Россия ҳукумати марказий осиёликларни асоссиз ва сабабини тушунтирмасдан мамлакатга киритмаётган ҳолатлар тобора кўпаймоқда. Аксар ҳолларда улар аэропортдаёқ тўхтатиляпти. Мобил телефонларидаги барча маълумотлар текширилмоқда, ДНК намунаси ва бармоқ излари олиняпти, сўнгра овқатсиз ва сувсиз бир неча кун ушлаб турилгач келиш бир неча йилга тақиқланган ҳолда депортация қилинаётир.
Шундай вазиятга тушганлар аэропортда уларни бир кутиш зали чегарасидан ташқарига чиқаришмаётганини ва овқат беришмаётганини айтадилар: натижада улар егулик харид қилиш учун қарз олишга мажбур бўлмоқдалар. Аэропорт ходимлари уларнинг саволларига жавоб бермайди, қўполлик қилишади ва қайта-қайта узоқ давом этувчи текширувлар ўтказишади.
Москвага учиб келган Ўзбекистон фуқароси Шоҳимардон Магометов “Настояшчее время”га Шереметьево аэропортида қандай хўрликлар кўргани ҳақида сўзлаб берди.
У Ўзбекистонда яхши иши борлигини, Москвага эса хизмат сафари билан боргани ва кўпи билан бир ой қолмоқчи бўлганини айтади. Шоҳимардон иш учун зарур жиҳозлар сотиб олиб, шу баҳонада шаҳарни томоша қилишни режалаган экан. Бироқ унинг ўйлагани бўлмайди.
Шереметьевода, паспорт назорати чоғида йигитни қўшимча текширувга йўллайдилар. У қарийб 10 соат кутади. Чегарачилар уни сўроққа тутишади: телефони синчиклаб текширилади, қариндош-уруғлари ҳақида суриштирадилар. Шундан сўнг унга ватанига қайтариб юборилишини маълум қилишади.
“Оқшом соат тўққиз ёки ўнларда чақириб, сени депортация қиламиз, дейишди. Мен эса аэропортга эрталаб тўққизда тушганман. Ўтиришга жой йўқ эди, тумонат одам. Тик оёқда вақт ўтказдик. Тушлик қилмадик”, дейди Шоҳимардон текширувдан олдин уни қанақа шароитда ушлаб туришгани ҳақида гапирар экан.
“Кейин менга депортация бўлганимни айтишди. “Нима учун?” деб сўрадим. “Ҳаммаси учун”, деб жавоб беришди. Яна сўрадим: “Айнан нима учун?” Улар яна: “Ҳаммаси учун” деб жавоб бериб, кетворишди”, дейди Ўзбекистон фуқароси.
“Кейин мени чақиришди. Бир хонага кирдим. “Чўнтагингдаги ҳамма нарсани чиқар”, дейилди. “Хўп”, дедим ва пул ва бошқа нарсаларни олиб, стол устига қўйдим. Кечқурун соат ўнга яқин мени сўроқ хонасидан чиқаришди, – давом этади Шоҳимардон. – Сўнгра тағин кечаси соат иккиларгача кутдим. Иккиларда залдан ўн кишини чақиришди, менинг ҳам фамилиям ўқилди. Кўрсатилган хонага кирдим. Бармоқ изларимни олишди. Биласизми, қамоқхоналарда бўйни ўлчайдиган жиҳоз бўлади, булар ундан одамни суратга олиш учун фойдаланишар экан. Негадир оғзимдан сўлак ҳам олишди (ДНК намунаси бўлса керак – Таҳр.)”. “Нега?” деб сўрасам, “Шунчаки”, деб жавоб қайтаришди”.
“Бизга энди 10 йил Россия ҳудудига кира олмайсизлар дейишди, – таъкидлайди Магометов. – Биз Москвага биринчи марта келган эдик, ҳеч қанақа жиноят қилмаганмиз. Шунчаки устимиздан кулишди, хўрлашди. У ерда корейслар, франузлар, қозоқлар ҳам бор эди. Уларни ўтказиб юборишди. Нега айнан ўзбекларни депортация қилишяпти? Тожиклар ва қирғизларни ҳам депортация қилишади, лекин ўзбекларга муносабат ҳаммасидан ёмон”.
Москвадаги “Крокус” концерт залида теракт содир бўлганида Россия ҳукумати бир неча тожикистонликни айблади. Ушбу воқеа ортидан мамлакатда чет элликлар ва меҳнат мигрантларига нисбатан сиёсат кескин кучайтирилди. Россиянинг турли вилоятларида мигрантларнинг ишхона ва ётоқхоналарида ҳар куни рейдлар ўтказилиб, ҳужжатларида муаммо бўлган барчани депортация қилишмоқда.
Илгари кўп мигрантлар ишлаган қатор соҳалар, масалан такси хизмати ва чакана савдода уларни ёллаш тақиқланди. Кўплаб чет элликлар аэропортлар ва назорат-ўтиш жойларидаёқ ортга қайтарилмоқда. Шунингдек, сўнгги ойларда Россияда ажабийларга нисбатан ксенофобия ва агрессия авжига чиқяпти.
Форум