Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:45

Тошкентдаги яна бир боғ “хорижий инвестор”га берилди¸ тадбиркорлар норози


Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий боғининг ҳам ношаффоф йўл билан янги инвесторга 49 йиллик ижарага берилгани тошкентлик фаоллар норозилигига сабаб бўлмоқда.
Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий боғининг ҳам ношаффоф йўл билан янги инвесторга 49 йиллик ижарага берилгани тошкентлик фаоллар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Тошкентликлар орасида машҳур Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғи шаҳар ҳокими қарори билан хорижлик деб айтилаëтган инвесторга 49 йилга ижарага берилди. Тошкентдаги яна бир сўлим ва гавжум боғнинг маҳаллий тадбиркорлардан тортиб олиниб¸ шаффоф бўлмаган тарзда янги инвесторга берилиши ортидан ишсиз қолаëтган 40 дан ошиқ тадбиркор ва уларнинг ишчилари Озодлик орқали президент Мирзиëевга мурожаат қилиб¸ бу жараëнни тўхтатишни сўради.

Тадбиркорлар “Ариза”си

Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонаси¸ Тошкент шаҳар ҳокими¸ Маданият вазирлиги ва Маданият бош бошқармасига йўлланган ариза нусхасини Озодликка йўллаган тадбиркорлар Мирзо Улуғбек боғи бўйича чиқарилган қарорга эътироз билдирадилар.

Кечагина боғда боғ раҳбарияти ва маданият ишлари Бош бошқармаси томонидан боғ тадбиркорлари билан ўтказилган йиғилишда айтилишича¸ боғни қандайдир инвестор 49 йилга ижарага олган. Энди сизлар ўз аттракционларингизни ва иншоотларингизни 5 октябргача олиб чиқиб кетишларингни сўраймиз¸ акс ҳолда 10 октябрдан бошлаб эшиклар ёпилади ва бульдозер тушиб ҳамма ёқни текислаб ташлайди, дейишди. Шунда бизлар бу гапга ҳайрон қолиб, биз кўпчилигимиз кўп қаватли уйда турсак¸ буларни қаерга олиб кетамиз, десак бу сизларнинг муаммоларингиз, дейишди.

Биз бир нарсага тушуна олмаяпмиз. Нима учун инвесторга келиб-келиб шу боғ берилмоқда? Реконструкциядан чиққан тайёр боғ. Нима учун бошқа боғлар¸масалан Сирғали номли маданият ва истироҳат боғи, "Боғи шамол" маданият ва истироҳат боғи, "Гулшан" маданият ва истироҳат боғи ёки янги боғлар учун ажратилган жойлар эмас? Булардан ташқари ТашСельМаш заводи бузилгандан сўнг 20 гектардан ошиқ ер инвесторга муҳтож бўлиб чиқиндига тўлиб ётибти. Фикримизча шу ер инвесторга берилса, мақсадга мувофиқ иш бўлар эди”¸ дейилади виртуал қабулхонага ëзилган тадбиркорлар аризасида.

Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган тадбиркорларнинг айтишича¸ Мирзо Улуғбек боғида йиллардан бери ишлаб келган 40 нафар тадбиркор¸ улар қўлида ишлаëтган 200 га яқин одам яқин кунларда ишсизлар сафига қўшилиш таҳдиди остида қолган.

Суҳбатдошларга кўра¸ расмийлар уларга ўз аттракционларини Гулшан боғига вақтинча кўчириш мумкинлигини айтишган¸ бироқ нима учун ишлаб турган боғни тортиб олиб¸ уни ношаффоф бир тарзда янги инвесторга беришга қарор қилинганига қаноатланарли изоҳ беришмаган.

Мирзо Улугбек номидаги маданият ва истироҳат боғи инвесторга муҳтож эмас. Чунки боғ даромади ва имконияти ўзини ўзи таъминлашга етади. Боғнинг ҳеч қандай коммунал ёки бошқа тўловлардан қарзи йуқ. Боғ даромади бирин-кетин боғ балансидаги аттракционларини алмаштиришга етади. Шунинг билан бир қаторда боғдаги тадбиркорлар хар йили 3-4 тадан янги аттракцион олиб киришга тайёрланиб туришибди”¸ дейилади уларнинг президент порталига юборган аризасида.

Боғдаги аттракционларнинг эскиргани рост¸ бироқ...

Озодлик билан суҳбатда Мирзо Улуғбек боғи мулозимларидан бири¸ ўз умрининг аксар қисми эрталабдан тунги 11 га қадар шу боғ ҳудудида кечганини айта туриб¸ ўзи кабиларнинг бу ердан сиқиб чиқарилаëтганидан хафалигини яширмади.

Айни пайтда¸ бу боғни 21-аср болалари учун қизиқ ва жозибадор қилишга керак сармоя ишлаб турган тадбиркорларда йўқлигини ҳам эътироф этди.

Жуда кўп аттракционлар 90-йилларда олиб келинган¸ бугунга келиб эскирган¸ уларни янгилашга каттагина маблағ керак. Боғ инфраструктураси ҳам эскириб кетган. Ҳар йили сезон бўйи ëрилган трубаларни ямаш билан банд бўламиз. Парковка масаласи ҳал бўлмай келди. Янги инвесторнинг вакиллари келиб¸ буларнинг ҳаммасини янгилаймиз¸ ҳал қиламиз¸ муҳими дарахтларни кесмаймиз¸ деб ваъда беришди. Бу боғдаги ҳар бир дарахт қадрдон бўп қолган¸ ўзим сув қуярдим ҳар кун. Кўнглим бузилиб кетаяпти ташлаб кетишга. Лекин болаларимиз¸ невараларимизга замонавий¸ хавфсизроқ атрракционлар олиб келиб¸ боғни янада обод қилишса¸ нима ҳам деймиз. Фақат боғдаги тадбиркорларга вақт бериб¸ шуни ичида модернизация қилмасанг¸ кейин бошқага берамиз¸ деб ҳалол айтишса¸ буларниям қўққисдан кўчага ҳайдаб чиқаришмаса¸ яхши бўларди”¸ дейди боғ маъмурларидан бири.

Мирзо Улуғбек (эски номи Тельман парки) номли маданият ва истироҳат боғи Тошкентдаги энг тарихий масканлардан бири ҳисобланади.

1934 йилда ташкил этилган боғ Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани марказида жойлашган.

Янги инвестор ким?

Мирзо Улуғбек номли боғдаги тадбиркорларга кўра¸ Тошкент шаҳар ҳокимининг август ойидаги қарори билан мазкур боғ 49 йилга Jet Invest деб номланган масъулияти чекланган жамиятга ижарага берилган.

Бу хабарни боғда ишлаëтганларга эълон қилиш учун келган расмийларга мазкур ширкат вакиллари ҳам ҳамроҳлик қилган.

Ширкатни “хорижий инвестор” дейишди. Келган йигитлар ўзбеклар эди. Бу ширкатнинг Тошкентда офиси ҳали йўқ экан. Эгаси ким¸ бундан олдин нима иш қилган¸ нима учун боғни айнан шу ширкатга беришди¸ билмаймиз”¸ деди учрашувда бевосита қатнашган тадбиркорлардан бири.

Ўзи ва бошқа тадбиркорларнинг ҳозирги вазиятда катта босим ва қўрқув остида қолганини ëзган бошқа бир тадбиркор¸ бу ширкатнинг асл эгаси хорижлик эмас¸ балки Ўзбекистон ҳокимиятидаги “жуда ҳам қудратли шахс экани” ва тадбиркорларнинг очиқ гапиришга қўрқаëтгани ҳам шу билан боғлиқлигини билдирди.

Бу тадбиркор иддаосича¸ ҳокимият алмашувидан кейин Тошкентдаги сердаромад бизнес объектлари ва истиқболли ер ҳудудлари янги бошқарувга алоқадор шахслар қўлига ўтмоқда ва Миллий боғ¸ унинг ортидан Мирзо Улуғбек боғининг “янги инвестор”га берилиши ана шу жараëннинг бир кўриниши¸ холос.

Озодлик очиқ маълумотлар базасида ўтказилган қидирув натижасида Jet Invest Ltd. ширкатининг Латвияда рўйхатдан ўтганини аниқлади.

Ширкатлар реестридан унинг 2008 йилда рўйхатга олингани¸ 2015 ва 2016 йилларда ўз фаолиятини тўхтатганини кўриш мумкин.

На эгаси кимлиги ва на айнан қайси фаолият тури билан шуғулланиши очиқ ëзилмаган Jet Invest Ltd. ширкатининг Мирзо Улуғбек боғи “хориж инвестори” деб 49 йилга ижарага берилган Jet Invest МЧЖ билан айни ширкат эканини тасдиқловчи далиллар ҳозирча Озодликда мавжуд эмас.

Озодлик мухбирининг бу саволга ойдинлик киритиш мақсадида Латвиядаги Jet Invest ширкати телефон рақамларига қилган қўнғироқлари кун давомида жавобсиз қолди – гўшакни ҳеч ким кўтармади.

Бу жараëнларга ойдинлик киритувчи маълумот ва ҳужжатлар сизда бўлса¸ уларни Озодликка Telegram ва WhatsApp тармоқлари ëки ozodlikmail@gmail.com электрон почтасига йўллашингиз мумкин.

Озодлик бу жараëнларни ўрганишда давом этади.

XS
SM
MD
LG