Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:09

Диндор маҳбус онаси ўғлининг олатига қайноқ сув қуйилганини иддао қилди (ВИДЕО)


Муҳаббат Холматова.
Муҳаббат Холматова.

OzodMikrofon рукнига Намангандан боғланган 60 яшар Муҳаббат Холматова президентдан икки масалада ёрдам сўради. Унинг иддао қилишича, ишсиз бу аёл шу кунда қамоқда бўлган икки ўғлининг уйида қолган 5 та боласини аранг боқмоқда, 2010 йилдан бери қамоқдан қолаётган бир ўғли эса оғир қийноқларга солинган. ИИВ Жазони ижро этиш бошқармаси қийноқ иддаосини рад этди, аммо Холматованинг аризаси кўрилиб, ижобий чора кўрлишини ваъда қилди.

Қамоқхонадаги қийноқ иддаоси

Муҳаббат Холматованинг икки ўғли - 1977 йилда туғилган Алишер Абдужабборов, 1984 йилда туғилган Шавкат Абдужабборовлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-моддаси асосида айбланиб, 2010 йилда озодликдан маҳрум этилган.

Аёлнинг иддао қилишича, ҳозирда қамоқхонада сақланаётган ўғли Алишер Абдужабборов бир неча ой аввал Навоийдаги 64/46-қамоқхонада қийноққа солинган.

Аёл октябрь ойида, бир йиллик танаффусдан сўнг, Алишер билан 3 соатлик учрашувга рухсат берилгани, бу учрашув вақтида ўғлининг танасида қийноқ аломатларини кўрганини айтади:

- Ўғлимнинг олд қисмига қайноқ сув қуйишибди. Оёқларида қора доғларни кўриб, сўраган эдим, айтиб берди. Шу йил ёзда Навойидаги 64/46-қамоқхонада бўлган экан, бу иш. Яна 4 кишини намоз ўқигани учун қайноқ сув билан куйдиришибди, ўғлим айтиб берди. Она бўлганим учун чидамадим, кимга айтай дардимни?! - дея даъво қилди 60 яшар аёл.

Диндор маҳбуслар онаси ўғлининг олатига қайноқ сув қуйилганини иддао қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00

Маҳкумларнинг қаровсиз болалари

Холматованинг айтишича, ҳозир икки ўғлининг ортида қолган 5 набирасини ишсиз келини билан бирга сомса пишириб, сотиб боқмоқда.

- Кичик келиним иккита қизини ташлаб, кетиб қолган. Катта ўғлимнинг 3 боласи бор. Набираларим ўқиётган мактабга сомса олиб чиқиб сотамиз, шундан келган пул ва қариндошларимизнинг ёрдами билан бешта болани бир амаллаб боқаяпмиз. Президентимиздан илтимос қилардим, аввало, болаларим ноҳақ қамалган, деб ҳисоблайман, уларни муддатидан аввал чиқаришда ёрдам берсинлар, бу қиноғу азоблардан қутқаришда ёрдам берсинлар! Бундан ташқари, бешта норасидани боқишга борган сари қийналаяпман, кекса ёшли бир онаман, илтимос ёрдам беринглар менга! - дейди Муҳаббат Холматова.

Қуйида Холматова билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Диндор маҳбус онаси ўғлининг олатига қайноқ сув қуйилганини иддао қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:57 0:00
Бевосита линк

Бошқарма қийноқ амалиётини рад қилди

Озодлик таҳририяти Муҳаббат Холматованинг қийноқлар ҳақидаги иддаоси ортидан Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилди.

Бошқарма телефони гўшагини кўтарган ўзини таништирмаган ходим Муҳаббат Холматовага бошқармага мурожаат қилишни тавсия қилди.

"Аёл бизнинг ташкилотимизга келсин, ариза билан мурожаат қилсин! Унинг шикояти текширилиб кўрилади. Агар, шикояти ўз тасдиғини топса, бу қилинган ҳатти-ҳаракати ижобий натижа беради. У аёлга тўғриси айтилади кейин - ҳақиқатда шунақа нарса бўлган ёки бўлмаганлиги", деди бошқарманинг ўзини таништирмаган ходими.

Холматованинг Озодликка қилган мурожаати таҳририятга келган қийноқларга оид кўплаб иддаолардан биридир.

Шу боис, Озодлик бошқарма ходимидан: "Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар қўлланиши ҳақида сизларга ҳам шикоятлар келадими, шикоятлар асосида қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилиши аниқланганми?" деб сўради.

Бошқарма вакили Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар қўлланишига оид иддаоларни рад этди ва бошқа саволларга жавоб олиш учун ташкилотга боришни тавсия қилди. Бошқарма ходими билан микрофонсиз суҳбат асносида маълум бўлишича, ташкилотда "электрон почта манзили йўқ" ва раҳбарларга саволи бўлган шахслар шахсан бошқармага бориши керак.

Мирзиёев прокурор ва судлар ишидан норози

Ўзбекистон ИИВ қошидаги Жазони ижро этиш бошқармасига қийноқлар иддоаси билан қилинган мурожаатлар, одатан, кутилган натижани бермаслигига оид шикоятлар Озодликка кўплаб келади.

ИИВ тузилмасида қийноқлар қўлланиши ва бу борадаги шикоятларнинг жавобсиз қолишини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи маҳаллий ва халқаро ташкилотлар муттасил таъкидлаб келадилар.

Ҳатто, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи шу йил бошидан бери ИИВ, суд ва прокуратура органлари ходимлари билан ўтган учрашувларда қийноқлар остида айбловлар қўлланиши, хусусан, прокуратура "репрессия органи"га айланганини таъкидлаган эди.

Суд тизими вакиллари билан ўтган учрашувида эса ўз виртуал қабулхонасига судлар билан боғлиқ 50 мингдан кўпроқ мурожаат тушгани, улардан 24 мингдан зиёди фуқаролик ишлари, 11 минг мурожаат эса жиноят ишлари бўйича эканини айтиб, бу тизимни адолатсизликка учраган одамлар арзини тингламаяпсиз, деб кескин танқид қилган эди.

--------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

Муҳим эслатма:OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG