Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:28

218 млн киши очлик хавфи остида. Ўзбекистонда нон янада қимматлаши кутилмоқда


Покистонлик деҳқонлар дон ҳосилини ўрмоқда
Покистонлик деҳқонлар дон ҳосилини ўрмоқда

Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли озиқ-овқат тақчиллиги юзага келгани, нархларининг баландлиги ҳамда ўғитлар тақчиллиги оқибатида дунё бўйлаб очликда яшайдиганлар сони 218 миллион кишига етади. Бу кўрсаткич Ер курраси аҳолисининг 3 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда Италиянинг Corriere della Sera газетасига берган интервьюсида БМТ вакили Маурицио Мартина баёнот берди.

Мана шундай шароитда Ўзбекистон ҳукумати бу йил ўтган йилгидан 1 миллион тонна кўп буғдой етиштирилиши кутилаётганини билдирмоқда.

Айни пайтда мамлакат бозорида ун нархи кескин ошган. Ғалла ўрими арафасида ҳукумат қабул қилган қарор ижроси нархларнинг янада кўтарилишига олиб келиши мумкин.

Украинанинг қамалдаги 20 млн тонна дони

“Инқироз бошлангуничаёқ очлар сони дунё бўйлаб ўсаётган, 2021 йили 53 мамлакатда очликда яшаётганлар сони қарийб 200 млн кишига етган эди. Шу кундаги уруш эса, очлик билан боғлиқ вазиятни янада абгорлаштиради”, деган БМТ вакили Маурицио Мартина.

Украинага қарашли портларда 6 миллион тонна буғдой ва қарийб 14 миллион тонна маккажўҳори уруш туфайли жўнатилмай турибди.

БМТнинг янги ҳисоб-китобларига қараганда, Украинага қарашли портларда 6 миллион тонна буғдой ва қарийб 14 миллион тонна маккажўҳори уруш туфайли жўнатилмай турибди. Дунёдаги ривожланаётган 55 давлатдан камида 36 таси Украина ва Россиядан экспорт қилинадиган буғдойга қарам.

Ўзбекистон ўтган йилгидан кўпроқ буғдой етиштирмоқчи

2022 йили Ўзбекистонда 1 млн 27 минг гектар майдонда буғдой экилди. Бу ҳақда жорий йил мартида хабар қилган Қишлоқ хўжалик вазирлигига кўра, бу йил июнь-июль ойларида 7 млн 679 минг тонна ҳосил олиниши кутилмоқда. Вазирликка кўра, бу кўрсаткич 2021 йилги кўрсаткичдан 1 млн тоннага кўпдир.

2021 йили Ўзбекистонда 6 млн 656 минг тонна буғдой етиштирилган.

Расмий маълумотларга қараганда, 2021 йили Ўзбекистонда 6 млн 656 минг тонна буғдой етиштирилган бўлиб, шундан 2 млн 533 минг тоннаси республика дон заҳиралари учун «Ўздонмахсулот» АЖ ҳудудий корхоналарида жамғарилган, 4 млн 123 минг тоннаси фермерлар ва аҳоли ихтиёрида қолган.

Ўтган йил якунига қадар 2 млн 771 минг тонна буғдой дони ва 357,7 минг тонна ун хусусий сектор томонидан асосан Қозоғистондан импорт қилинган ҳамда 26,8 минг тонна буғдой дони (Тожикистонга 94% ва Қирғизистонга 6%) ва 949,1 минг тонна ун (1 млн 265 минг тонна буғдой ҳисобида) Афғонистонга экспорт учун йўналтирилган.

Транспорт вазирлигига яқин тадбиркор Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бу маълумотларини шарҳлар экан, “Бу рақамларга ишонса бўлади. Буғдой билан боғлиқ вазият ёмон эмас. Ҳукумат буғдой масаласига алоҳида эътибор қаратяпти”, деди.

Қашқадарёнинг Косонидаги Фермер ҳудудларидан бирининг раҳбари Нормурод Аллаёровнинг Озодликка билдиришича, у яшаб турган ҳудудда “бу йил буғдой тақчил бўлади, деган ваҳима йўқ. Ҳосил яхши, 2-3 кундан кейин буғдойга уроқ тушади”.

Нормурод Аллаёровга кўра, бу йил косонлик фермерлар ҳар гектаридан 40 центнердан ҳосил олишга умид қилиб турибди:

90-йиллар бошида гектаридан 20 центнер ҳосил олсак, суюнардик. Бир неча йил олдин 25-30 центнердан олганмиз.

“90-йиллар бошида гектаридан 20 центнер ҳосил олсак, суюнардик. Бир неча йил олдин 25-30 центнердан олганмиз. Бироқ кейинги йилларда ўғит ва сув таъминоти яхшилангани сабабли ҳосилдорлик ошди”.

Ўзбекистон қаердан қанча ун импорт қилади?

2022 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонга қиймати 28,8 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 92,6 минг тонна буғдой уни импорт қилинган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси 10 майда хабар қилган.

Буғдой уни импорти ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 22 минг тоннага ошган.

2022 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон буғдой унини энг кўп импорт қилган давлатлар:

  • Қозоғистон – 91,2 минг тонна
  • Россия – 1,3 минг тонна
  • АҚШ – 50 тонна
  • Италия – 12,4 тонна
  • Франция – 1,8 тонна

Ўзбекистон 2022 йилнинг январь-март ойларида Қозоғистондан қиймати 201,6 млн. АҚШ долларига тенг бўлган буғдой импорт қилган.

Франциядан 1,8 тонна?

АҚШдан 50 тонна, Италиядан 12,4 тонна, Франциядан 1,8 тонна. Нега бу қадар кичик рақамлар?

Бу саволга жавобан Транспорт вазирлигига яқин тадбиркор Албатта, буғдой соҳасида Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори Қозоғистон. Бу соҳада Россияни Қозоғистонга қиёслаб ҳам бўлмайди. АҚШ, Италия ва Францияга оид рақамларни шарҳлашгаям ҳожат йўқ – бу мамлакатлардан буғдой синов учунми, тажриба учунми олиб келинган бўлиши мумкин”, деди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бу маълумотларини шарҳлар экан, тадбиркор “Бу рақамларга ишонса бўлади. Буғдой билан боғлиқ вазият ёмон эмас. Ҳукумат буғдой масаласига алоҳида эътибор қаратяпти”, деди.

Ўзбекистон бозорларида ун кескин қимматлади

Фарғонанинг Риштон туман марказий бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан ун нархларига оид маълумотларни куни кеча блогер Дима Қаюм эълон қилди.

Шу кунда Қозоғистондан импорт қилинган уннинг 50 килолик бир қопи 390-400 минг сўмдан сотилмоқда.

Блогернинг ёзишича, шу кунда Ўзбекистонда етиштирилган буғдой унининг 45 килоли бир қопи ўртача 240 минг сўмга (бир килоси 5 333 сўм) сотилмоқда. Қозоғистондан импорт қилинган уннинг 50 килолик бир қопи 390-400 минг сўм (бир килоси 8 минг)

Блогер Дима Қаюмнинг айтишича, ун нархи билан Украинадаги уруш ўртасида бевосита боғлиқлик бор:

“Ҳар ҳолда уруш бошлангунича, бир қоп ун 50 – 80 сўмданга арзонроқ эди”.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам аҳвол шундай эканлиги маълум бўлди.

Тошкентлик уй бекасининг айтишича, “Шу кеча-кундузда Сергели деҳқон бозорида яқиндагина 7 минг бўлган унлар 9 минг, 11 минглик унлар 14 минг бўлди. Арзон унлар ҳам бор. Лекин улар жуда мўрт, уларнинг нархиям кескин ошди – 6 мингга чиқди. Энг зўр унлар 15 мингга чиқди. Бир-икки ой олдин 13 минг эди”.

Президентнинг буғдой қарори

Ўзбекистон президенти 28 майда “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Мазкур ҳужжатга биноан, давлат раҳбари матбуот котибининг хабар қилишича, 1 июндан бошлаб давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади.

Қарорга биноан фермер ҳар гектар ердан олинган ҳосилнинг 25 центнерини 3 миллион сўмдан сотадиган бўлиб турибди.

Косондаги Фермер ҳудудларидан бирининг раҳбари Нормурод Аллаёровнинг янги қарордан хабари бор:

“Қарорга биноан фермер ҳар гектар ердан олинган ҳосилнинг 25 центнерини 3 миллион сўмдан сотадиган бўлиб турибди. Қолган қисмини биржа нархларида сотиши мумкин. Қани, ҳосилни йиғиб олаверайликчи, кўрамиз...”

Қўйга едирилаётган қолипли нон?

Ушбу мақола ёзилаётган куни Иқтисодиёт вазирлиги Ғалла бозорини эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти” таҳлилини эълон қилди. Вазирлик таҳлилида мана бу гап ҳам бор:

“Тошкент шаҳрида қоплипли нон арзон нархда ушлатиб турилиши туфайли, уни қўй ва мол учун сотиб олиш ҳолати кўпайиб кетди, чунки қолипли нархи, ем учун сотиб олинадиган буғдойдан ҳам арзон бўлиб қолди”.

Бу гапни шарҳлаган айрим блогерлар тез орада нон нархи ошишини тахмин қилди.

XS
SM
MD
LG