Ўтган ҳафта Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи Ўзбекистон матбуоти ва ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзуси бўлди.
Сафар асносида президентнинг Умра зиёратини адо этгани эса, айтиш мумкинки, давлат раҳбари ташрифининг сиёсий ва иқтисодий кун тартибини ҳам босиб кетди.
Бу Мирзиёевнинг президентликка келганидан бери илк Каъба зиёрати, Ўзбекистон президентининг эса сўнгги 30 йилда Саудия Арабистонига илк давлат ташрифидир.
Зиёрат Шавкат Мирзиёевнинг президентлик муддатини ноллаштириши кутилаётган конституциявий референдумга тайёргарликлар бораётган паллага тўғри келди.
Умра зиёрати
Президент Шавкат Мирзиёев ва ҳукуматнинг ўнлаб мулозимидан иборат ҳайъат 17 август куни Саудиянинг Мадина шаҳрига етиб борди. Президент ўша куннинг ўзида Масжидун Набавийни зиёрат қилди.
18 август куни президент муфтий Нуриддин Холиқназаров ва мулозимлар қуршовида эҳром кийиб Каъбани зиёрат қилди. Ўзбекистон президентига Каъба эшиклари очилгани Масжидул ҳаромнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида эълон қилинди.
Шавкат Мирзиёевнинг кўзда ёш билан қилган ибодати акс этган видеолар тармоқларда кучли ҳиссиётларни уйғотгани кузатилди.
Ўзбекистон раҳбарига бу зиёратида ҳамроҳлик қилганлар орасида президент маъмурияти мулозимлар, вазирлар, дин пешволари, ёзувчи ва блогерлар ҳам кўринди.
Зиёратда президентга ҳамроҳ бўлган Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназаров, сафардан қайтгач илк жума маърузасида, президент билан ўтган ташрифини қавмига ҳикоя қилиб берди. Кейин эса, муфтийнинг бу ҳикояси, сафар тасвирлари билан бирга бутун мамлакат халқига улашилди.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти бўлганидан бери - Саудия подшоҳлигига илк давлат ташрифи ва Каъбага илк зиёратидир.
Ўзбекистонлик таниқли шарқшунос ва манбашунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Неъматуллоҳ Иброҳимовга кўра, Мирзиёевнинг бу ташрифи "икки давлат учун ҳам бирдек манфаатлидир".
18 август куни ўтган учрашувларда икки давлат ва хусусий сектор вакиллари ўртасида 14 миллиард долларлик келишувга эришилгани, энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилгани расман айтилди.Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Энергетика вазирликлари ҳамда Саудия компаниялари ўртасида умумий қиймати 12 млрд. доллар бўлган учта йирик келишув имзоланган.
Жумладан, Саудия томони инвестициясига Ўзбекистонда яшил водород секторини ривожлантириш кўзда тутилаётгани алоҳида айтилди.
Расмий маълумотга кўра, АCWА Power компаниясининг Қорақалпоғистонда қуввати 1,5 ГВт бўлган ва дунёда энг йирик шамол электр станциясини қуриши тўғрисида битим имзолангани маълум қилинди. Расмийлар бу станция 1 миллион 650 минг хонадонни электр билан таъминлашини ваъда қилмоқда.
Шунингдек, президент фармони билан 2023 йилдан Ўзбекистон, Саудия Арабистони фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилиняпти.
Ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, бу гал ҳукумат эълон қилган режаларнинг истиқболи яқин ва геосиёсий нуқтаи назаридан хавфсизроқдир:
“Ўзбекистон Саудия Арабистони билан умумий қиймати 12 миллиард долларлик энергетика соҳасида битим имзолабди. Унга кўра, Саудия Арабистони Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон минтақасида 1,5 ГВт хажмли шамол энергия станцияларини қуради. Бу бир миллион 650 минг хонадонни электр токи билан таъминлашга етар экан. Лойиҳа 2026 йилда ишга тушиши айтилмоқда. Саудия билан энергетика борасидаги келишув, арзонроқ, хавфсиз ва натижадорлиги тез кўринмоқда. Қолаверса, Саудия бу лойиҳани Ўзбекистонга геосиёсий таъсир воситаси сифатида ишлатмаслиги аниқ”.
“Vision 2030” ва "Янги Ўзбекистон"
Президент Шавкат Мирзиёев бунга қадар 2017 йилнинг май ойида бир марта - Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида қатнашиш учун Саудия Арабистонига борганди. Ўшанда Мирзиёевни подшоҳликнинг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд таклиф қилган.
Айни пайтда валиаҳд шаҳзода подшоҳликни нефт заҳираларига қарамликдан қутқариш учун “Vision 2030” деб номланган тараққиёт стратегиясини илгари сурган.
Бу дастур мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш - яъни, фақат ер ости бойликларидан эмас, турфа хил секторлардан даромад олиш, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳаси - соғлиқни сақлаш, таълим, спорт, маданият ва сайёҳликни ривожлантиришни кўзда тутади.
Айни дастур доирасида валиаҳд шаҳзода Саудия аёлларига маҳрамсиз машина ҳайдаш ҳуқуқини берди. Сайёҳларни жалб қилиш учун кинотеатрларни очди. Аёлларнинг стадион ва концертларга киришига рухсат берилди.
Ғарб давлатларидан борадиган инвесторлар учун барча шароитлари муҳайё - ҳатто тунги клублари бўлган резиденция ва кўнгилочар масканлар очилди.
Ўзбекистон расмий матбуотининг хабар қилишича, ҳукумат шаҳзоданинг “Vision 2030” дастурига асосланган янгича сиёсатини қўллайди.
Ўзбекистон президентининг расмий сайти Саудия шаҳзодасининг “Vision 2030” - “Нигоҳ -2030” давлат дастури - Ўзбекистонда Мирзиёев бошлаган - ислоҳотларга тўла “Янги Ўзбекистонни ривожлантириш” стратегияси билан ҳамоҳанг экани ҳақида ёзди.
"Ҳамма йўллар Маккага олиб боради"
Минтақа ва умуман мусулмон раҳбарларнинг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Макка ва Мадинани зиёрат этиши, диний амалларни бажариши ноодатий ҳол эмас.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов минтақада биринчи бўлиб Маккада эҳром кийган ва Умра зиёратини амалга оширган эди.
Саудия Арабистони қироли Ислом Каримовга Каъбапўшнинг «Оли Имрон» сураси 97-ояти ёзилган бир парчасини совға қилган.
Бу сафарда президентга ҳукумат мулозимлари билан бирга - марҳум уламо, Ўзбекистон ва минтақа мусулмонларининг собиқ раҳбари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамроҳлик қилган.
Шавкат Мирзиёевдан фарқли, Ислом Каримовнинг намоз ўқиб, дуо қилгани телеэкранларда кўрсатилмаган.
Саудиянинг норозилик нотаси
Ислом Каримовнинг бу сафаридан сўнг икки давлат ўртасида муносабатлар изчил ривожлана бошлади. Ҳажга борувчи ўзбекистонликлар сони оширилган, Саудиялик уламоларнинг Ўзбекистонга ташрифи ва масжидлар, мадрасалар учун хайрияси кўпайган эди.
Аммо Ўзбекистонда Горбачев даврида бошланган диний уйғониш узоқ давом этмади. 1991 йил декабридаги президент сайловлари арафасида Наманганда юз берган исломий ғалаён ортидан, инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, аввалига Фарғона водийсидаги диний гуруҳлар етакчилари, кейин эса давлатдан мустақил кенгроқ мусулмонлар оммасига қарши тақиблар бошланиб кетди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг собиқ ўринбосари, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Нуриймон Абулҳасаннинг эслашича, “ваҳҳобийлик” диний радикал оқимининг асос манбаи сифатида айнан Саудия Арабистони кўрилганди.
Собиқ мулозимнинг Azon.uz лойиҳасига берган интервьюсида айтишича, Ўзбекистонда “ваҳҳобийлик” оқими асосчиси сифатида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб номининг тилга олиниши 2000-йиллар бошида Саудия ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлган, подшоҳлик бу борада Ўзбекистонга расмий норозилик нотаси йўллаган.
2016 йилда Ислом Каримов вафот этиши ортидан президентликка келган собиқ Бош вазир Шавкат Мирзиёев диний сиёсатда ислоҳотларни ваъда қилди.
Ислом Каримов даврида тақиқланган диний ташкилот ва ҳаракатларга аъзоликда гумон қилинган минглаб шахс “қора рўйхат” дан чиқарилди. Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида рўйхатдагилар сони 17 минг, чиқарилганлар сони 16 минг, деган эди.
"Давлат динсиз, жамият диндор бўлиши керак"
Таҳлилчилар Ўзбекистонда Ислом Каримов бошқаруви даврида муттасил чеклаб келинган диний эркинликлар қайтарилаётгани, айни пайтда мамлакат ва ташқарисида диний радикализм таҳдидининг кучайишига сабаб бўладиган омиллар ҳануз сақланиб қолаётганини айтишади.
“Давлат динсиз, жамият диндор бўлиши керак. Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти сифатида Саудияга қилган расмий ташрифи мобайнида амалга оширган умра зиёратлари унинг шахсий ибодатидир. Бу ибодат жараёнини халқ пулидан молиялаштириладиган давлат медиасида кенг ёритиш ва тарғибот қилиш нотўғри”, деб ёзди таҳлилчи Сардор Салим.
Умра зиёрати Шавкат Мирзиёевнинг президентлик муддатини ноллаштириши кутилаётган конституциявий референдумга тайёргарлик кўрилаётган бир паллага тўғри келди.
Референдум санаси ҳозиргача эълон қилингани йўқ, аммо айрим шарҳловчилар Маккага сафарни бу муҳим сиёсий тадбирнинг бир қисми демоқда.
Биринчи президент Ислом Каримов Каъба зиёратидан уч йил ўтиб, ўзининг президентлик муддатини референдум орқали узайтирганди.
Бу сафарги референдум эса уч йилдан сўнг Шавкат Мирзиёевга учинчи муддат президентликка сайланиш учун йўл очиши кутилади.
Форум