Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Мобил телефонлар мажбурий рўйхатга олинади


2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда мобил қурилмаларни IMEI кодлари бўйича мажбурий рўйхатга олиш бошланади. Рўйхатга олинмаган қурилмаларни мобил тармоқларга улаш тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, шу йўл орқали мобил аппаратлардан эгасини огоҳлантирмасдан ноқонуний фойдаланишнинг ва сифатсиз қурилмалар сотилишининг олдини олиш кўзланган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассисига кўра, мобил телефонни рўйхатдан ўтказиш пуллик бўлиш-бўлмаслиги ҳозирча номаълум.

Маълумот учун: IMEI (ингл. International Mobile Equipment Identity – мобил қурилманинг халқаро идентификатори)

“Сотка”ларни мажбурий рўйхатга олиш

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 октябрдаги 847-сонли қарорига мувофиқ 1 апрелдан бошлаб, мамлакатдаги ҳар бир мобил қурилманинг IMEI коди рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Norma.uz ахборот-ҳуқуқий порталига кўра, IMEI кодлари рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмалардан фойдаланаётган абонентларга уяли алоқа хизматлари кўрсатиш тақиқланади.

Қарорга кўра, 1 апрелгача:

  • мобил қурилманинг идентификация кодини Интернет тармоғи орқали онлайн режимида рўйхатга олиш ва унинг мақомини текшириш хизмати жорий этилади;
  • мобил қурилмани рўйхатга олиш ҳамда маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича вилоятларда ҳудудий пунктлар ташкил этилади.

Қарорга кўра, мобил қурилмаларни халқаро идентификация кодлари асосида рўйхатга олиш учун мамлакатда алоҳида тизим жорий қилинади.

Тизим оператори UZINFOCOM ташкилоти қилиб белгиланган.

Тизимни яратишга сарфланадиган маблағ Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига юклатилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимни яратиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Рўйхатдан ўтказиш пулликми ёки текинми?

Norma.uz ахборот-ҳуқуқий портали IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёни пуллик экани, бунинг учун учун тўлов ундирилиши ҳақида ёзганди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида тўлов миқдори кўрсатилмаган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассисига кўра, тўлов борасида яна 1,5 ой ичида маълум қилинади.

“Қарор 22 октябрь куни кучга кирди. Шу кундан бошлаб бизга уч ой муддат берилган. Шу муддат ичида биз янги тизимнинг қандай ишлаши борасида маълум қилишимиз керак. Ҳозир бу устида махсус гуруҳ ишлаяпти. Ҳозир сизга мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнининг тўлови борасида аниқ маълумот айта олмайман. Январь ойида ҳаммасини эълон қиламиз”, деди исмини очиқламаётганимиз вазирлик мутахассиси.

Янги тартибдан кўзланган мақсад

Расмий ҳужжатда таъкидланишича, янги тартибни жорий қилиш орқали бир қатор мақсадлар кўзланган:

  • Мобил қурилмаларнинг идентификация кодлари тўғрилигини текшириш орқали уларнинг эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
  • Мобил қурилмалардан уларнинг эгаларини огоҳлантирмасдан ноқонуний ва рухсатсиз фойдаланишга йўл қўймаслик;
  • Халқаро стандартларга мос келмайдиган сифатсиз мобил қурилмалар сотилишининг олдини олиш;
  • Мамлакатга сертификатланмаган мобил қурилмаларни ноқонуний олиб кириш ва фойдаланишга чек қўйиш;
  • Мобил қурилмаларни олиб киришда бюджетга божхона тўловларининг тушумини ошириш;
  • Ўғирликлар сонини камайтириш ва улар содир бўлган тақдирда тезкор ҳаракат қилиш даражасини ошириш;

IMEI коди нима?

IMEI (ингл. International Mobile Equipment Identity – мобил қурилманинг халқаро идентификатори) – одатда, 15 та рақамдан иборат бўлган, аппаратнинг ўзида (клавиатурада *#06# терилганда экранда кўринади), аккумулятор батареяси остида, ўрамида ва кафолат талонида кўрсатиладиган рақам. IMEI кодлари GSM, WCDMA ва IDEN тармоқлари уяли алоқа телефонлари, планшетлар ва айрим йўлдош алоқа телефонларида қўлланилади.

“Бу ноёб рақам бўлиб, уни сиз мобил қурилма батареясида топишингиз мумкин ёки аппаратнинг орқасига ёпиштирилган бўлади. Аксар ҳолларда аппарат қутисига ҳам ёпиштирилган ҳолда бўлади. Жуда кўп мамлакатларда IMEI кодларни рўйхатга олиш тартиби йўлга қўйилган. Бу қурилма эгаси учун мутлақо фойдалидир”, дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассиси.

IMEI коди афзалликлари

Мутахассиснинг таъкидлашича, IMEI кодини рўйхатдан ўтказган шахс мобил телефони ўғирланган ёки йўқолган тақдирда уни топиш имконига эга бўлиши мумкин.

“Агар мобил қурилма ўғирланса, IMEI код орқали ўғирланган қурилмани топиш мумкин. Телефонини йўқотган шахс милиция бўлимига мурожаат қилса, улар ўз навбатида UZINFOCOMга чиқиб, телефоннинг IMEI коди орқали уни топиши мумкин. Яъни IMEI коди орқали телефоннинг манзили аниқланади. Бунда, албатта, сунъий йўлдош билан топишга ҳаракат қилинади”, дейди мутахассис.

IMEI кодини ўзгартириш мумкинми?

Мутахассислар IMEI кодларини ўзгартириш имконсизлигини таъкидлашади. Айни пайтда Vodafone ва British Telecom компаниялари IMEI кодини махсус дастур ёрдамида ўзгартириш мумкинлигини таъкидлаб келади.

Айрим давлатларда, жумладан, Қозоғистон, Россия ва Белорусда IMEI кодини ўзгартиришга қарши жиноий жавобгарлик мавжуд.

IMEI кодини рўйхатга олиш амалиёти

IMEI кодини рўйхатга олиш айрим давлатларда мавжуд бўлиб, бу мобил қурилмаларнинг ўғирланиши олдини олиш, терроризмга қарши кураш ва бошқа жиноятларни бартараф этиш мақсади билан изоҳланади.

Россия, Белорус, Озарбайжон ва Туркияда мобил қурилмаларнинг IMEI кодини рўйхатга олиш тартиби мавжуд.

Қўшни Қозоғистон ҳам жорий йил бошида мобил қурилмаларнинг IMEI кодини рўйхатга олишни бошлади.

2019 йил 1 январигача мобил қурилмасининг IMEI кодини рўйхатдан ўтказмаган қозоғистонлик алоқа тизимидан узиб қўйилади.

Қозоғистонда мобил телефонлар рўйхатга олинади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:48 0:00

XS
SM
MD
LG