Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:48

Молдовада парламент сайловларида европапараст партия ғалаба қозонди


Молдоваликлар президент Майя Санду асос солган марказ-ўнг қанот партия 11 июль куни бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонгани қашшоқ постсовет мамлакат тараққиётида янги саҳифа бўлишига умид қилмоқдалар.

Молдова 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери ўтказилган 10 та парламент сайловлари давомида бирон марта европапараст партия “Амалиёт ва бирдамлик партияси” каби 53 фоизга яқин овоз тўплай олмаган эди. Ушбу натижа партияга 101 ўринли парламентда 63 мандат беради.

Журналист Наталья Морарь 12 июль куни “Facebook”да “Бу жамиятнинг тубдан ўзгаришларни амалга ошириш, энг муҳими, уларни тўлиқ амалга ошириш талаби натижасидир”, деб ёзди.

“Ва айнан шу ердан катта машаққат бошланади. “Амалиёт ва бирдамлик партияси” энди ўзининг сиёсий ҳаётидаги энг оғир тўрт йилга дучор бўлганини ва ундан олдинги барча ҳукуматлар гуноҳлари учун жавоб беришини англаб етиши керак”, дея сўзини давом эттирди журналист.

Владимир Сокор
Владимир Сокор

Вашингтонда жойлашган “Жеймстаун жамғармаси” таҳлилий маркази таҳлилчиси Владимир Сокор Озодлик радиосининг Молдова хизмати билан суҳбатда сайловлар Молдовани “коалиция даҳшатидан” халос қилганини айтди.

“Ушбу даҳшат 2009 йилдан бери Молдованинг барча ҳукуматларини таъқиб қилиб келаётган эди ва барча ислоҳотларни имконсиз қилиб қўйганди, чунки сиёсатчилар доимий равишда ислоҳотлар ва стратегияларни ишлаб чиқиш ўрнига бўлиниш ва ҳокимиятни қайта тақсимлаш билан банд эди”, дейди у.

“Бу ҳолат, умуман олганда, Молдова Республикасида демократияни обрўсизлантирди”.

“Биз коалициялар даҳшатидан қутулдик ва камида тўрт йил яшайдиган ҳукуматимиз бўлади”, дея қўшимча қилди Сокор.

“Ушбу узлуксиз бошқарув узоқ муддатли стратегик режаларни ишлаб чиқишга ва ислоҳотларни амалга оширишга имкон беради”.

49 ёшли Санду ўтган йил ноябрида Россия дастаклаб келган амалдаги президент Игорь Додон устидан ғалаба қозонган эди. Санду Жаҳон Банкининг собиқ иқтисодчиси бўлиб, сайлов кампанияси давомида коррупцияга қарши кураш, тизимли ислоҳотларни амалга ошириш ва Европа билан интеграция қилишни ваъда қилди.

Санду “Амалиёт ва бирдамлик партияси”ни 2016 йилда тузган. Ўшанда мамлакатда мисли кўрилмаган банк фирибгарлиги можароси содир бўлган эди: Молдова банкларидан 1 миллиард доллар, яъни ўша пайтда мамлакат ЯИМнинг 12 фоизига тенг миқдордаги маблағ ўзлаштириб олингани ўртага чиққанди.

Молдова президенти Майя Санду 11 июл куни парламент сайловида овоз бериб чиққанидан кейин интервью бермоқда
Молдова президенти Майя Санду 11 июл куни парламент сайловида овоз бериб чиққанидан кейин интервью бермоқда

Ушбу можаро Молдовада чуқур илдиз отган коррупцияни фош қилди ва турли сиёсий кучлар бирлашиши учун шароит яратди, деб таъкидлади Кишинёвда жойлашган “Халқаро демократия ассоциацияси” раҳбари, таҳлилчи Игорь Ботан.

Игорь Ботан
Игорь Ботан

Ботан Озодлик билан суҳбатда 11 июлдаги сайловлар молдоваликлар “Европа билан интеграция жамият учун тўғри йўл деб ҳисоблашини аниқ кўрсатганини” таъкидлади.

“Молдова фуқаролари беқарорликдан чарчаган ва ҳокимият улар ишонган шахс бошчилигидаги сиёсий куч қўлида тўпланишини истайдилар”, дейди таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, “Амалиёт ва бирдамлик партияси”ни сиёсатдан йироқ бўлган “жуда ёш ва тажрибасиз одамлар ташкил қилган”.

“Мана шу уларнинг муваффақияти формуласи бўлди”, деди Ботан.

Борис Кремене
Борис Кремене

Аммо актёр ва “Амалиёт ва бирдамлик партияси” тарафдори Борис Кремене сайловдаги муваффақият фақат ишнинг бошланиши эканини айтди. Актёр сайловда овоз бериш учун Португалиядан Молдовага атайин сафар қилган.

“Ушбу ғалаба кемасида сузиш учун улар тўғри учувчиларни танлашлари керак”, деди Кремене.

“Акс ҳолда, у чўкади. Мукаммал ҳукуматни танлашлари керак, чунки барча назорат энди уларнинг қўлларида”.

“Мен 2009 йилда содир этилган хатолар такрорланишини истамайман”, деди у коммунист президент Владимир Воронин ҳокимиятдан четлатилиши билан тугаган қўзғолонни назарда тутиб.

“Ўшанда умидларимиз катта эди. Одамларимиз [Молдовага] қайтиб келгач, чуқур умидсизликка тушишди. Агар бу сафар яна шу нарса такрорланса, диаспора [мамлакатимиздан] абадий юз ўгиради”.

“Ҳафсала пир бўлиши жуда оғир ва молдоваликлар бунга жуда таъсирчан”, дея хулоса қилди у.

“Бошқа менталитетга эга, чет элда яхши муносабатда бўлган ўқимишли одамларни жалб қилиш керак. Биз тиланчиликни тўхтатишимиз ва нормал мамлакат яратишимиз керак. Европа цивилизациясида қатнашишимиз лозим, шунчаки қўлларимизни очиб айланиб юрмаслигимиз керак”.

Дастлабки натижалар шуни кўрсатдики, кутилганидек диаспора вакилларининг аксарият қисми “Амалиёт ва бирдамлик партияси”га овоз берган. 212 мингдан ошиқ Молдова фуқароси чет элда туриб овоз берган. Уларнинг деярли ярми 40 ёшгача бўлганлар экани айтилмоқда.

Вадим Пристринчук
Вадим Пристринчук

Собиқ парламент аъзоси ва Кишинёвда жойлашган “Стратегик тадқиқотлар институти” директори Вадим Пристринчук Озодлик билан суҳбатда “Амалиёт ва бирдамлик партияси” ҳукуматидан жамоатчиликнинг умиди катта эканини ва партия тез ва қатъиятли чора кўриши кераклигини айтди.

“Кута кўрманг”, дея маслаҳат берди у янги ҳукуматга.

“Ишчи гуруҳларни тузманг ва турли хил стратегиялар ишлаб чиқманг. Бундай хатога йўл қўйманг”, дея сўзини давом эттирди у.

“Мен кейинги тўрт йилни назарда тутмаяпман. Биринчи олти ойни назарда тутмаяпман. Агар дастлабки олти ойда клептократик тизимга зарба берилмаса, унга қарши нокаут зарбаси берилмаса, бу тизим йўқ бўлмайди”.

“Ушбу кураш бир неча йилдан буён давом этиб келмоқда ва қаршилик доиралари бузиб ташланиши керак”, дея қўшимча қилди Пристринчук.

“Ушбу тармоқлар йўқ илиниши ва ортга тортувчи муассасалар тугатилиши керак... Агар улар буни дастлабки олти ойда бажармасалар, таназзулга юз тутадилар ва жамоатчилик норозилиги янада кучаяди”.

Айни дамда, таҳлилчи Сокор “Амалиёт ва бирдамлик партияси” Россиянинг кучли таъсири билан ҳисоблашиши кераклигига ишонади. У партияни сайлов кампанияси давомида “геосиёсий шиорларга” йўл қўймагани учун олқишлади.

“Улар Молдованинг Россиядаги чекланган, аммо ҳақиқий манфаатлари – Россия бозорига кириш..., Россияда ишлаётган молдоваликларнинг манфаатлари ва электоратнинг катта қисми Россия билан муносабатлар яхши бўлишини кутаётганини ҳисобга олишлари шарт”, деди Сокор.

“Ҳаттоки “Амалиёт ва бирдамлик партияси”га овоз берганлар ҳам, умуман олганда, Россия билан ёмон муносабатларни истамайдилар”.

Молдова жамияти ҳам ушбу вазиятдан тўғри фойдаланиши керак, дея қўшимча қилди таҳлилчи Ботан. Унинг сўзларига кўра, энг аввало улар самарали мухолифат тузишлари керак.

“Биз, фуқаролар ҳали ҳам хавф-хатарлар борлигини, Молдова демократияси заифлигини ва ҳар хил номақбул одатларга қайтиш хавфи борлигини тушуниб етишимиз керак”, дейди у.

“Шунинг учун фуқаролик жамияти бундан‑да мустаҳкамроқ бирлашиши ва вазиятни кузатиб бориши керак”.

“Ҳокимиятни битта сиёсий партия қўлида тўплаганимиздан кейин, барчамиз унга қандай қилиб муносиб, тўғри ва конструктив тарзда қарши чиқиш ҳақида ўйлашимиз керак”, дейди Ботан.

“Мен “конструктив муҳолифат” атамасини ишлатишни хоҳламайман, чунки у ўз қадрини йўқотган. Аммо эҳтиёткорлик керак ва жамият сайловларда ғолиб чиққан ушбу партияни кузатаётгани тўғрисида жуда кучли сигнал бўлиши керак”, дея сўзини якунлади у.

XS
SM
MD
LG