Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:42

“Мутлақ ҳокимиятни қайтариш илинжи”


Гурбангули Бердимуҳамедов
Гурбангули Бердимуҳамедов

Туркманистон парламенти яна бир палатали бўлади, Халқ Маслаҳати эса олий органга айланади

Туркманистонда яна парламент ислоҳоти бошланган кўринади: унинг юқори палатаси тугатилиб, бир палатали тизимга қайтишмоқчи. Атиги икки йил бурун юқори палатага айлантирилиб, ўша пайтдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов Конституцияга хилоф равишда раис бўлиб олган Халқ Маслаҳати (ХМ) яна ҳокимиятнинг мустақил органи мақомига эга бўлади. ХМ алоҳида институт сифатида вакиллик ҳокимиятининг олий органи деб эълон қилинади ва хабарларга кўра, унга Конституцияга ўзгартишлар киритиш, конституциявий қонунлар қабул қилиш, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилаш ваколатлари берилади.

Ўтган йилнинг мартида Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимиятни ўғли Сердарга топшириб, лоақал ҳокимият расмий иерархиясида иккинчи шахс бўлиб қолган эди. Бироқ энди у, Озодлик туркман хизмати манбаларига кўра, “мутлақ ҳокимиятни қайтариб олмоқчи”.

Ҳокимиятни қайта форматлаш ғоясини Милли Генгеш (парламент) палаталарининг 11 январдаги қўшма йиғилишида ХМ раисининг ўзи, яъни Гурбангули Бердимуҳамедов билдирди, айни чоғда у парламент икки палатали органга айлантирилганига энди икки йил бўлганини инкор этгани йўқ.

“Бироқ муттасил ўзгариб турган замон қонун чиқарувчи ҳокимият тузилмасини тадрижий равишда такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда. Биз бу ўзгаришларни эътиборга олмоғимиз лозим. Шу боис мен, халқимизнинг кўп асрлик тарихидаги давлатчилик тажрибаларига ва аждодларимизнинг энг муҳим сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий масалаларни умумхалқ кенгашларида жамоат вакиллари билан бирга муҳокама қилишдек қадимий анъаналарига таяниб, халқ ҳокимиятининг олий вакиллик органи, яъни Туркманистон Халқ Маслаҳатини тузишни таклиф қиламан”, деган Бердимуҳамедов.

Йиғилишдан сўнг кўп ўтмай расмий ОАВлар Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамда унинг ўғли – Сердар Бердимуҳамедовнинг тегишли фармон ва қарорларини эълон қилди.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг режасига кўра, янги ташкил этилажак ХМ ҳокимиятнинг барча тармоқларини ўз ичига олади ва унинг таркибига қуйидаги мулозимлар киради: Халқ маслаҳати раиси, Туркманистон президенти, Мажлис раиси, Олий суд раиси, Давлат хавфсизлик кенгаши котиби, Мажлис депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, бош прокурор, адлия вазири, вилоят, туман ва шаҳар маъмуриятлари бошлиқлари, Халқ маслаҳати маҳаллий бўлимларининг ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг раислари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва бошқа жамоат бирлашмалари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва халқ оқсоқоллари.

Озодликнинг туркман ҳукуматига яқин манбаси урғулашича, Гурбангули Бердимуҳамедов “мутлақ ҳокимият”ни ўз қўлида жамлаш учун ислоҳот ўтказишни 2022 йил ёзидаёқ ўйлаб қўйган.

“Ҳокимиятни ўғлига топширганидан сўнг расман ва ижтимоий-сиёсий ҳаёт нуқтаи назаридан ҳокимият иерархиясида иккинчи даражага тушиб қолгани Орқадоққа маъқул эмасга ўхшайди, гарчи у мамлакатда юз бераётган барча воқеаларга қарийб мутлақ таъсирини ҳануз сақлаб турган бўлса-да. Халқ маслаҳатини парламентдан ажратиш қарори ўтган йили ёздаёқ қабул қилинган эди. Бошида улар “Давлат кенгаши” номли орган тузмоқчи бўлишди. Эсласангиз, Мустақиллик куни муносабати билан Халқ маслаҳати ўрнига “Давлат кенгаши” йиғилиши ўтказилиши эълон қилинганди. Йиғилишда Гурбангулини Кенгаш раиси этиб сайлаш, давлатнинг энг юқори лавозимдаги шахси сифатида унга Орқадоғ унвонини расман бириктириш режа қилинганди. Бироқ кейин парламент таркибида “Давлат кенгаши”, Халқ маслаҳатининг бўлиши кўп чигалликлар келтириб чиқаради, деган фикрга келинди. Шу боис “Давлат кенгаши” ғоясидан воз кечиб, тадбир “дабдабали маслаҳат” дея қайта номланди. Кулгили иш бўлди, лекин бошқа тузукроқ ғояни ўйлаб топа олишмади”, дейди Озодлик манбаси.

Унинг сўзларига кўра, 65 ёшли тўнғич Бердимуҳамедовни янги ташкил этилажак Халқ Маслаҳати раҳбари ўлароқ “тахтга ўтқазиш” қарори олиб бўлинган.

“Халқ Маслаҳати институтининг мустақил, боз устига ҳокимиятнинг олий органи сифатида таъсис этилиши Гурбангулига ҳокимиятнинг ўз ўғли ва оиласи қўлида жамланишида фаол иштирок этиш имконини беради. Сердар давлат ишларида ҳали ғўрлигини кўпчилик пайқади, у ўзини ноқулай сезаётгани кўриниб турибди, унга отаси мураббий ўлароқ ёрдам бериши керак. Гурбангули ўғлига мураббийлик қилмаяпти, демоқчи эмасман, у ички ва ташқи сиёсатда ҳамон фаол қатнашмоқда. Хусусан, президентликдан кетганидан сўнг ҳам бир неча бор чет элга сафар қилди, Туркманистонда ўтказилган барча саммитларда иштирок этди. Бироқ бу Сердарнинг тажрибасизлигини бўрттиряпти. Гурбангули Халқ Маслаҳатини тузиш билан ўзининг ҳокимиятдаги олий мақомини расмийлаштирмоқчи, яъни президент ваколатидаги ишларга ноқонуний аралашаётгандек таассурот уйғотмаган ҳолда барча муҳим сиёсий қарорларни расман ўзи қабул қилишни ва зарур тажриба ҳосил қилиш учун Сердарга вақт ва имкон беришни мўлжаллаяпти”, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 11 февраль куни Халқ Маслаҳатининг навбатдан ташқари сессиясида ўша пайтдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов “давлат бошқарувини ёш авлод ишониб топшириш” мақсадида ўз лавозимини тарк этиш ниятида эканини эълон қилган эди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб Туркманистонда муддатидан олдин президент сайлови бўлди ва ҳокимият отадан ўғилга ўтди.

Туркман сиёсатшуноси ва публицист Кумуш Байриева Озодлик билан ёзишмаларида навбатдаги ислоҳот собиқ президентнинг “иззат-нафсини қондириш” учун ўйланганини айтди.

“Комил ишонч билан айта оламанки, булар бари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ҳакалак отган иззат-нафсини қондириш мақсадида қилинмоқда. У парламентнинг юқори палатаси бўлмиш Халқ Маслаҳати раиси лавозимига қаноат қилмаётир, энди у “миллатнинг маънавий раҳнамоси” бўлишга, айни чоғда ўз итоатидаги Халқ Маслаҳати орқали ҳокимиятнинг барча тармоқларини қатъиян назорат қилишга интилмоқда”, дейди эксперт.

Байриевага кўра, тўнғич Бердимуҳамедов ислоҳоти “қонунга ва давлатчилик институтига нисбатан қолган-қутган ишончни йўқ қилиб”, пировардида “мутлақ ҳокимиятчилик” ўрнатилишига олиб келади.

“Қўрқаманки, бизни оғир кунлар кутмоқда. Ҳаётга ва миллий қадриятларга нисбатан ўзининг даққиюнусдан қолган кўзқарашини, йўримини бутун халққа тиқиштиришни яхши кўрадиган, сўз эркинлиги ва ўзгача фикрдан ўтдан қўрққандек қўрқадиган чирик тафаккурли диктатор тобора қаримоқда. Унинг атрофини ўзи тарбиялаган ва фақат садоқати учун ёнига олган лаганбардорлар тўдаси қуршаб туради. Улар инсонларнинг энг бебаҳо нарсаси – шаънини маҳв этишаётир. Энди одамлар доимий қўрқув ичида ушбу абсурднинг табиий якунини кутмоққа, ҳатто уйқу олдидан “Орқадоққа шуҳрат!” дея такрорлаганларида ҳам ичларида унга ўлим тиламоққа маҳкум”, дейди яна туркман сиёсатшуноси.

Халқ Маслаҳати илк бор 1992 йили, биринчи президент Сапармурод Ниёзов идора даврида таъсис этилган бўлиб, ўшандаёқ олий вакиллик органи мақомини олган эди. Ниёзов ҳам ундан мутлақ ҳокимият қуроли ўрнида фойдаланган, хусусан, айнан ХМ уни умрбод президент деб эълон қилган.

2006 йил декабрда Ниёзов вафот этганидан сўнг иқтидорга келган Гурбангули Бердимуҳамедов 2008 йил сентябрда ХМни тугатиб, ўрнига маслаҳат органи мақомига эга Яшуллилар Маслаҳатини таъсис этди.

2017 йил октябрда Бердимуҳамедов Халқ Маслаҳатини тиклашни таклиф қилди, 2019 йилда эса Конституцияни ўзгартириб, икки палатали парламентга ўтиш таклифи билан чиқди, натижада ХМ парламентнинг юқори палатасига айлантирилди. Гурбангули Бердимуҳамедов “дунёда иқтисодий ва сиёсий вазият жадал ўзгараётгани” билан асослаган мазкур ислоҳот 2020 йил сентябрда якунланди.

2021 йил март ойида парламентнинг юқори палатасига илк сайлов бўлиб ўтди, унда Бердимуҳамедов эндигина қабул қилинган Конституцияга хилоф ўлароқ аввалига ХМ аъзоси, сўнгра раиси этиб сайланди.

Форум

XS
SM
MD
LG