқали кимни назарда тутгани мажҳуллигича қолиб кетаверди.

Ўзбекистон сиёсий ҳаётида мухолифатнинг ўрни муҳимлиги юзасидан баҳслар бошланган 2019 йил охирида амалдаги президент Мирзиёев бунга муносабат билдириб, “мухолифат мамлакатнинг ичида пайдо бўлиши лозим”лигини урғулаган эди. Бироқ ўшандан бери мавжуд беш партия фаолиятида мухолифатга хос бўлган, мавжуд иқтидорни танқид қилиб, муқобил бошқарув йўлларини таклиф қилган қадамлар қўйилмади. Режимга мухолиф бўлган профессор Хидирназар Аллақулов партиясини рўйхатга олиш эса 2021 йилдан буён расмийлар томонидан бир неча бор рад этилди.

Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимидаги нутқида сайловнинг эртаси куниёқ белгилаб олинган мақсадларни амалга ошириш бўйича қатъий ҳаракатлар бошланганини таъкидлади.

Кимки “Сайлов ўтди — сафарбарлик тугади” деб ўйласа, хато қилади. Ҳақиқий сафарбарлик энди бошланади. Чунки халқимиз бизга ишониб топширган катта-катта режа ва дастурларни ўзимиз бажармасак, айтинг, четдан ким келиб бажариб беради?” деди Мирзиёев.

Президент сайловидан кейинги биринчи ҳукумат йиғилишида Мирзиёев 10 та туман ва 2 та шаҳар ҳокими ҳамда вазир ўринбосарлари дохил қатор давлат идоралари раҳбарларини ишдан олган. Мирзиёев бу мулозимларни “хиёнат”да айблаган. Унинг инаугурацион нутқидан бошқарувдаги кадрлар таркиби яна ўзгариши мумкинлиги англашилади. Мирзиёев 2018 йилда ҳукуматдаги кадрларни ёшлар билан алмаштиришини айтган, аммо ҳукуматда ҳануз Каримов давридаги кадрлар кўпчиликни ташкил этади.

Мирзиёев ўзининг инаугурацион нутқида коррупцияга қарши курашни ҳам тилга олди.

Президент сайлови олдидан Озодлик Шавкат Мирзиëев бошқарувидаги непотизмга бағишланган видеосуриштирувни эълон қилган эди. “Мирзиëевлар амирлиги” деб номланган суриштирув амалдаги президент оиласининг кўп сонли аъзолари юқори ҳукумат лавозимларига тайинланиши баробарида мамлакат иқтисодиётининг бутун бошли соҳалари устидан назорат ўрнатганини ўртага чиқарган.

Президент Мирзиёев администрацияси Озодликнинг суриштирув чоп этилишидан олдин йўллаган саволларини ҳам, тармоқ фаолларининг суриштирувдаги фактлар юзасидан расмий изоҳ бериш ҳақидаги чақириқларини ҳам жавобсиз қолдирмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG