Тожикистонда тақиқланган салафийлик ҳаракатига аъзо бўлгани гумон қилинаётган 18 нафар шахс устидан ёпиқ суд жараёни бошланди. Расмийлар судланувчилар ва уларга қўйилган айбловлар тўғрисида деярли маълумот бермаяпти.
Бундан икки ой олдин мамлакат Олий суди яна бир тақиқланган исломий гуруҳ – “Мусулмон биродарлар” (Иҳвонул-муслимийн) ташкилотига алоқадорликда айбланган 119 кишини қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.
Тожикистон расмийлари Душанбедаги дунёвий ҳукуматни ағдариш ва асосан мусулмонлар яшайдиган мамлакатни беқарорлаштиришга интилаётган диний экстремистик гуруҳлар “жиддий таҳдид” солиши ҳақида тез-тез огоҳлантириб туради.
Аммо танқидчилар ҳукуматни ҳар қандай мухолиф ҳаракат ва мухолифатнинг оддий аъзоларига қарши курашни оқлаш учун таҳдидларни бўрттириб кўрсатишда айблаб келади.
Тожикистонда гумон қилинаётган экстремистик гуруҳларга қарши рейдлар, гумонланувчиларни ҳибсга олиш ва уларни суд қилиш жараёнлари кўпинча сир сақланади.
Салафийлик ҳаракатига аъзо бўлишда гумонланаётганларнинг барчаси Тожикистон шимолидаги Бобожон Ғофуров туманида яшайди. Улар февраль ойида полиция рейди давомида ҳибсга олинган.
12 июнь куни бошланган суд олдидан судланувчиларнинг қариндошлари улар салафийлар ҳаракати ёки бошқа диний экстремистик гуруҳлар билан алоқада бўлганини рад этишди. Улар, шунингдек, полицияни гумонланувчиларни айбига иқрор бўлишга мажбурлаш учун қийноққа тутишда айбладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи адвокат, “Перспектива+” инсон ҳуқуқлари гуруҳи раҳбари Ойниҳол Бобоназарованинг айтишича, судланувчилар ҳибсда ушлаб турилган дастлабки беш кун давомида уларга адвокатлар билан учрашиш имконияти берилмаган.
“Тожикистонда гумонланувчилар терговга қадар ҳибсхоналарда қийноққа солиниши одатий ҳолдир. Қийноқлардан кейингина расмийлар ҳибсга олинганларга адвокат билан учрашишга рухсат беришади”, деди Бобоназарова.
Унинг сўзларига кўра, судланувчиларнинг камида биттаси судда босим остида айбига иқрор бўлганини айтган.
Озодлик 18 айбланувчига қандай айбловлар қўйилгани ва Сўғд вилоятида давом этаётган суд жараёни ҳақида маълумот ололмади.
“Мусулмон биродарлар” ҳаракатига аъзо бўлишда гумон қилинганларга экстремистик гуруҳ тузиш, террорчилик фаолиятини молиялаштириш ва экстремизмни тарғиб қилиш айбловлари қўйилган эди.
8 апрель куни якунланган ушбу суд жараёнида айбланувчилар уч йилдан 23 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Судланганлар орасида университет профессорлари, мактаб ўқитувчилари, шифокорлар, адвокатлар, талабалар ва диний арбоблар бор. Улар 2020 йил бошида вилоят бўйлаб ўтказилган қатор рейдлар давомида ҳибсга олинган. Гумонланувчиларнинг барчаси ўзларига қўйилган айбловларни рад этди.
Терроризм ва экстремизмга қарши кураш
Тожикистонда 18 та гуруҳ террорчи ва экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган. Улар орасида “Исломий давлат”, “Ўзбекистон исломий ҳаракати”, “Толибон” ва “Ал-Қоида” гуруҳлари бор.
Тақиқланган ташкилотлар орасида, шунингдек, “Тожикистон Ислом уйғониш партияси” ҳам бор. Ушбу мухолиф партия аъзолари сони бир пайтлар 40 мингтага етган эди. Айрим аъзолари илгари парламентда иш олиб борган партия 2015 йилда террор гуруҳи деб топилди ва ман этилди.
Партия “террорчилик” ёки “экстремистик” алоқалари ёки ниятлари йўқлигини таъкидлаб келади.
“Гуруҳ-24” дунёвий мухолифат ҳаракати 2014 йилда аҳолини ҳукуматга қарши намойишга чиқишга чорлаганидан кейин, “экстремистик” ташкилот сифатида тақиқланди.
“Тожикистон Ислом уйғониш партияси” ва “Гуруҳ-24” авторитар президент Имомали Раҳмон ҳукуматини экстремизм ва терроризмга қарши курашни баҳона қилиб, сиёсий мухолифлар, журналистлар ва фаолларни нишонга олишда айблаб келади.
Танқидчилар, шунингдек, ҳукуматнинг терроризмга қарши кампаниясида кўплаб тинч мусулмон нишонга олинаётганини айтмоқдалар.
Аммо ҳукумат диний экстремизм таҳдиди ҳақиқий экани ва сўнгги йилларда Тожикистонда тез суръатлар билан ўсиб бораётганини таъкидламоқда.
Пандемия арафасида бош прокурор Юсуф Раҳмон (президент билан ҳеч қандай алоқаси йўқ) Тожикистонда 2019 йилда экстремизм ва терроризм билан боғлиқ 1029 та жиноят қайд этилгани ва бу кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 30 фоизга кўплигини таъкидлаган эди.
Раҳмон, шунингдек, расмийлар хорижий террорчи ташкилотлар билан алоқадорликда ёки гўёки хорижда террор гуруҳлари сафида жанг қилганликда гумон қилинган 395 нафар Тожикистон фуқаросига қарши жиноят иши қўзғатилганини айтди.
Раҳмон салафийлик тарафдорлари деб гумон қилинганларга қарши яна 214 та тергов иши очилганини қўшимча қилди.
Шунингдек, у Тожикистон қамоқхоналаридаги терроризм ва экстремизм билан боғлиқ фаолият ҳақида гапирди. Раҳмон қамоқхоналардаги 29 экстремистик ҳужайра раҳбарлари “жавобгарликка тортилганларини” айтди, аммо бошқа тафсилотларни бермади.
Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода 2020 йил бошида алоҳида баёнот бериб, олдинги йилда экстремистик ва террорчи ҳаракатларга аъзо бўлишда гумонланаётган 161 нафар шахс ҳибсга олинганини эълон қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, улардан 81 нафари “Исломий давлат” гуруҳига аъзо бўлган, 54 нафари салафийларга қўшилган.
Ҳукуматнинг таъкидлашича, 2000 га яқин тожикистонлик Сурия ва Ироқда “Исломий давлат” сафларига қўшилган. Гуруҳнинг Афғонистондаги бўлими ва бошқа жангари гуруҳлар сафларида яна ўнлаб тожикистонлик жангари борлиги айтилди.
“Исломий давлат” Тожикистонда 2018 йилнинг ноябрида Хўжанд қамоқхонасида ва 2019 йилнинг май ойида Ваҳдат қамоқхонасида содир бўлган қонли тартибсизликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. Расмийларнинг айтишича, тартибсизликларда 50 дан ортиқ маҳбус ва беш нафар қамоқхона нозири ҳалок бўлган.
Экстремистик гуруҳ, шунингдек, 2018 йил июль ойида Тожикистон жанубида амалга оширилган ва тўрт нафар ғарблик велосипедчи ўлимига сабаб бўлган теракт ортида турганини даъво қилди.
Аммо Тожикистон расмийлари бу даъвони рад этиб, “Тожикистон Ислом уйғониш партияси” издошларини айблади. Партия ҳукуматнинг бу даъвосини “сурбет ва мантиқсиз туҳмат”, деб таърифлаб, ҳужумга алоқасини қатъиян рад этди.