Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида миллионлаб совет ёшлари қатори ўзбекистонликлар қалбидан ҳам жой олган “Ласковий май” гуруҳи солисти Юрий Шатунов 23 июнь куни 48 ёшида юрак ҳуружидан вафот этди.
Шатунов 13 ёшлигида Оренбургдаги болалар уйида ташкил топган “Ласковий май” поп гуруҳи солисти сифатида танилди.
Унинг арзон синтезатор жўрлигида уч аккорд ва содда қофиядаги қўшиқлари ёзилган кассеталари қисқа вақт ичида Ўзбекистонда ҳам қўлма-қўл бўлди.
1989-1991 йилларда “Ласковий май” концертлари улкан стадионларни тўлдирди.
Ўзбекистонлик таниқли эстрада хонандаси ва композитор Мансур Тошматов ўша пайтда Тошкентда “Юбилейний” саройида “Ласковий май” билан бир саҳнада қўшиқ куйлаган:
“Бир саҳнада чиққанмиз, саксонинчи, тўқсонинчи йилларда улар жуда машҳур эди. Болалар уйидан чиққани учунми, тез халққа манзур бўлди. Ўша пайтда ёш болалар эди, улар билан гаплашганмиз. Қанақа қилиб бирон аъзоси мусиқадан хабари бўлмаган гуруҳнинг бу қадар халқ севгисини қозонгани бизга қизиқ туюлган ўша пайтда”, - дейди Тошматов Озодлик билан суҳбатда.
Қайта қуриш йилларида сиёсатга кирган ва ўша пайтда даврнинг сиёсий жиҳатдан энг фаол қатлами - талаба-ёшлар раҳбари бўлган Ўзбекистоннинг жорий президенти Шавкат Мирзиёев ҳам “Ласковий май” гуруҳининг ашаддий мухлисларидан бўлгани айтилади.
Ўзбекистон президенти билан бирга Тошкент Ирригация ва Мелиорация институтида ўқиган¸ асли бухоролик Нодирбек Саиджонов Озодлик билан суҳбатда бундай деган:
“Беларус қўшиқчиси Владимир Мулявин асос солган Песняри гуруҳи ўша пайтда комсомоллар орасида (1983 йилда) роса машҳур эди. Ўша пайтда институт комсорги бўлиб ишлаган Шавкат Мирзиëев ташкил қилган тадбирларда бу гуруҳнинг “Вологда” деган қўшиғи албатта қўйилар эди. Кейин эса Юрий Шатунов ташкил қилган “Ласковий май” Мирзиëевнинг севимли гуруҳига айланди. Ўшанда Шавкат Миромонович шу гуруҳ концертини Тошкентда ўтказиш истаги битилган талаб билан республика комсомол идорасига ҳам чиққан эди".
2009 йилда Тошкентдаги “Истиқлол” саройида Юрий Шатунов ижодий кечасини ташкил қилиниши Шавкат Мирзиëев туфайли бўлганини эслашади қўшиқчининг ўзбекистонлик мухлислари.
Тошкентлик Евгения Иноятованинг Озодликка айтишича, “Ласковий май”нинг ўзбекча варианти деб кўрилган “Болалар” гуруҳи 1992 йилда Шавкат Мирзиëевнинг паноҳида бўлган.
“Мирзиëев 1992 йилга келиб Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида ишлаган пайтида гуруҳнинг пластинкасини чиқаришга ëрдам берган. Умуман гуруҳнинг илк таркибидаги асосий солист ва продюсер Баҳодир Пўлатовга Шавкат Миромоновичнинг эътибор катта бўлган. Баҳодир Пўлатовнинг прокуратурада ишлайдиган отаси билан Мирзиёевнинг борди- келдиси бўлган. Ўшандан буëн Пўлатовни Мирзиëев қўллаб келади. Шу йил баҳорда Шавкат Мирзиëев Баҳодир Пўлатовни Фарғона вилояти хокимининг янги ўринбосарлигига тайинлагани ҳам бежиз эмас".
“Ласковий май”нинг Тошкентдаги фан-клуби раҳбари Вадим Светляковнинг Озодликка айтишича, Юрий Шатуновнинг ўлими ашулачининг ўзбекистонлик мухлислари учун ҳам катта йўқотиш.
“Ласковий май”ни Юрий Шатуновсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун бу катта йўқотиш. Эртага биз Лисуново кўчасидаги офисимизда унинг хотира тадбирини ўтказамиз. Ўзбекистонда унинг ихлосмандлари кўп. Ҳозир куп нарса гапиролмайман, ҳаммамиз чуқур қайғудамиз”. - дейди Светляков.
Юрий Шатунов 1991 йилда гуруҳни тарк этди ва Германияга кўчиб кетди. Гуруҳ тарқалиб кетгач Шатунов якка хонанда сифатида қўшиқчилик карьерасини давом эттирди, аммо ҳеч қачон олдинги шуҳратига эришгани йўқ.