Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:03

Мирзиёев Путин билан мудофаа ва иқтисодий ҳамкорлик юзасидан гаплашмоқчи


Путин ва Мирзиёев Самарқанддаги учрашув чоғида, 2016 йил 6 сентябри.
Путин ва Мирзиёев Самарқанддаги учрашув чоғида, 2016 йил 6 сентябри.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан қишлоқ хўжаликлари етказиб бериш ва Россия нефтига бўлган божни бекор қилиш бўйича келишиш учун Москвага бормоқчи.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “Известия” нашрига Путин ва Мирзиёев учрашуви яқин 2-3 ой ичида амалга ошажагини билдирди.

Песковга кўра, бу учрашувда муҳокама қилиниши кутилаётган яна бир муҳим масала ҳарбий-техник ҳамкорлик масаласидир. Тошкент мамлакат ичкариси ва қўшни Афғонистонда диний радикализмга қарши туриш учун ҳарбий имкониятларини кучайтириши керак. Москва эса, музокаралар муваффақият билан тугаган тақдирда, қурол-аслаҳа бозорида янги шерикка эга бўлади.

“Известия” нашрининг Ўзбекистон раҳбариятидаги юқори лавозимли манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, бўлажак музокараларда энергетика, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш, ҳарбий-техник ҳамкорлик ва миграцион сиёсат масалалари кўриб чиқилади.

- Россияда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун катта бозор бор, бу бозорни янада кенгайтириш масаласи муҳокамаси, табиийки, устивор масаладир. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қишлоқ хўжалик соҳасини кенг кўламда қайта ташкил этиш ишига киришди, у пахта далаларини қисқартириш ҳамда боғ ва бошқа экинларни кенгайтиришни бошлаб юборди.

Тахмин этиш мумкинки, Ўзбекистон томони Россия нефтини бож тўловларисиз масаласини яна кўтаради. Маълумки, Ўзбекистоннинг бу борадаги илтимоси яқинда Россия ҳукумати томонидан рад этилди. Ўзбекистондан бўлган муҳожирлар ҳақидаги масала ҳам [бу учрашувда] муҳокама этилади, - деди нашр манбаси.

Путин ва Мирзиёев музокаралари муваффақиятли якунланган тақдирда Россия қурол-аслаҳа бозорида йирик мижозга эга бўлади. 2016 йил ноябрида Россия ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари ҳарбий техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида шартнома имзолаганлар.

Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев Москвага қилган сафари чоғида ўз мамлакати қуролли кучлар модернизацияси дастурини амалга оширишда Россиянинг замонавий қурол-аслаҳаларига умид боғлаётганини айтган.

Россиянинг Стратегия ва технологиялар анализи маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бутун армия янгиланишга муҳтож, бироқ устивор вазифаларни белгилаш чоғида Ўзбекистон раҳбарияти биринчи навбатда халқаро террорчилик хавфини ҳисобга олади.

- Ўзбекистон учун асосий хатар мамлакат ичкариси ёки қўшни Афғонистонда диний радикализмнинг жунбуш келиш эҳтимолидир. Шунинг учун ҳам ҳавога қарши мудофаанинг энг янги тизимлари ёки юқори технологияли учоқлар уларга ҳозирнинг ўзида зарур эмас.

Ўзбекистон Қуролли кучлари ёки бошқа куч ишлатар идораларига шу кунда террорчиларга қарши курашда қўлланилиши мумкин бўлган қурол-аслаҳалар керак. Булар вертолётлар, қуруқликда юрадиган техника ва ўқотар қуроллардир, - деган Стратегия ва технологиялар анализи маркази раҳбари Руслан Пухов.

Таҳлилчилар Путин ва Мирзиёевнинг бўлажак музокараси икки мамлакат ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этмоқдалар. The George Washington University таҳлилчиси, сиёсатшунос Рафаэль Саттаровнинг айтишича, анъанага кўра Тошкент дунёдаги қудратли давлатлар билан масофа сақлаб турган, бироқ бу гал унинг Россия томон яқинлашиши муқаррардир.

- Россия-Ўзбекистон алоқалари ҳамкорликнинг янги босқичига кириши мумкин. Бу Ўзбекистон Қуролли кучлари модернизациясидан бошланиб Россиядаги меҳнат муҳожирлари аҳволи борасидаги ҳуқуқий масалалар билан тугаши мумкин. Шавкат Мирзиёев атрофидаги бутун мулозимлар қай мамлакатга кўз тикаётганини айтиш қийин, бироқ, масалан, бош вазир Абдулла Арипов Россиядаги кўплаб сиёсий ва иқтисодий доиралар билан тиғиз алоқага эга, - дейди сиёсатшунос Рафаэль Саттаров.

Марказий Осиё масалалари бўйича россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов фикрича эса, Путин ва Мирзиёев учрашуви Ўзбекистон ташқи сиёсий доктринасида, Ислом Каримов давридагидан фарқли ўлароқ, ўзгариш бўлаётганидан далолат эмас.

- Мирзиёевнинг баҳорда Москвага ташриф буюриши Ўзбекистоннинг Россия билан жуда яқинлашиб, мутлақо янги иттифоқ тузганидан дарак бермайди. Эътибор берган бўлсангиз, бу ҳақдаги хабарда Ўзбекистонни қизиқтираётган конкрет иқтисодий масалалар ҳақида сўз борган. Бу Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиниши, бу Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг аҳволи бўлиши мумкин, бу Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорлик бўлиши мумкин. Бу саналганларнинг ҳеч қайсиси Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ёки Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги каби Россия етакчилигидаги тузилмаларда иштироки нуқтаи назаридан унинг Россияга яқинлашаётганига оид тренддан дарак эмас.

У ерда ҳатто Афғонистондаги вазият муҳокамаси ҳақида ҳам ҳеч нарса дейилмаган. У ерда ташқи сиёсий муаммолар ҳақида мутлақо ҳеч нарса айтилмаган. Фақат хўжалик фаолияти ва ҳарбий-техник ҳамкорлик тилга олинган, холос, - деди таҳлилчи Аркадий Дубнов Озодлик радиосига берган суҳбатида.

Путин ва Мирзиёев 2016 йил сентябрида бирров учрашишган. Ўшанда Россия президенти Хитойдан Москвага қайтаётганида Самарқандга қўниб ўтиб, биринчи президент Ислом Каримов қабрига гул қўйиб кетганди. У пайтларда Шавкат Мирзиёев ҳали Ўзбекистон бош вазири эди. Самарқанддаги учрашув чоғида ҳар иккала сиёсатчи Ўзбекистон ва Россия тиғиз ҳамкорлигини давом эттириш ҳақида сўз юритгандилар.

Аввалроқ рус нашрлари ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда, 4 декабрь куни Ўзбекистон президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари ўлароқ илк сафарини Москвага амалга ошириши ҳақида хабар тарқатгандилар. Мирзиёев президент сифатида ҳали ҳеч бир хорижий ўлкага сафар қилганича йўқ.

XS
SM
MD
LG