GeorgiaToday сиëсий нашрида 20 январь куни эълон қилинган бош мақола “Евроосиë иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) нинг 2020 йилги динамикаси” деб номланади.
Нашр таҳририяти номидан чоп этилган мақолада Россия Европа иттифоқига муқобил тарзда кенгайтиришга уринаëтган бу иттифоққа Ўзбекистонни расман қўшиш Кремлнинг 2020 йилги бош мақсади экани таъкидланди.
“Ўтган йил давомида Тошкентнинг ЕОИИга қўшилишига оид эҳтимолий қарори бўйича фаол музокаралар олиб борилди. Россия ва хориж матбуотида бундай қарорнинг 2020 йилда қабул қилинишига оид жуда кўп ишоратлар пайдо бўлди”¸ дейилади грузин нашри мақоласида.
МДҲ ҳудудида Россиядан масофаланиш сиëсатини олиб бораëтган Грузиядаги бу нашр¸ ЕОИИ ҳудудларини собиқ СССР ҳудудига имкон қадар яқинлаштиришга уринаëтган Кремль учун Ўзбекистоннинг унга қўшилиши муҳимлигини таъкидлайди.
“Стратегик жойлашуви ва табиий заҳираларга бойлиги Ўзбекистонни йиллар давомида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва ЕОИИ каби ташкилотларга қўшилиш борасидаги Россия босимига муваффақиятли қаршилик қилишига имкон бериб келди ва скептиклар ҳали ҳам Ўзбекистоннинг Россия етовидаги бу гуруҳга қўшилмаслигига ишонмоқда”¸ дейилади мақолада.
2001 йилнинг 30 майида бугунги Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) пайдо бўлишига омил яратган Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги (ЕОИҲ) ташкилоти тузилган, Ўзбекистон бу ташкилотга 2001 йилда аъзо бўлган ва 2008 йилда уни тарк этган.
Фаолиятини 2015 йил 1 январида бошлаган Евроосиё иқтисодий иттифоқига ҳозирги пайтда Беларусь, Россия ва Қозоғистондан ташқари Қирғизистон ва Арманистон аъзо.
Бу иттифоқ¸ СССР парчаланишини “20-асрнинг энг катта фалокати” деб айтган Владимир Путиннинг собиқ СССРни бошқа шаклда реставрация қилиш лойиҳаси сифатида кўрилади.
Россия томонидан ўз ҳудудий яхлитлиги парчаланган Грузия ва Украина¸ постсовет ҳудудида Россия таъсирининг кучайишига қаршилик кўрсатаëтган асосий давлатлар бўлиб қолмоқда.
Собиқ иттифоқ таркибида бўлган Болтиқбўйи давлатлари эса¸ Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзосига айланиш орқали Россия сиëсий ва иқтисодий орбитасини бутунлай тарк этган.