Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:00

Триллион тонна қор замбараклари денгиз сатҳи кўтарилишининг олдини олишга қодирми?


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ғарбий Антарктидадаги муз қатламлари эриши ортидан денгиз сатҳининг кескин кўтарилиши олдини олиш устида бош қотираётган олимлар триллион тонналаб музни қайтадан қатлам юқорисига отиш ечимини ўртага ташлади.

Антарктида ғарбидаги улкан муз қатлами глобал денгиз сатҳини 6 метрга кўтаришга қодир музлаган сувни ўзида жамлаган.

Денгиз сатҳи атиги бир метрга кўтарилса, 190 миллион одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлади. Уч метрга кўтарилган денгиз сатҳи эса Нью-Йорк, Шанхай ва Токио каби мегашаҳарларга таҳдид солади.

Олимлар Ғарбий Антарктидадаги Пайн ороли ҳамда Туэйц музлиги иссиқлик газлари кўлами озайиш-озаймаслигидан қатъи назар эрий бошлаётганини, ушбу жараённи қайтаришнинг иложи бўлмаслигини айтиб, хавотир изҳор қилишмоқда.

Бу орада Париж келишувига қарамасдан, сайёрани иситувчи газларни чиқаришда давом этар эканмиз, глобал исишни 2 даражага чеклаш ҳалокат олдини олиш учун етарли бўлмаслиги аён бўлиб бормоқда.

Зарраларни фазога чиқариш ёки CО2 газини ер остида тўплаш каби геомуҳандислар таклиф қилган ечимлар кейинги йилларда тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Аммо денгиз сатҳи кўтарилиши олдини олиш муаммосини ўрганаётганлар сони оз.

Потсдам иқлим ўзгариши тадқиқот институти ходимлари чоршанба куни бир ечим таклиф қилишди. Улар таклиф қилаётган ечим эриган музлик остидаги сувни қайтадан музликлар тепасига сочишдан иборатдир.

Science Advances журналида чоп этилган мақола муаллифи физик Андерс Леверманн:

- Биз чиндан бунақа чора кўришни тавсия қилаётганимиз йўқ. Аммо барча физик моделлар Париж иқлим келишувига амал қилсак, яъни ҳароратни 2 даражагача ошишига амал қилсак, денгиз сатҳи 5 метрга ёки ундан ҳам кўп кўтарилишини кўрсатмоқда, - деди.

Леверманн ва унинг ҳамкасблари ўтказган симуляцияларнинг бири қор ёғишини сунъий йўл билан кўпайтириш музликларни сақлаб қолиш имконини беришини кўрсатган.

Музликларни барқарорлаштириш учун 7,4 триллион тонна қор керак бўлади. Бу эса 150 минг гигант авиалайнер вазнига тенгдир.

Бундай амалиётни амалга ошириш учун 12 минг шамол турбинаси энергия билан таъминлайдиган юзлаб қор замбараклари керак бўлади.

Леверманн бу режа шунчаки гипотеза эканлигини, уни муваффақиятли амалга ошириш учун иссиқлик газлари кўламини ҳам озайтириш керак бўлишини айтди.

Ғарбий Антарктида музликларини сақлаб қолиш учун бундан олдин таклиф қилинган геомуҳандислик ечимлари орасида музликка Эйфель минорасига тенг устунларни тиргак қилиш, иссиқ сув оқимига тўсқинлик қилиш учун 100 км узунликдаги бермаларни ўрнатиш каби таклифлар бор.

Леверманн қор замбараклари режаси қачондир чиндан амалга оширилса, бу чора Антарктидага “даҳшатли” таъсир ўтказишини тан олди, аммо денгиз сатҳи ошиши олдини олиш учун кескин чоралар керак бўлишини таъкидлади.

- Шундай экан, ё соҳилларимизда 5 метр баландликдаги ҳимоя воситаларини қурамиз,ёки биз таклиф қилганга ўхшаш телбаларча бир чора кўрамиз, - дея сўзини якунлади олим.

XS
SM
MD
LG