Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:29

"Мобилизация Путиннинг афсонасини барбод қилади". Кавказда норозилик кучаймоқда


Доғистон, Махачқалъа. 25 сентябрь, 2022 .
Доғистон, Махачқалъа. 25 сентябрь, 2022 .

Президент Владимир Путин қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганидан сўнг Шимолий Кавказ республикаларида оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетди. Биринчи бўлиб Грознийда аёллар кўчага чиқишди, 25 сентябрда эса Нальчик билан Махачқалъада полиция халқ йиғинига тўпланганларни аёвсиз куч ишлатиб қўлга олди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Кавказда урушга қарши норозилик энг яқин кунларда радикаллашиб, Путиннинг Кремль сиёсати Шимолий Кавказда сўзсиз қўллаб-қувватланиши ҳақидаги машҳур афсонасини барбод қилиши мумкин.

20 сентябрь куни – қисман сафарбарлик эълон қилиниши арафасида ижтимоий тармоқлардаги мухолифатчи чечен каналлари Грознийда оналар ўғилларининг Украина урушига жўнатилишига қарши митинг қилишга тайёрланаётгани ҳақида ёзди. Эртасига акция ўтказилиши режаланган “Чеченистон юраги” масжиди ёнидаги майдонни кучишлатар ходимлар қуршаб олишди, 1ADAT телеграм-канали эса аёллар ушлаб кетилганини хабар қилди.

Маълумотни республика раҳбари Рамзан Қодиров ҳам тасдиқлаб, акция иштирокчилари билан сўзлашганини айтди. Унинг иддаосича, митингга чиққан 20 аёлдан атиги учтасининг ўғли Украинада жанг қилмоқда, қолганлар эса “чет элдаги турли ташкилотларга ёлланган” экан – Қодиров уларнинг оиласидаги эркакларни фронтнинг олдинги чизиғига юборишни талаб қилди.

22 сентябрь куни Доғистоннинг Бобоюрт туманида намойишчилар федерал трассани тўсиб қўйишди.

25 сентябрда Нальчикдаги Ҳукумат уйи олдига тўпланган ўнлаб аёллар сафарбарликка қарши кескин хитоблар билан чиқишди. “Отиб ташласангиз ҳам эримни сизларга бермайман”, “Бу уруш бизнинг пулимизга бўляпти, чунки биздан солиқ ундиряпсизлар”, “Бизга биров ҳужум қилганмиди? Украина бизга ҳужум қилгани йўқ!”, “Фарзандини бу даҳшатдан қўрий олмаганлар бизнинг ўрнимизга юбка кийиб олишсин” – митингчилар улар ҳузурига келган маъмурият вакилларини шунақа сўзлар билан итобга олишди. “Другой Кавказ” телеграм-каналида ёйинланган видеога кўра, полиция акцияга анча босиқ ёндашган, ҳар ҳолда ушбу митинг қатнашчиларидан биронтаси ушлангани тўғрисида журналистларда маълумот йўқ.

Автомат овозлари ва дўппосланган намойишчилар

Бир пайтнинг ўзида Доғистонда ҳам намойишлар бўлди. Хасавюрт туманининг Эндирей қишлоғи аҳли – аксари эркаклар – ҳамқишлоқлари аскарликка олинишига қарши чиқиб, “Кавказ” трассасини тўсиб қўйишди. ОАВ хабарларига кўра, қарийб 8 минг жон истиқомат қиладиган қишлоқдан 110 кишини ҳарбийга чақирганлар. Воқеа жойига етиб борган кучишлатар ходимлар оломонни қўрқитиш учун осмонга ўқ уза бошладилар, ахийри намойишчилар йўлнинг қатнов қисмидан четлатилди.

Хасавюрт тумани маъмурияти “ҳарбий комиссар билан прокурор келиб, одамларни қизиқтирувчи масалалар бўйича тушунтиришлар берганидан сўнг норозилар раҳбариятга раҳмат айтиб, уй-уйларига тарқалишди”, деган мазмунда ҳисоб берди.

Эндирейдан фарқли ўлароқ, Махачқалъадаги митинг иштирокчиларининг аксари аёллар бўлиб, йигитлар камчиликни ташкил қилди. Акция Расул Ҳамзатов кўчасидаги қўғирчоқ театри ёнида бўлиб ўтди.

Халойиқ “Биз сафарбарликка қаршимиз!”, “Битсин уруш” дея хитоб қилди. Аёллар улар билан баҳслашмоқчи бўлган полициячини “Нега ўғилларимизни тортиб оляпсизлар?”, “Кимга ҳужум қилишибди? Россиягами? Ахир биз ўзимиз Украинага бостириб кирди-ку”, дея сўроққа тутишди. Шундан сўнг полиция ходими у ердан кетишга мажбур бўлди.

Митинг давомида полициячилар бир неча эркакни ушлаб, калтаклашди – намойишчиларнинг уларни кучишлатар ходимлар қўлидан тортиб олишга уриниши беҳуда кетди. Спортчи кийимидаги нотаниш эркаклар фуқароларни ушлаш ва дўппослашда полицияга ёрдам берди. Интернетда тарқалган бир видеода полициячи икки ходим қўлларидан маҳкам ушлаб турган эркак юзига кўр-кўрона тарсаки туширгани, у эса жавобан полициячи юзига калла қўйгани ва сўнгра шафқатсизларча калтаклангани акс этган. Бошқа видеода одамлар формали ходим судраб, урган бир аёлни ҳимоя қиладилар. Яна бир видеода эса полициячи намойишга чиққан аёлларни сўккани эшитилади.

Ушланганлар орасида таҳририят топшириғини бажарган маҳаллий журналист Мурод Муродов ҳам бор экан. Доғистон Жамоатчилик палатаси комиссияси раисининг муовини Шомил Хадулаевга кўра, учта акцияда салкам 150 киши қўлга олинган.

“Қаттиқ куч ишлатиб қўлга олинганлар ҳам бўлди, лекин асосан тинчлик билан тарқалишни илтимос қилишди, чунки фаоллик кўрсатганларнинг кўпи аёллар эди, айримлари ёш болалари билан келишганди. Воқеаларни телефонда суратга олганлар тўхтатилиб, улардан тасвирларни ўчириб ташлаш сўралди”, деди доғистонлик жамоатчи.

“Ғарб айбдор”

Барча ҳолатларда намойишларга сафарбарлик пала-партиш ташкил этилгани сабаб бўлди – Путин ва Мудофаа вазирлиги ваъда берганига қарамай, Россия жануби ва Шимолий Кавказда ҳарбий комиссариатлар сурункали хаста, кексайиб қолган, нафақат жанговар тажрибаси йўқ, балки ҳатто муддатли хизматни ҳам ўтамаган фуқароларга чақирув қоғози берди.

Доғистон аҳли кўчаларга чиққан маҳал республика раҳбари Сергей Меликов ўз телеграм-каналида “Қисман сафарбарлик президент эълон қилган мезонлар бўйича ўтади... Ҳеч бир хато ёки истисно бўлиши мумкин эмас! Шаҳар ва туман раҳбарлари бунинг учун шахсан жавоб беришади”, деб ёзди.

Айни чоғда мулозим бўлган зўравонликлар учун ҳарбий захирадаги фуқароларга таъна қилиб, қонунбузарликларни тан олди: “Биламан, сафарбарлик бошида бунақа хатолар бўлади, чунки айрим фуқароларимиз чақирув муддатини кечиктириш ҳуқуқини берувчи ҳолатлар ҳақида ҳарбий комиссариатларни вақтида огоҳлантиришмаган”.

Меликов “чет элда очилган” пабликлар орқали сафарбарликка оид ёлғон маълумотларни тарқатаётган аллақандай “душманлар”ни айбламасдан ўтолмади.

Доғистоннинг ёшлар ишлари бўйича вазири Комил Саидов акцияга янада кескин изоҳ бериб, уни республикадан четда яшовчи “бетайин админларнинг Ғарб пулига уюштирган фитнаси” деб атади.

“Норозилик кайфиятини тушунса бўлади – жойларда қонун-қоидалар бузилган, комиссариатлар ҳаддан ошган ҳолатлар бор. Бироқ шуни билиш керакки, чақирув қоғози келди дегани – сиз дарҳол аскарликка олинасиз дегани эмас. Аввал текширишади, агар сафарбарлик мезонларига тўғри келмасангиз, сизни ҳеч қаёққа жўнатишмайди!” – дея ишонтирди Доғистон вазири, гарчи амалда аҳвол бунинг тамоман тескариси бўлса-да.

Сабр косасига сўнгги қатра

Доғистонлик ҳуқуқ фаоли Светлана Исаева Махачқалъа воқеалари ҳақида гапираркан, полициянинг шафқатсиз хатти-ҳаракатлари одатий ҳол эканини айтади. Кавказ.Реалии суҳбатдоши ушбу акцияни келгусида жуда жиддий тус олиши мумкин бўлган воқеалар силсиласидаги “биринчи қўнғироқ” деб атайди.

“Доғистон урушда жуда кўп талафот кўрди. Қанчадан-қанча йигитларимиз ўлиб кетишди. Нега биз бу ёвузлик томошасининг олд қаторида бўлишимиз керак? Аёлларнинг сабр-тоқати битди, биз ўз ўғилларимизни бировнинг манфаатига қурбон қилишни истамаймиз”, дейди Исаева.

Ҳуқуқбон фикрича, Шимолий Кавказда урушга қарши норозилик ҳаракати – аёллар ҳаракати бўлади.

“Узоқ йиллар республикамизда кучишлатар идоралар террорга қарши кураш ниқоби остида эркакларни ўғирлаб кетиш ёки уларнинг уйига қурол ва ўқ-дори ташлаб қўйиш билан шуғулланди. Буни ҳамма билади, жабр-ситам жамиятда йилларки тўпланиб келмоқда. Халқнинг сабр косаси тошяпти, сафарбарлик унга сўнгги томчи бўлиб тушди”, давом этади фаол.

Публицист ва таниқли жарроҳ Абдурашид Саидов ҳам воқеаларга изоҳ бераркан, уни кўпйиллик “аксилтеррор амалиёти” аламлари билан боғлайди.

“Ғишт қолипдан кўчди. Халқ ортиқ чидай олмайди. Минглаб фарзандларимиз судсиз-терговсиз отиб ташланди, қанчаси бедарак кетди – ишондик, бир балоси бордир дедик. Аммо энди бас, дардимизни ортиқ ичга ютолмаймиз”, дейди у.

Шимолий Кавказда урушга қарши норозиликда аёллар етакчи кучга айланиши сабабларидан бири шуки, минтақада эркаклар норозилиги ниҳоятда бешафқатлик билан бостирилади. Намойишчи аёлларга нисбатан зўравонлик қилган кучишлатар ходимлар эса катта эҳтимол билан эркаклар, яъни калтакланган аёлларнинг ака-укалари ва эрларидан ўз насибаларини оладилар, деб ҳисоблайди “Сова” экспертлар гуруҳи раҳбари, сиёсий фанлар доктори, профессор Михаил Савва.

У Шимолий Кавказ оммавий сафарбарлик эълон қилинишидан бурун бош кўтармаганига шу пайтгача фронтга шартнома асосида хизмат қилувчи ҳарбийлар жўнатилганини сабаб қилиб кўрсатади. Улар эса жанг қилиш ва ўлиш қисматини ўзлари билиб танлаганлар. Аммо сафарбарлик бошлангач эркаклар касб-коридан қатъий назар оммавий ўлимга жўнатилаётгани Шимолий Кавказ жамиятини ғазабга солди.

Оммавий қувватлов - уйдирма

“Сафарбарлик эълон қилиб Путин мудҳиш хатога йўл қўйди, энди у цугцванг ҳолатида – навбатдаги ҳар қандай ҳаракати вазиятни фақат оғирлаштиради. Махачқалъада зўравонликка зўравонлик билан жавоб қайтаришмоқда, қатор ҳудудларда сафарбарликка тортилмайдиган “резервист”ларни уйларига қайтаришди, яъни ҳукумат одатига хилоф ўлароқ ён берди. Ҳаммаси вазият ёмонлашувига хизмат қиляпти”, дея “Кавказ.Реалии” билан суҳбатини давом эттиради профессор Савва.

Эксперт Шимолий Кавказда урушга қарши норозилик қай йўсин ривожланиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан “агарда федерал кучишлатар идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият шу тарзда ҳаракат қилишда давом этса, намойишларга эркаклар ва анъанавий тузилмалар – тейплар, оилалар, тукхумар, диний жамоалар ҳам қўшилади. Бу бутун ҳокимият тизими учун ҳалокат бўлади”, дея башорат қилади.

“Сафарбарлик “Шимолий Кавказ тўлиғича Путин тарафда” деган афсонани яксон қилади”, дея сўзини тугатади Михаил Савва.

Шимолий Кавказнинг Украина уруши ҳақидаги тасаввурларини телевизор шакллантирган эмас. Урушга боришдан бош тортгани сабабли хизматдан бўшатилгани учун Мудофаа вазирлигини судга берган ҳарбийлардан кўпчилиги Қабардин-Болқория ва Шимолий Осетиядан, дея эслатади “Горячие точки” дастурининг собиқ раҳбари ва янги ташкил қилинган “Мемориал” маркази кенгаши аъзоси Олег Орлов.

“Тўғри, дастлабки ойларда Доғистонда барча урушни қўллаб-қувватлаётгандек туюлди: одамлар машиналарига Z ҳарфини ёпиштириб олишди, кўнгилли бўлиб фронтга жўнашди. Бироқ кўп ўтмай маълум бўлдики, аҳоли ёппасига Путинни қўллайди, деган гап пуч экан. Узоқ йиллардан буён қуролли можаролар ва зулм ичида яшаб келаётган Шимолий Кавказ аҳли Украинада ўз фарзандларини нима кутаётганини жуда яхши тушунади”, дейди ҳуқуқбон.

У маҳаллий раҳбарларнинг намойишга муносабатига изоҳ бераркан, атиги бир неча ўн нафар аёлнинг норозилиги ҳатто Қодировни қўрқитиб юбориб, республикада оммавий сафарбарлик бўлмаслигини тушунтиришга мажбур этганини таъкидлайди.

Орловга кўра, норозилик чиқишлари ҳозир ҳам, келгусида ҳам фақат аёллар билан чекланмайди: Эндирей қишлоғида трассани тўсиб қўйганлар, Бобоюрт тумани ҳарбий комиссариати олдида тўполон кўтарганлар эркаклар эди.

“Сафарбарлик шу зайлда давом этадиган бўлса, норозилик радикал тус олиши аниқ”, дея хулоса қилади эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG